ФОЗИЛ ИНСОН ЭДИЛАР
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Июль 30, 2021
- 879 кўрилди
Таниқли журналист, ёзувчи, шоир ва публицист Фозил Зоҳиднинг оиласи билан ота-онамизнинг яқиндан борди-келдилари бор эди. Раҳматлик отам Зарифбой Бекчанов ижодкорларни жуда-жуда ҳурмат қилардилар. Қизи Раъно Зарипова ва куёви Номоз Саъдуллаев журналист бўлганидан фахрланардилар, доим. Опам ва поччам Хоразмда бўлсалар Фозил ака албатта уйимизга келарди. Оиламизда бу инсоннинг исмлари тез-тез тилга олинган. Мен ўшанда ёш бўлсам-да ўтган воқеаларни яхши эслайман.
Бир куни яқин қариндошларимиздан бири ўғлининг оиласи бузилиб кетиши арафасида эканлигидан куйиниб отамга гапириб қолди. Келини уйига кетиб қолган, қандай қайтаришни билмаётган эди. Отам узоқ ўйланиб турди-да,
-Бир яхши инсон бор, агар рози бўлсанг, у кишини ўртага қўямиз, -дедилар.
-Ким экан у киши?
-Шоир Фозил Зоҳид,-дедилар отам.- Қудангникига уни олиб борамиз.
-Қандай бўларкан, аввал иккаламиз бориб кўрмаймизми? Қудалар оёқ тираб олишган. Ҳозир уларнинг жаҳли буринларининг учида, зинҳор қизимни ўғлингга қўшмайман, деяпти. Бунинг устига биз бир эмас, ўн марталаб бордик. Тағин қайтариб юборишса обрўли бир киши, -деди қариндошимиз ўнғайсизланиб.
-Сен қўрқма, Фозил ака, ўта камтарин одам. Сўзга жуда чечан, ҳозиржавоб. У кишининг ажойиб фазилатлари бор. Ҳамманинг бирдай кўнглини топишга ҳаракат қилади. Китоб кўп ўқийди-да, - деди отам кулиб.
Суҳбатдошлар ўша куни маслаҳатни бир жойга қўйиб, тарқалишди. Уйига кетиб қолган келинни олиб келиш режалари пухта ишлаб чиқилди. Ёш бўлсам-да келиннинг аразлагани сабабларини билишга ҳаракат қилдим. Келин эрига гап қайтаргани ва қаттиқроқ гапиргани учун битта шапалоқ еган экан. Битта шапалоқ учун кетиб қолди, деганларини кўп эшитганман. Қариндошимиз ўғлини ҳечам оқламадилар. Аксинча барча айб ўғлимда, дея афсус чекди. Лекин ғамхўр оталар ёш оилани бузмаслик учун қаттиқ ҳаракат қилишганини ҳозиргидай хотирлайман.
Бу ҳаракатга Фозил ака ҳам жон деб қўшилдилар. Воқеаларни ипидан игнасигача билишга интилганим рост. Қизиққанман-да. Мен кўпроқ келинойини яхши кўрганим учун уни тезроқ уйига қайтишини хоҳлардим. Негаки, қариндошимизнинг келини ёмон қиз эмас эди. Уйлари бизникига яқин бўлгани учун икки яшар ширингина ўғилчасини кўтариб бизникига кўп келган ва у билан хўп гаплашган эдим.
Ҳа, ҳақиқатан Фозил Зоҳид қудаларникига борганида улар келганларни очиқ чеҳра билан кутиб олишган экан. Билишимча, анча баҳслар ҳам бўлган, аммо бу мунозараларда Фозил аканинг донолиги ва фозиллиги қўл келиб, қудалар жаҳл отидан тушган ва қизини куёвга қўш қўллаб бериб юборган эди.
Фозил ака, отам ва қариндошимиз кейинчалик жуда яқин улфатлар бўлиб қолишди. Қуда устозга шеър ўқитиб, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш ниятида тез-тез хонадонига чақирадиган бўлиб қолди. Ёшларни яраштириш баҳонасида катталар ўзаро дўстлик ришталарини янада қаттиқроқ боғлаган эдилар. Ана шундай, дили бир, тили бир инсонлар тез топишади ва бу ришта умрбоқий бўлади. Барча ҳаракатлар яхшилик билан тугади. Ўшанда ҳаммамиз қувонган эдик. Айниқса, яраштиришнинг уддасидан чиқолмаётган оналарнинг хурсандчилиги чеки йўқ эди.
Ёшлигимда Фозил ака аралашиб, бир оила обод бўлганини ана шундай эслайман. Эҳтимол, бу машҳур кишининг обрўси ва мартабаси ортидан яна қанчалар эзгу, хайрли ишлар амалга оширилгандир...
Фозил ака отам билан деярли тенгдош эдилар. Устознинг донишмандлиги ҳақида отамнинг оғизларидан кўп эшитганман.
Яна бир воқеа эсимда. Юқоридўрмон қишлоғида истиқомат қилаётган тоғаларимиздан бири қишлоқда хутор тизими тугатилиб, янги полёлкалар барпо этилаётган пайтда ота ерларидан жой ажратиб беришини илтимос қилиб, раис қабулига кирганида, раис уни ҳақоратлаб, “Сенга бир қарич ҳам ер бермайман, қулоқнинг боласи”, дея тоғамни ранжитган экан. Тўғри, бобом Хажи мойхўрнинг ерлари жуда кенг бўлган, коллективлаштириш пайтида бобомнинг ерлари колхозга ўтказилган. Ўзига эса кичкина бир ер ажратиб берилган. Хуторлар тугатилиб, посёлкалар барпо этилаётган пайти шу кичкина ердан ҳам мосуво қилмоқчи бўлган раиснинг кўзини ёғ боғлаган кўринади, тоғам қисиниб келдилар. Отам дўсти Фозил ака билан бирга ҳуқуқлари поймол бўлган деҳқон тоғамнинг олдига тушиб, раиснинг кўзини очиб қўйишди. Тоғамга ҳамма қатори ер ва жой ўрни ажратилди.
Бу жойлар илгари Хажи мойхўр яшаган ва деҳқончилик қилган ерларга тўғри келади. Кўнгил- каъба экан, тоғам раҳматлик ота ерларида яшашни, томорқада деҳқончилик қилишни юрагига туйган бўлса керак-да. Қолаверса, катта қудуқ ва соя солиб турган 6 туп улкан гужум отадан хотира. Раис эса осонгина ҳал бўладиган ишни пайсалга солиб, ҳақорат қилиб, ҳеч кимни менсимаган эди. Бу вазиятни тўғри баҳолаб, оддий кишиларга ёрдам қўлини чўзгани Фозил акага бўлган меҳримизни янада оширди.
Тоғам оиласи билан бобом барпо этган гужумлар ва унинг ёнида турган қудуқдан баҳраманд бўлиб, узоқ умр кўрдилар. Ҳозир тоғамнинг фарзандлари бобом деҳқончилик қилган ерларда яшаяпмиз, дея ғурурланишади.
Фозил ака ва оиламиз ўртасида ана шунга ўхшаган воқеалар кўп бўлган. У киши ҳамиша атрофидаги одамларга яхшилик қилар, адолатсизлик ҳукм сурган жойда ҳозир бўлиб, эзгуликнинг тантанаси учун астойдил курашардилар.
Ҳамкасблар биргаликда Фозил акани кўришга борганимизда вилоят матбуот ва ахборот бошқармасига янги ўтган пайтларим эди.
-Дилбаржон, қизим шу ерга ишга ўтибди, деганларида жуда ҳурсанд бўлдим. Табриклайман, бу улуғ мартаба. Журналистиканинг машаққатини чеккан инсон ўз касбдошларининг қадрига етади. Зиммангизга улкан масъулият турибди. Сиз унинг уддасидан чиқасиз. Қандай оилада вояга етганингизни яхши биламан. Отангиз билан яқиндан дўст эдик. Сиз эслайсизми, йўқми, -дедилар. Мен устозга ўша келин воқеасини эслатган эдим, хохолаб кулиб юбордилар-да, кечириш- иймондан, дедилар.
Булар ҳақиқатан эслашга лойиқ воқеа. Чунки, ўша келинойимиз бугун “гужумдай соя солиб, узумдайин мева бериб”, фарзандлари, неваралари бағрида умргузоронлик қиляптилар. Фозил ака ўшанда қудаларникига бориб нималар деганини бугун топгандайин бўламан. Кечириш-иймондан, деганлари заминида катта маъно ётибди. Ўшанда ҳаммани кечиримли бўлишга даъват қилган бўлса ажабмас.
Устоз эл ташвиши ва ғами билан яшайдиган фидиоий инсон эдилар. “Биздан эмас” шеърида шоирнинг қалбини янада яхшироқ англаймиз.
Элни деса ким-бизнимдир,
Ўзни деса- биздан эмас.
Бирга еса ким-бизнимдир,
Ёлғиз еса-биздан эмас.
Икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад Соллалоҳу алаҳи васаллам олдига олиб келинган таомни емасдан узоқ кутиб ўтирарканлар. Эшикдан биров кириб келса-ю, овқатни у билан баҳам кўрсам, дея ният қиларканлар. Фозил ака ҳам худди шундай инсон эдилар.
Фозил ака хотираси кучли, самимий ва камтарин бир киши эди. Кейинги пайтларда кўзлари унчалик яхши кўрмай қолган бўлсада овозингиздан дарров таниб, дилдан сўрашарди. Хусин Раҳмон неварасини узатадиган тўйда Фозил ака узоқ дуо қилдилар. Табарруқ ёшга кирган устознинг фотиҳасини олишга ҳаммамиз ошиқдик. Деярлик барчани исми билан айтиб, узоқ сўрашган эдилар ўшанда.
Эъзозли қариш ҳаммамизга насиб қилсин. Устозни фарзандлари, шогирдлари яхши ардоқладилар. Қачон йўқлаб борсак, уйида одам гавжум. Бир борганимизда бизни китобхонасига бошлаб бордилар ва уларни кўрсатиб, бу менинг беназир бойликларим, дедилар. Навоийдан тортиб, Шекспиргача, Чўлпондан тортиб Шайхзодагача, Пушкин, Лермонов, Чеховдан тортиб Горкийгача машҳурларнинг асарлари, шунингдек, турли даврларда чоп қилинган энциклопедик китоблар, газета ва журнал тахламлари жавондан кенг ўрин олган. Бу бадавлат инсонга ҳавасимиз келди. Унинг мол-дунёсининг чеки йўқ эди...
Ҳаёлимдан фикрлар ўтади. Устоз ана шу дурдоналарни мутолаа қилиб, эл-юрт олдида ҳурматга, улуғ бир мартабага эришдилар. Зеро, адабиёт инсон қалбини тарбиялар экан, Фозил Зоҳиднинг шахсий кутубхонаси бугун ёшларимиз учун бебаҳо хазина сифатида хизмат қилиши зарур. Лозим бўлса, ўқувчи-ёшларнинг ташрифларини уюштириш орқали устознинг бизга қолдирган олтин меросидан баҳраманд бўлиш ҳам фарз, ҳам қарз.
Фозил Зоҳиднинг умри давомида тўплаган китобларига қараб, Ҳазрати Жомийнинг ушбу мисраларини эслайман.
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлғай у ғамли замонда.
Устозга узоқ ва самарали ҳаётида ошно бўлган бойликлари- китоблари қанчалик дўст ва ғамхўр бўлганлигини, обрў ҳамда юксак мартаба келтирганини англайман.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси
ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар
агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи