Хоразмда пиротехника воситалари савдосининг олди олинди
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Ноябрь 05, 2021
- 475 кўрилди
Юртимизда пиротехника буюмлари муомаласи бўйича самарали давлат назорати ўрнатилиши энг аввало фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда, хусусан уларнинг саломатликлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Ўрнатилган, амалдаги тартибларга мувофиқ, республикада пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялаш жорий этилган.
Аммо, айрим уддабурон фуқаролар қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу нормаларни менсимай, янги йил яқинлашган сайин пиротехника воситаларини республикамизга олиб кириш ва ноқонуний савдоси билан шуғулланиб, мўмай даромад олишга уринишмоқда.
Божхона органлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли равишда кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан олдиндан олинган маълумотларга асосан, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасини олдини олиш мақсадида Урганч туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада, Урганч туманида пиёда ҳолда ҳаракатланиб кетаётган фуқаро С.С тўхтатилиб, унга тегишли бўлган cумка холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Текширув давомида сумкада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 16,8 миллион сўмлик 400 қути, ҳар бир қутида 60 донадан жами 24 000 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозирги кунда мазкур холат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати