Болаларда коронавирус аниқланган...

Болаларда коронавирус аниқланган ҳолатларда уй шароитида даволаш мумкинми?

Сўнгги вақтларда болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани, улар вирус ташувчи бўлиб қолишаётгани бот-бот айтилмоқда.  Вируснинг делта штамми болалар орасида кенг тарқалиши оқибатида Зангиота махсус шифохонасига қўшимча равишда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказида ҳам коронавирус билан зарарланган болаларни даволаш учун 250 та ўрин ташкил қилинди.

Коронавирусга чалинган болаларни уй шароитида даволаш мумкинми, уларга қўлланадиган дори-дармонлар нималардан иборат бўлиши керак.? Ушбу саволлар барчани қизиқтирмоқда.

8 кунлик чақалоқда ҳам COVID-19 аниқланган. «Иситмаси чиққан беморимиз 8 кунлик чақалоқ, эрталаб онаси боланинг иситмалаётганини билган ва тез ёрдамга қўнғироқ қилган. Шифокор кўригидан кейин, экпресс тест топширишган, натижа ковид борлигини кўрсатган. Болада 3 кун ичида пневмония аломатлари аниқланмаса, уй шароитида бемалол даволаса бўлади. Фуқаролар бундай ҳолатда қандай йўл тутилишини тушунишга интилаётгани табиий, Мабодо болада касаллик ўпкага  ўтса, стационар шароитда даволаниши шарт.

Болани стационарда ётқизишда бир неча ҳолатга эътибор бериш керак: болада ҳансираш кузатилса; нафас олиши ёмонлашса; сатурацияси тушиб кетса; ҳолсизланиш кузатилса; тана ҳарорати 3 кун давомида 38,5дан баланд бўлса.

Осма укол ва антибиотиклар болага зарар етказади. Стационар даволанишда боланинг ҳолатига қараб турли дорилар ишлатилади. Болада пневмония аниқлангандагина антибиотиклар ишлатилиши тавсия этилади. Лекин уй шароитида мутлақо тавсия қилинмайди. Бундан ташқари, осма уколлар айниқса аҳоли орасида жуда кенг тарқалган, болаларга осма уколлар қилишда жуда эҳтиёткор бўлиш зарур. Чунки болада осма укол туфайли ўпка шишиши тез рўй беради. Шу сабабли уйда болага осма укол қилиш ман этилади. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказида 250дан ортиқ бемор даволаняпти, ҳаммаси тузалиб тез кунда уйига қайтяпти. Шароитлар яратилган ва барча зарур дорилар олиб келинган.

Ўтган йили вирусга чалиниш болаларда кам учраганди, ҳозирги кунда мутацияланган вирусга чалиниш ҳолатлари кўпроқ болаларда кузатилмоқда. Болаларда енгил ўтса ҳам, улар ташувчи бўлиб катталарга юқтириш ҳолати кўп учраяпти.

Болаларда COVID-19ни даволашда анализ диагностикаси ва даволаш бўйича  мутахассислар, академик, профессорлар томонидан тавсияномалар ишлаб чиқилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни республика бўйлаб қўллашни тавсия қилган. Унда бутун дунёда ўрганилган тажрибалар умумлаштириб берилган. Ҳозирги вақтда болаларда касаллик 95-97 фоиз енгил, симптомсиз ва ўрта ҳолатда кечмоқда. Бунда уй шароитида даволаниш ҳам мумкин.

Юқоридаги ҳолатларда яққол белги иситма кўтарилиши ҳисобланади. Бунда 1 ёшгача болаларда 38, бир ёшдан катта болаларда 38,5дан баланд бўлса, иситма туширишга ҳаракат қилинади. Даволаш протоколларимизда уй шароитида даволашда 3тагина дори тавсия этилган. Бу оилавий поликлиникаларга берилган, булар витамин Д, аскорбин кислотаси, цинк препарати. Катталардан фарқли равишда болалар учун ёшига мос дозада бериш керак.

Тавсия этилмайдиган дорилар рўйхатига антибиотиклар киритилган. Баъзи ота-оналар бир-икки кун иситмалаган болага антибиотиклар бериши кузатиляпти. Бу болага фойда ўрнига зиён етказади.

Болаларда иситма кўтарилиб, ковид аломатлари кузатилса биринчи навбатда уни яккалаш керак, яъни изоляцияга олиб уйдаги бошқа инсонлар билан мулоқотини чеклаш лозим. Шунингдек, стационарда даволаниб чиққан болалар ҳам 14 кун давомида бошқалардан алоҳида хонада олиб ўтирилади. Кейинги бажариладиган ишлар ҳар куни боланинг юз-қўлини ювиш, ота-онаси одам кўп тўпланадиган жойларга чиққанда ниқоб тақиши шарт.

Болаларда COVID-19 нинг асоратлари кейинчалик кузатилиши мумкинми? «Албатта, болаларда ҳам ковид асоратлари қолиши мумкин. Бу қандай ҳолларда учрайди: агар бола соғлом туғилиб ва соғлом юрган бўлса-ю, тўсатдан касалликка чалиниб даволаниб чиққан бўлса, бу ҳолда асоратлар қолмайди. Лекин иммун танқислиги бўлган болалар, хроник касаллиги бўлган болалар ва наслий касаллиги бўлган болаларда ковид касаллиги турли асоратлар қолдириши мумкин. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказида барча мутахассислар жамланган, мободо оғир ҳолатдаги беморлар келадиган бўлса, алоҳида ёндашилади ва асоратлар қолмаслигига ҳаракат қилинади. Ҳозиргача адабиётларда олимлар кўрсатган асоратлар учрамади. Бу албатта даволаниш тўғри қилинаётганини кўрсатади.

Барча ота-оналар мурожаат қилиб айтардимки, 95-97 фоиз болаларда ушбу касаллик енгил ва симптомсиз кечмоқда, шунинг учун иситма кўтарилганда ваҳимага тушмасдан, маҳаллий шифокорга мурожаат қилиб маслаҳатлашиш, тавсия қилинган дорилардан ташқари антибиотик ва осма уколларни олмасликни тавсия қиламиз. Агар,  3 кундан сўнг ҳам боланинг иситмаси тушмаса, сатурацияси 93дан кўтарилмаса, стационарга мурожаат қилиш керак бўлади..

Олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова тайёрлади.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.