Дугонам - Палванова Наргиза Мировнанинг...

Дугонам - Палванова Наргиза Мировнанинг бобоси Полвон НАЗАРИЙ хотирасига бағишланади.

Полвон ёшлигидан билимга, илмга чанқоқлиги боис дастлаб мактабни муваффақиятли тугатди. Сўнгра Хива қишлоқ хўжалик техникумини, кейин ўқитувчиларни тайёрлаш рус тили курсларини битказди.
1941 йил Урганч Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлади. Институтни тугатиб, “Шовот ҳақиқати” газетасида маьсул котиби бўлиб ишлади. Кейинчалик Шовот район ижроия қўмитасининг масъул котиби бўлди.
Ўз ишига пухта, билимга ташна, янгиликларга интилувчан йигитнинг қобилиятига муносиб баҳо берилди. Катта ишонч билан Хитой қишлоғидаги мактабга директор қилиб тайинлашди.
1941 йили июнь ойида уруш бошланди. Йигитлар Ватан ҳимоясига отландилар. Аёвсиз уруш дастлабки кунлардаёқ кўпгина оилаларнинг ёстиғини қуритди. 1942 йили Полвонни ҳам Шовот харбий комиссариятига чақиришди. Аввал Урганч тумани Қоровул қишлоғида, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида ҳарбий тайёргарликдан ўтди. 1943 йилда урушга Фронтга жўнатилди.
Полвон турмуш ўртоғи Пашшажонни, 5 яшар ўғли Мир ва 3 ойлик қизи Дилбарни қишлоқда онасига қолдириб, урушга отланди. Жангдаги жасорати, етакчилик қобилияти боис дастлаб сержант, кейин капитан ҳарбий унвонларига эга бўлди.
1944 йил онасига машъум хабар етиб келди. Қора хатда бедарак йўқолгани ҳақида ёзилганди... Онаизор қабри ҳам бўлмаган фарзанди учун чуқур қайғуга ботди. Пошшахон эрини умид билан кутди...
Полвоннинг фарзанди Мир Назарий ота касбини давом эттирди. Тақдирни қаранг, бундан деярлик ўн йил бурун- 1994 йилда Тошкентда нашр қилинган "Память" номли китоб ўғилнинг қўлига тушиб қолди. Унда отасининг дафн қилган мамлакати ва жойи ёзилган эди. Фарзанд ва неваралар учун бу кутилмаган хабар бўлди. Шу пайтгача ном нишонсиз, бедарак йўқолган деб ҳисобланган Полвон Назарий ҳақида ҳеч қаерда маьлумот берилмаган эди. Унинг қаҳрамонлик номи тикланганидан ўғил ва невараларнинг боши осмонга етди. Улар жасоратли бобосининг қабри аниқланганидан, номи зарҳал харфлар билан ёзилганидан хурсанд бўлишди.
Хотира китобида шундай сўзлар ёзилган: “Место захоронения Литовская ССР, Вильнусская область, уезд Алитусс, деревня Патаранс, захоронение номер 29. НАЗАРИ ПОЛВОН, 1913 ГОД, КОМАНДИР 169 ГВАРДЕЙСКОГО ПОЛКА, ГЕРОИЧЕСКИ ПОГИБ”.
Полвон Назарийнинг фарзандлари учун бу хабар юксак фахр туйғуси эди. 31 ёшида урушга кетиб, полкка командирлик қилган. Икки йиллик жанггоҳларда полки билан шиддатли жангларни бошдан кечирган.
Фронтдан юборилган расмлар ва хатлар ҳамон сақлаб келинмоқда. Оиласига ёзган сўнгги хатларида насиҳатли сўзлар, шеърлар битилган эди. Қаҳрамоннинг изи обод. Фарзандлари бобосини эслаб, фотиҳага қўл кўтарадилар.
33 ёшида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Полвон Назарий хотираси нафақат фарзандлари, балки ҳар биримизнинг қалбимизда мангу яшайди. Бугунги тинч ва осойишта юрт учун, бахтли ва гўзал турмуш учун жон фидо қилган қаҳрамонлар ёди ҳеч қачон ўчмайди. Аллоҳим, жангларда Ватан учун қурбон бўлганларнинг жойларини жаннатдан қилсин...

                                                                                                                                                                 Д.Бекчанова,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.