ЯХШИ ВА ЁМОН ГАП БИР ОҒИЗДАН ЧИҚАДИ

ЯХШИ ВА ЁМОН ГАП БИР ОҒИЗДАН ЧИҚАДИ

Буюк Эзопдан сўрашибди: инсонга хос   энг гўзал нарса нима.
У жавоб берибди: Бу унинг сўзи. У барча яраларни тузатиб, инсонни
к
ўкларга олиб чиқиши мумкин… Энг даҳшатлиси нима, деб яна сўрашибди
донишманддан.
Яна сўз.  Негаки, сўз билан инсонни ўлдириш ҳам  мумкин.

Давлатимиз Конституциясида ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Бир оғиз сўз билан айтганда, мазкур муҳим тарихий ҳужжатга асосан инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрланган. Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади.

Сўз эркинлиги, уни тўғри ифодалаш, аввало, катта масъулият. Бизнинг жамиятимизда ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаши, олиши ва уни тарқатиши ҳуқуқига эга. Мамлакатимизда соҳага доир ушбу йўналишда бир нечта меъёрий ҳужжатлар, яъни “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Почта алоқаси тўғрисида”ги, “Радиочастота спектри тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги каби 20 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган.

Ўзбекистонда истиқлолнинг илк кунларидаёқ  жамиятда янги демократик қадриятлар илдиз отишига, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг эрки асосий бойлиги бўлган  ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларининг устуворлиги конституциявий тузумнинг негизини ташкил этади. Давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, ҳокимиятлар тақсимланиши, демократизм, сиёсий ва ғоявий плюрализм, қонунийлик ва ижтимоий адолат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш каби барча тамойиллар инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Мустақилликнинг  тараққиёт йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз кучига, ақл-заковатига, миллий урф-одатлари, анъаналари ва қадриятларига таянган ҳолда кўпгина ютуқларга эришди. Мамлакатимизда таъбир жоиз бўлса, инсон талқинига, унинг қадр-қимматига том маънода ўзбекона, шарқона ёндашилмоқда. Шубҳасиз, Конституция ва қонунларимиз фуқароларимиз онгида инсон, унинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, мустақиллик, эркинлик, масъулият, ўз манфаатларини юрт манфаатлари билан уйғун ҳолда кўриш каби эзгу ғояларни қарор топтиришга хизмат қилади.

Демократик жамиятимизда инсон ҳақ-ҳуқуқлари қаттиқ ҳимоя қилинар экан, шу ўринда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қадрлаш масаласи бир-бирига уйғун равишда боғлиқ эканлигини кўришимиз мумкин. Миллий қонунчилигимизда битта ножўя айтилган сўз, ҳақорат ва туҳмат учун жавобгарлик мавжудлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ўз-ўзидан  сўз масъулияти нақадар чуқур маъно касб этишини англаймиз.  

Бугун ахборот глобаллашуви даврида интернет тармоғидан  фойдаланувчилар сони кундан-кунга кўпаймоқда. Ижтимоий тармоқларда ўз саҳифа ва каналларини очиб, турли фикр ва изоҳларни  жойлаштираётган инсонлар учун ҳам шу давлатнинг фуқароси сифатида ўз сўзига жавобгарлик мавжуд. Оғзига келганини ёзиб, тарқатиш, кимларнидир шаъни ва қадр-қимматини ерга уриш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш  орқали сохта обрў топишга бўлган ҳаракатларга қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.

Сўз кўпайган ерда мантиқсизликлар ҳам ошади, дейишади. Бекорчилик оқибатида бир-бировга худа-бехуда кераксиз сўзлар айтиб бошланади. Бир-бировнинг дилини хира қилиш, аста-секин сўзга ҳаддан ортиқ эрк-ихтиёр бериб юбориш ҳолатлари учрайди. Сўз айтиш эҳтиёжи ҳамиша мавжуд, бунингсиз бўлмайди, аммо ҳар сўзни демакдан инсон ўзини тийиши зарур. Акс ҳолда мураккаб вазиятда тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Шу ўринда ўз даврининг машҳур давлат арбоби, шоир ва таржимон Огаҳий ҳазратларининг ушбу мисраларини келтиришни жоиз топдик: “Билмаган ўз қадрини, не билгучи сўз қадрини”.

Дарҳақиқат, сўзнинг қадрини баланд билган инсон ўзгаларнинг  қадр-қимматини ҳам жойига қўяди. Шарқда халқ дипломатияси деган беназир тушунча бор. Ўзаро ҳурмат ва товезе билан мулоқот,  муносабатларда суҳбатдошнинг дилига йўл топиш бизнинг  халқона ёндошувларимизнинг туб негизини ташкил қилади.

Бизга маълумки, Конституциямиз мазмун ва моҳиятига инсон ҳуқуқлари ғояси чуқур сингдирилган. Унда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда бурчларига  алоҳида  урғу берилган. Қомусимизнинг  25-моддасида “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга” дейилади. Шуни унутмаслик лозимки, инсон қаерда яшамасин, ўша ерда амал қилувчи давлатнинг қонунларига итоат этишга мажбур. Инсоннинг шаъни ва ор-номуси ҳам дахлсиз. Ҳеч ким инсоннинг шахсий ёки оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиши, оилавий сир-асрорларини ошкор қилиши, инсоннинг уй-жой дахлсизлигига тажовуз қилиши мумкин эмас. Инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш қонунга хилоф хатти-ҳаракат ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар учун қонун бўйича тегишли жавобгарликлар бор.
Конституциямизда шаъни ва қадр-қиммати ҳуқуқий институт сифатида акс этган бўлиб, унинг 13-моддаси биринчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият дея эътироф қилинади. Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, аввало, Бош қомусимиз томонидан кафолатланади. Бугунги ахборот глобаллашуви шароитида, ахборий жамият шаклланаётган бир вазиятда, айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан, шахсий ҳаётга аралашишдан эҳтиёт бўлиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўз ўрнида ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовуз ва таҳдидлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиши ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этиш орқали бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.   Қомусимизнинг 26-моддаси иккинчи қисмида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”, дея белгилаб берилган. Ўз навбатида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституциямизда  ўз ифодасини топган юқоридаги қоидалар  Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклорацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги МДҲ конвенцияси ва бошқа халқаро меъёрий ҳужжатларда ўзи аксини топганлигини кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига ғайриқонуний тарзда тажовуз қилиш қонун томонидан туҳмат ва ҳақорат қилиш, деб белгиланган. Маълумки, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатиш БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори) 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Эндиликда  туҳмат жиноятини содир этганлик учун (139-модда, 3-қисм) БҲМнинг 500 бараваригача (111 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримадан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган), ҳақорат қилиш жиноятини содир этганлик учун (140-модда, 3-қисм) БҲМ нинг 600 бараваригача  (133 млн 800 минг сўм) миқдорда жаримадан
1 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланилиши белгиланди. (илгари 1 йилгача  озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган).

Жамиятни демократлаштириш, ҳуқуқий давлат барпо қилиш шароитида ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ушбу манфаатларга тажовуз қилинишига йўл қўймаслик давлат ва унинг органлари фаолиятидаги асосий вазифалардан бири. Инсон шаъни ва қадр-қимматининг жиноий-ҳуқуқий ҳимоясидан ташқари, фуқаролик-ҳуқуқий ҳимояси ҳам назарда тутилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Ваҳоланки, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айнан шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб  олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади. Зеро, фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш суднинг биринчи даражали вазифасидир. Шундай қилиб, шахснинг қонуний манфаатлари ҳамиша ҳимоя қилинади. Шахснинг  қадр-қиммати, шаъни ғояси энг муҳим  нормалардан бири саналади.

Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизда яқинда  Президентни ижтимоий тармоқларда ҳақоратлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди ва бу аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.  Давлатимизда қонунга ушбу ўзгартишнинг киритилиши сўз эркинлигига таҳдид сифатида айрим одамлар томонидан  муносабатлар берилди. Ваҳоланки,  Конституциямизда нафақат Президент ёки бирор давлат хизматчиси, балки ҳар бир инсоннинг  ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, мансабидан қатъий назар, ҳар бир  инсонни ҳақорат  ва унга туҳмат қилганлар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Оғирлаштирувчи ҳолатларда эса ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун  жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Президентни ҳақорат ва унга туҳмат қилганлик учун қонунчилигимизда жиноий жавобгарлик илгари ҳам  мавжуд эди. Янги қонун билан, замон талабига кўра, фақат “телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда" деган ибора қўшимча қилинди. Президентлик Республикаси ҳисобланган  Ўзбекистонда Президент  нуфузи давлат ва халқнинг обрўси  билан чамбарчас боғлиқ. Конституциямиз талабларига асосан Президентлик-Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борадиган шахс ҳисобланади.  Президентнинг шахси эса даҳлсиз. Президент конституциявий мақомга эга.

Жаҳон мамлакатлари тажрибасида, дейлик,  ривожланган демократик давлатларда  ҳам бу борада қатъий жавобгарлик  мавжуд. Жумладан,  Германияда Президентни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 3 ойдан 5 йилгача қамоқ жазоси ва жарима тўлови, Польшада Президентни омма олдида ҳақорат қилганлиги учун 4 йилгача қамоқ жазоси,  Канадада давлат раҳбарига туҳмат қилганлиги ёҳуд шундай мазмундаги постлар ташлагани  учун 14 йилгача, Туркияда Президентни ҳақорат қилганлиги учун 1 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси, Нидерландияда монарх, унинг рафиқаси ва ворисини ҳақорат қилганлиги учун 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Ваҳоланки, бошқа давлатларда бундай амалиётга нормал ҳолат сифатида ёндошилмоқда.

Хулоса шуки, ўзаро бир-бировни ҳурмат қилиш жамият тараққиёти, барқарорлиги, инсоният келажаги, бахт-саодати учун хизмат қилади. Билакс,  ўзаро ҳақорат ва туҳмат мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, маданий-маърифий турмушига, миллий  юксалишига, беқиёс қадриятларимизга салбий таъсирини кўрсатади.

Шунинг учун халқимизда, тилга эътибор-элга эътибор, деган ажойиб нақл бор.Сўз масъулиятини дилдан ҳис қилган инсон  тилга  эрк-ихтиёр бермайди.

            Мақоламизни таниқли шоир Садриддин Бухорийнинг ушбу гўзал мисралари билан якунлашни лозим топдик:

Иллат излаганга-иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга-ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга-ҳикматдир дунё.

 

Дилбар БЕКЧАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.