ХОРАЗМДА “ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” Республика анъанавий кўрик-танловининг вилоят босқичи
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Сентябрь 07, 2020
- 251 кўрилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами муносабати билан “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган “ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” Республика анъанавий кўрик-танловининг Хоразм вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари, вилоят маданият бошқармаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, тасвирий санъат намояндалари, фото ва дизайн усталари, ёшлар иштирок этишди.
Тадбирни ташкилий қўмита раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова очиб берди.
Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановнинг кўрик-танлови ғолибларига табригини вилояти ҳокимлиги етакчи мутахассиси Жаҳонгир Нурметов ўқиб эшиттирди.
Танловнинг номинациялар бўйича ғолибларини Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ражаббой Ражабов, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўткирбек Матқурбонов, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова самимий табрикладилар.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами муносабати билан табриклаб, танловга қўйилган асарларда мамлакатимизнинг ижтимоий- иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган яратувчанлик ишлари, янги Ўзбекистон тараққиёти, замондошларимиз фидойиликлари, жамиятимизда миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги, бетакрор меросимиз, бой тарихимиз, Ватан тақдири, юрт истиқболига даҳлдорлик туйғуси мужассам эканлигини таъкидладилар.
Ташкилий қўмита ҳамда хайъат аъзолари хулосасига кўра “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари” номинацияси бўйича “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида мухбири Севара Рўзметова, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари” номинацияси бўйича Хоразм телерадиокомпанияси муҳаррири Азамат Сафаров, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” номинацияси бўйича шоир ва ёзувчи Худайберган Шомуродов, “Тасвирий санъат, фото дизайн асарлари” номинацияси бўйича “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими фото дизайнери Элбек Мусаевлар ғолиб деб топилиб, компьютер жамланмаси билан тақдирландилар.
Номинациялар бўйича иккинчи ва учинчи даражали диплом соҳибларига, шунингдек, танловнинг рағбатлантирувчи “Энг яхши журналистик материал учун”, “Тасвирий санъат асарлари” учун иштирокчиларига ҳам вилоят ҳокимлигининг диплом ва қиммабаҳо совғалари топширилди. Тадбир сўнггида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Хоразм вилояти бўлими томонидан бошқарма бошлиғи Дилбар Бекчановага "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг аъзолик сертификати берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси