ТИЛИМИЗ СОФЛИГИНИ АСРАЙЛИК...

ТИЛИМИЗ СОФЛИГИНИ АСРАЙЛИК...

Тил-миллат кўзгуси

Мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтиришда 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида” ги Қонуннинг қабул қилиниши катта аҳамият касб этди. Бу билан ҳуқуқий асосда тилимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш, янада бойитиш имкониятлари яратилди.

Бугунги суҳбатимиз Урганч шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси                  Сайёра Самандарова билан  “Давлат тили ҳақида” ги Қонуннинг кундалик  ҳаётимизга самарали тадбиқ қилиниши борасида  амалга оширилаётган  ишлар, тилимизнинг беназир аҳамияти ҳақида бўлди.

- Сайёра Эркиновна, тилимизга давлат тили мақоми берилиши маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, таъбир жоиз бўлса, улкан олий қадрият, шундай эмасми?

- Ҳаммамизга  яхши маълумки, ҳар бир халқнинг, миллатнинг фақат ўзигагина хос бўлган қадриятлари мавжуд. Бу қадриятларни у бошқа ҳеч қаердан тополмайди. Бу- унинг ватани ҳамда тилидир.

Бугун 8 миллиардга яқин дунё аҳолиси 6 мингдан ортиқ тилда гаплашади. Бу тилларнинг бор-йўғи 100 га яқини давлат тили мақомига эга. Улар  орасида давлат тили сифатида ўзбек тилининг ҳам борлиги, албатта, тилимизнинг нуфузини кўрсатади.

Фахр билан айта оламизки, туғилиб ўсган она-юртимиз, ватанимиз қанчалик серқуёш,мафтункор бўлса, тилимиз ҳам шунчалик жозибадор ва гўзалдир. Тилимизда шундай сўз ва иборалар борки, уларни ҳар қандай моҳир таржимон ҳам бошқа бирор бир тилга таржима қила олмайди. Кўп мисол келтиришнинг ҳожати йўқ. Ўзбек ўз боласини қандай эркалашини бир эсланг: айланай, жоним болам, барака топ, илоё униб-ўсгин, жонингдан айланай болам... биз бу сўзларни ҳар куни бир неча бор юрагимиздан чиқариб айтамиз,бироқ бу сўзларнинг таржимасини бирор бир луғатдан топиб кўринг-чи? 

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали анжуманда муҳтарам Президентимиз ҳам “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг алласини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин” деб айтган эдилар. Бу борада Абдулла Авлоний  тилда – миллат руҳи яшайди, дейди.

-Ушбу умуммиллий бойлигимиз-хазинамизни авайлаб-асраш борасида қандай натижадор ишлар амалга оширилмоқда?

-Аёнки, мана шундай, асрлар оша мардонавор курашларда ғолиб бўлиб келаётган тилимиз,албатта, ташқи ёзувларда акс этади. Биз шунинг учун ҳам бугун ёзувларимизнинг, хусусан, кўчалардаги ташқи ёзувларнинг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун талабларига мослигини ўрганиш ва таъминлаш масаласига жуда катта эътибор қаратмоқдамиз.

Ҳозирги  кунда республикамиз бўйлаб ўз фаолиятини олиб бораётган барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вазирлик ва идораларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиларини мен ўзбек тилининг ҳимоячилари, унинг ҳимоясига отланган курашчилар деб атагим келади.

Бугунги глобаллашув жараёнида, ахборот технологиялари тараққиёти даврида тилнинг софлигини сақлаб қолиш, уни миллий бойлик сифатида асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш масаласи жуда муҳим жараёндир.

Бугун шиддат билан ривожланаётган замонда тилимизга турли сўзларнинг шиддат билан кириб келаётгани  ҳам ҳақиқат.

Ушбу вазифага киришганимдан кейин шаҳримиз кўчаларини бир-бир айланиб чиқдим. Тилимизнинг бевосита ифодаси бўлган баъзи ташқи ёзувларимизда учраётган имловий хатоликлар, хорижий тилларда ёзилган ёзувларни кўриб, бу борада қиладиган ишларимиз кўплигига амин бўлдим.

Биз дастлаб  шаҳардаги маҳаллаларда жойлашган барча турдаги объектлар номларининг базасини яратиб олдик. Шунингдек, ишчи гуруҳи тузиб, ташқи ёзувларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослигини ўргандик. Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тадбиркорлик субъектлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди,уларнинг кўпчилигини бугунги кунда бартараф этишга эришдик. Жумладан, биргина марказий кўчада 23 та пешлавҳалар янгиланди. Шаҳардаги бошқа ҳудудларда ҳам бу жараён давом этмоқда. Айни дамда кўчалардаги, бозор ва савдо шохобчаларидаги, шаҳар ва туманлараро йўллардаги  юзга яқин ёзувлар қонун талаблари асосида ўзгартирилди.

