ХОНҚАДА МЕДИА-ТУР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Июнь 14, 2021
- 548 кўрилди
Хоразм вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Хоразм сув таъминоти” МЧЖ, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Хонқа туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб Хонқа туманида жойлашган Маданий ер маҳалласи аҳолиси учун кунига 50 минг м3 сув етказиб бериш қувватига эга бўлган сув тақсимлаш иншоотида бўлиб, унинг ишлаш жараёнлари билан танишдилар.
Шунингдек, ОАВ вакиллари “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Катта куч маҳалласида бўлишди ва ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли билан маҳалладаги ўзгаришлар юзасидан суҳбатлашишди.
Маълумот ўрнида: 2020 йилнинг ўзида республика бюджетидан 236 млрд.сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, 113 та аҳоли пунктларида 1 653 км узунликдаги ичимлик сув тармоқлари ҳамда 50 та ичимлик сув насос станцияларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган. Шундан 34 та насос станциялари қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Мазкур объектларнинг 14 таси йилдан-йилга ўтувчи объектлар бўлиб, ҳозирда ушбу объектларда қурилиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Режадаги ишлар амалга оширилиши натижасида 2020 йилда аҳолининг марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 61% дан 75,9% га кўтарилди.
Жорий йилда ҳам вилоят аҳолисининг тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича республика бюджети ҳамда Оролбўйи жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 54 та аҳоли пунктларидаги объектларга 155 599,7 млн. сўм маблағ ажратилиб, қурувчи ташкилотлар томонидан 35 та объектда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Журналистлар ва блогерлар ўтказилган медиа-тур давомида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.