Бир гуруҳ ахборот- кутубхона соҳаси ходимлари “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Май 24, 2021
- 1123 кўрилди
Кейинги йилларда мамлакатимизда бошқа соҳалар каби ахборот-кутубхона соҳасини тараққий эттиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарор фикримиз исботидир.
Ушбу қарор билан мамлакатимизда ахборот-кутубхона тизимини такомиллаштириш, соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари хам кўзда тутилган. Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Central Asia – 2021: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIV Халқаро конференцияси доирасида ахборот-кутубхона соҳаси ривожига, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ҳамда бу йўналишда юқори натижаларга эришган Ўзбекистон Республикаси ахборот–кутубхона соҳаси мутахассисларини “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мукофотланганлар қаторида бир гуруҳ хоразмлик ахборот – кутубхона соҳаси ходимлари ҳам бор.
Бугун Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот – кутубхона марказида “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишонига муносиб кўрилган хоразмлик соҳа ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу кўкрак нишонига сазавор бўлганлар - Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот – кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбонов, Маҳмуд Замахшарий номидаги ахборот – кутубхона маркази ахборот – библиография хизмати раҳбари Дилбар Рўзметова, Гурлан туман ахборот – кутубхона маркази директори Гулнора Каримова ҳамда Хоразм вилояти кўзи ожизлар кутубхонасига қарашли Хива туман кўзи ожизлар кутубхонаси мудири Гурчеҳра Эгамбердиеваларни Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова қизғин қутладилар, кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширдилар.