ТАЪЛИМДА КОМПЕНТЕНЦИЯВИЙ УСЛУБ

ТАЪЛИМДА КОМПЕНТЕНЦИЯВИЙ УСЛУБ

Сўнгги йилларда таълим тизимида янгидан янги қарорлар, фармойишлар қабул қилиниб, ҳаётга кенг татбиқ қилинмоқда. Бу ҳаракатларнинг замирида битта мақсад- ёшларни келажакда ўз касбининг етук мутахассиси қилиб тарбиялаш, билимли, иқтидорли кадрларни етиштиришдан иборат.

Бугунги кунда ёшларни ўқитишнинг янги инновацион, замонавий, узлуксиз профессионал таълим усуллари ташкил қилинаётганлиги муҳим аҳамият касб этяпти. Таълим соҳасига янги тушунчалар киритилмоқда. Болаларни янги компетенциявий шаклда ўқитиш йўлга қўйилмоқда.

Компетенциявий таълим шакли билим, кўникма, малака ва шахсий сифатларнинг умумлашганидир. Бунда ўқувчилар назарий билим билан бир қаторда амалий билимларни ҳам ўзлаштирадилар. Ёшларда бу хусусиятларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812 сонли Фармонига кўра Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълимини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби белгилаб берилган. Профессионал таълим бу - таълим олувчиларда маълум бир мутахассислик ва касблар бўйича касбий компетенцияларни шакллантирадиган ва ривожлантирадиган узлуксиз таълим тизими ҳисобланади. Узлуксиз профессионал таълим жараёнида интерфаол методлар ва ахборот технологияларини қўллаш бўйича миллий дастурлар ишлаб чиқилган. Бу дастурга биноан замонавий таълимда замонавий ўқув қўлланмалар, китоблар, янги ишчи дастурлар ишлаб чиқилди. Бу дастурларга кўра янги таълим тизимида турли хил ўйинлардан, ўқувчининг ақлий ва нутқий фаолиятини ривожлантирадиган топшириқлардан, беллашувлардан фойдаланилади. Бундан мақсад ўқувчининг муаммоли вазиятлардан тез ва осон чиқиб кетишга шароит яратиш. Янги ўқув дарсликларида фақат қоидалар ёки мисол, масалалар эмас, балки ўқувчини ўқишга билим олишга қизиқтирувчи турли ўйинлар расмлар билан тўлдирилган.

Ўқувчилар билан ишлашда қўлланиладиган ушбу услублар Олий таълим муассасаларида таълим олаётган биз каби талабаларга келажак ёш авлодга тўғри таълим беришда катта аҳамият касб қилади.  Бу дарсларда замонавий узлуксиз профессионал таълим жараёни тўғрисида маълумотлар берилади. Шунингдек, дарсларни қандай ўтиш, қайси методикалардан фойдаланиш тўғрилиги, дарс пайтида ўқувчиларга бўладиган муаммоли вазиятлардан тўғри ва оқилона чиқиб кетиш ўргатилади.

Бугунги кунда университетда олган назарий билимларимизни мустаҳкамлаш учун мактабларда амалиёт ўтамоқдамиз. Амалиёт вақтида болалар психологиясини, уларнинг дарс жараёнида ўзларини тутишларини, тажрибали устозларнинг  дарс ўтиш маҳоратларини кузатиб билимларимизни мустаҳкамлаймиз. Ҳозирги кунда Президентимиз амалий ва назарий билимлар тенг олиб борилишини илгари сурмоқда. Назарий олган билимларимизни амалиёт даврида қўллай олиш ҳам катта маҳорат талаб қилади. Шунинг учун етишиб келаётган кадрлар келажакда қийналмаслиги учун талабаларни кўпроқ вақт амалиёт ўтагани юборишмоқда.

Маълумки, юқори синфларда болалар шахс бўлиб жамоа бўлиб шаклланадилар. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур" деб таъкидлаган эди Президентимиз.

Таълим жараёнидаги бу ислоҳотларнинг барчаси келажак ёшлар учун Ватанимизнинг ривожи ва истиқболи учун хизмат қилади. Таълим олаётган ёш педагог кадрларга кенг имкониятлар яратилган. Ўз касбини севиб, етук мутахассис бўламан, деган ёш талабаларга юртимизда барча имкониятлар бор, барча эшиклар очилган. Президентимиз билимли, ҳаракатчан ёшларни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни яратиб бермоқда. Фақат булардан тўғри ва оқилона фойдаланиш керак. Ёшлар ўртасида “Заковат” ўйинларини ташкил қилиш тез ривожланмоқда. Бу эса ёшларда билим олишга, китоб ўқишга иштиёқни кучайтиряпти. Давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, муваффаққиятга эришган ёшларни рағбатлантириш бошқа ёшларга жуда катта мотивация бўлмоқда.

Шундай хулосаларга келиш мумкин: Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Илмни эгаллаб олиш эса санъатдир.

Садоқат ЮЛДАШЕВА,

Урганч давлат университети 3-босқич талабаси

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.