АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИНИНГ ЭНГ ЯХШИ...

АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИНИНГ ЭНГ ЯХШИ МУТАХАССИСЛАРИ АНИҚЛАНДИЛАР

Кейинги йилларда мамлакатимизда бошқа соҳалар каби ахборот-кутубхона соҳасини тараққий эттиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор фикримиз исботидир.
Мазкур қарорга асосан, Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона марказида вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг мутахассислари иштирокида “Ахборот-кутубхона марказининг энг яхши мутахассиси” кўрик-танловининг биринчи босқичи ташкиллаштирилди.
Кўрик-танловнинг асосий мақсади - ахборот-кутубхона мутахассисларининг касбий малакасини ошириш ва ривожлантириш, ахборот-кутубхона мутахассисларининг инновацион фаолияти ва ижодий ташаббусларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, мутахассисларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштириш, кутубхоначи касбининг ижобий имиджини шакллантириш, ахборот-кутубхона марказлари ўртасида ижтимоий ҳамкорлик ва соғлом рақобатни ривожлантиришдан иборат.

Кўрик-танловда вилоят ҳамда 11 та туман, шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг мутахассислари иштирок этишди.
Кўрик-танлов иштирокчиларининг ҳар бири ўз чиқишларида, бир пайтнинг ўзида учта шарт - “Ахборот-кутубхона марказлари фондлари ва уларнинг тараққиёти”, “Ахборот-кутубхона марказларининг ижтимоий фаолияти” ҳамда “Мутолаани ривожлантиришнинг интерфаол шакллари” мавзулари бўйича муаллифлик лойиҳаларини тақдим этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг бир овоздан тасдиқлаган қарорига асосан, “Ахборот-кутубхона марказининг энг яхши мутахассиси” кўрик-танловининг ғолиблари мазкур танловнинг 2-босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар.
Танлов якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова ҳамда Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот – кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов сўзга чиқиб, ғолибларни эришган ютуқлари билан табрикладилар.
Ғолибларга қимматбаҳо совғалар, фахрий ёрлиқлар топширилди.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.