Бизнинг фаолиятимизнинг яна бир муҳим йўналиши-географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалаларини мувофиқлаштириб боришдир.

Шаҳримиздаги барча маҳаллалар ва кўчаларнинг номларини Давлат кадастрлар палатаси Урганч шаҳар филиали  билан ҳамкорликда қайта кўриб чиқиб, хатловдан ўтказдик. Маълумки, кейинги йилларда шаҳримизда аҳолининг турмуш шароитини, яшаш даражасини яхшилаш мақсадида ҳукумат дастурлари асосида кўплаб янги турар-жойлар барпо этилди. Ва бунинг натижасида,аёнки, янги кўчалар бунёд бўлди. Шунингдек, хатлов натижасида шаҳримизда 2 та такрорий кўча номлари борлиги аниқланди. Мана шу 15 та янги кўчага ҳамда 2 та такрорий кўчаларга янги ном бериш масаласи ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, “Давергеодезкадастр” Давлат қўмитаси томонидан Экспертизага тақдим қилиниб,хулосалар олинди, Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашининг сессияларида тасдиқланди. Бугунги кунда шаҳримиздаги мавжуд жами 501 та кўчанинг барчаси номланган, такрорий номлар эса мавжуд эмас.

-Марказий кўчаларда, савдо шоҳобчалари, тижорат дўконлари бинолари пештоқларида тил меъёрларига мутлақо зид равишда ёҳуд хорижий тилларда  ёзилган, мазмунан бузиб баён қилинган шиор, турли ёзувларни кўришимиз мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай ишлар қилинмоқда?

Бугунги кунда  шаҳар ҳудудида матбаачилик фаолияти билан шуғулланувчи корхона раҳбарларига реклама ва баннерларни чоп этишда давлат тили қонуни талабларига қатъий риоя қилиниши бўйича шаҳар ҳокимининг махсус хати асосида топшириқлар берилди. Қолаверса улар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Дейлик,  зарур ҳолларда, шу реклама ва баннерлар ёзувларини чоп этмасдан олдин тил меъёрларига мос ва хослигини  кўриб чиқиш амалиёти  қўлланилмоқда. Мисол тариқасида “Мирзо ва Р”, “Руслан Самадов”, “Комплект” хусусий корхоналари, “RIM.uz.” реклама агентлиги билан ҳамкорликдаги ишларимиз ўзининг яхши натижаларини кўрсатмоқда.  Турли реклама маҳсулотларини чоп қилиш ва ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган корхоналарга амалий кўмагимиз натижасида ташқи ва ички рекламаларнинг сифатли чиқишига эришилмоқда.

Албатта, йиллар давомида тўпланиб қолган ва эътибордан қолиб келган бу хатоликларни қисқа вақт ичида бирданига,тўлиқ бартараф этиш ҳам маълум муддатни талаб этади. Буни ҳам тўғри тушунишимиз керак. Аммо, муҳими, бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бу борада олиб борилаётган ишлар албатта ўзининг ижобий самарасини  кўрсатади.

-Шахсан, ушбу лавозимда филология фанлари номзоди, ўзбек тили бўйича етук мутахассис сифатида ҳамшаҳарларга, элдошларингизга нималар дегингиз келади?

Мен фурсатдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликни, тилимиз тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг софлиги учун самимий, юракдан жон куйдирадиган фаолларимизни, ёшларимизни бу борада биз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақираман. Шунингдек, барча идора ва ташкилотлар, корхоналар раҳбарларини, тадбиркорларимизни ташқи ёзувларнинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни талабларига мос ҳолда бўлишига эътибор қаратишларини сўрайман.

Барча элдошларимизга маълумки, айни пайтда давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилини сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда тўлақонли жорий этиш ҳамда фаол қўлланишини рағбатлантиришга қаратилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!”  Республика танлови эълон қилинган. Бугунги кунда ушбу танловга тайёргарлик кўриш ишлари бошлаб юборилди.

Ишонаманки, ўзбек тилимизни бор жозибаси билан асраш, уни миллатимизнинг, халқимизнинг ҳақиқий бойлиги сифатида улуғлаш ва келажак авлодларга етказиш ҳар бир юртдошимизнинг юрак амрига, эзгу ниятига айланади. Негаки тил орқали миллатнинг маънавияти, маданияти, бебаҳо қадриятлари намоён бўлади. Шунинг учун тилимизнинг софлигини асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз. 

         -Мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдираман.

- Сизга ҳам раҳмат, саломат бўлинг.

Дилбар Бекчанова,

журналист.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.