КЕКСА АВЛОД ВАКИЛЛАРИГА ҒАМХЎРЛИК...

КЕКСА АВЛОД ВАКИЛЛАРИГА ҒАМХЎРЛИК КЎРСАТИШ, ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ

КЕКСА АВЛОД ВАКИЛЛАРИГА ҒАМХЎРЛИК КЎРСАТИШ, ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ

 

давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш, жамиятимиздаги қатор ижтимоий ва маиший муаммоларни баратараф этишда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланиб бормоқда.

Айниқса, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ҳурмат-эътибор ва меҳр-оқибат кўрсатиш, саломатликларини асраш, турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида сўнгги йилларда давлатимизнинг мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базаси янада такомиллашиб, қатор қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 28 декабрдаги ПҚ-2705-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сон, “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 28 майдаги 340-сон қарорлари ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида” 2017 йил 14 июлдаги
ПҚ-3133-сон қарори асосида жорий йилнинг ўзида 959 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2020 йил 9 июнда қабул қилинган “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида
2 858 нафар “Фахрий мураббий” орденига номзод нуронийлар рўйхати шакллантирилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “1 октябрь – Халқаро кексалар куни”ни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.

Айтиш лозимки, ушбу муҳим чоралар кексаларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий фаоллик кўрсатишда шароит яратиб бериш, маҳалла ва оилалардаги турли масалаларни кенг жамоатчилик, хусусан, кекса авлод вакиллари ҳамкорлигида ҳал этиш имкониятини берди.

Таъкидлаш ўринлики, нуронийларнинг катта ҳаётий тажрибаларидан самарали  фойдаланиш, айниқса, мураккаб оилавий низоларга ечим топиш, жамиятдаги кўплаб ижтимоий ва маиший муаммоларни бартараф этишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтган вақт давомида қатор ишлар олиб борилди.

Жумладан, барча вилоят ва туман (шаҳар)ларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Бувижонлар мактаби” кенгашлари ташкил этилди.  Маҳалларда жойлашган оталар чойхоналари ҳамда туман (шаҳар)ларда жойлашган “Нуронийлар маскани”и ва бошқа турли муассасаларда кексалар ҳамда фахрийлар иштирокида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур тарғибот тадбирлари мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқимиз азалдан оила аталмиш қўрғонни муқаддас атаб, унинг бузилиши натижасида фарзандларнинг ота-она меҳрисиз камолга етишини жамиятнинг энг оғриқли жиҳатларидан бири санаб келади. Унинг олдини олиш ва оилаларда юзага келаётган низо ва зиддиятларни ижобий ҳал этиш мақсадида маҳалла-кўй, айниқса нуроний ва кайвони инсонлар ёрдами беқиёс эканлигини барчамиз яхши англаймиз.

Бугунги кунда ҳам оилавий ажримларнинг олдини олишда халқимизнинг неча асрлик ушбу анъаналаридан самарали фойдаланиб келинмоқда. Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йил давомида ажралиш ёқасига келиб қолган 11 490 та шу каби оиланинг сақлаб қолинишига эришилди. 5 865 та нотинч оилалардаги вазият эса нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари аралашуви билан ижобий тарафга ўзгарди. Албатта, бу каби минглаб оилаларнинг сақлаб қолинишида бизнинг фидойи ва фаол нуронийларимиз, маҳаллалардаги катта ҳурматга эга отахону онахонларнинг хизмати муҳим аҳамият касб этади.

Мавзунинг мантиғий давоми сифатида айтиш лозимки, жорий йилда нуроний отахонлар, онахонлар ва фаол хотин-қизларнинг “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳаётида оиланинг ўрнини янада ошириш” юзасидан Ўзбекистон ёшларига Мурожаати қабул қилинди. Шунингдек, ҳафтанинг шанба куни маҳаллаларда “Аҳил оила куни” деб эълон қилинди. Ушбу муҳим ташаббусларнинг ҳаётга жорий этилиши замирида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш мужассамдир.

Шу ўринда айтиш лозимки, кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётида, миллий урф-одат ва анъаналарни ривожлантиришдаги ижтимоий фаолликларини ошириш мақсадида жорий йилнинг ўзида маҳаллаларда қатор маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Жойлардаги мавжуд “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ва “Бувижонлар мактаби” кенгаши томонидан маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда оилавий ажралишларни олдини олиш мақсадида 13 124 маротаба шу каби маданий тадбирлар бўлиб ўтди.

Ёшларни турли ҳуқуқбузарликлардан қайтариш, профилактик ҳисобда турган 3 274 нафар ёшларни соғлом муҳитга жалб этиш мақсадида шу тоифадаги ёшлар иштирокида 7 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Шу билан бирга кекса авлод вакиллари томонидан 97 нафар авф этилган шахслар ва
5 865 та нотинч оилалар билан мулоқотлар ўтказилди.

Маҳаллаларда маънавий муҳитни янада яхшилашнинг энг самарали тизими сифатида йўлга қўйилган  “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида 36 218 нафар нуроний
198 638 нафар тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ва уюшмаган ёшларга бириктирилди. Айни вақтда мазкур нуронийлар иштирокида ёшлар маънавиятини ошириш, уларнинг ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Бунинг натижаси ўлароқ, маҳаллаларда тарбияси оғир ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайишига эришилди. Шунингдек, уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг янги ва ҳаётий методлари ҳаётга жорий этилмоқда.

Кекса авлод вакилларининг саломатликларини асраш, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз яшовчи нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг шу вақтига қадар 228 минг 564 нафар нуроний бепул чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, 8 678  нафар нуронийнинг санаторийларда соғлиқларини тиклаш ташкил этилди. Шунингдек, 179 минг 240  нафар нуронийнинг юртимиздаги диққатга сазавор турли масканларига саёҳат қилишларига шароит яратилди.

Давлатимизнинг ижтимоий ҳимоялаш дастурлари асосида кекса авлод вакилларининг 1 620 нафарига ногиронлар аравачаси, 1 532 нафарига эшитиш мосламаси, 1 600 нафарига ҳасса (қўлтиқ таёқ), 400 нафарига кўзойнак, 3 005 нафарига эса бошқа реабилитация воситалари берилди.

Шу билан бирга эҳтиёжманд оилаларда яшаётган кексаларнинг хонадонларида ҳашар ўтказилиб, уларга доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари етказиб берилмоқда.

Айни вақтда юртимиз миқёсида бошланган “Кексалар ҳафталиги” доирасида ҳам бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ва кексаларимизнинг ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари тизимли равишда ташкил этиш белгиланган.

“Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг миқёсда ўтказилаётган ушбу ҳафталик давомида юртимиздаги барча маҳаллаларда нуронийлар, шу жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, хайрия тадбирлари, жумладан, нуроний ва ёшлар ўртасида турли  спорт мусобақалари ўтказилади. Жойларда янги қад ростлаётган “Нуронийлар маскани”, “Маҳалла маркази” мажмуалари, фуқаролар йиғини бинолари ҳамда маҳаллалардаги бошқа ижтимоий объектларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтади.

Шунингдек, ҳафталик давомида пенсионер, якка, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилади, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилади. Малакали шифокорлардан ташкил топган “Тиббиёт автобуслари” орқали республикамиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда зарур дори-дармон воситалари билан таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, жорий йилда ўтказилаётган навбатдаги “Кексалар ҳафталиги” маҳаллаларда ижтимоий-маъанавий муҳитни янада яхшилаш, нуронийлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда катта ўрин тутиши шубҳасиз.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.