КОРРУПЦИЯСИЗ КЕЛАЖАК САРИ
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Сентябрь 10, 2020
- 510 кўрилди
Бугунги кунда давлатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёнида турли соҳаларда содир этилаётган коррупцион кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар мамлакатнинг жадал суръатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишига жиддий таҳдид солувчи хавф-хатарлардан бири деб кўрилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни
таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотларнинг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
Бу борада, Хоразм вилояти божхона бошкармаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, уларда ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига биринчи навбатда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича доимий равишда профилактик ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида шахсий таркиб билан 27 маротаба профилактика тадбирлари ўтказилди. Мазкур профилактик тадбирлар давомида бошқарманинг 11 нафар ходими билан якка тартибда тарбиявий-профилактик суҳбатлар олиб борилди.
Шу билан бирга, бошқармада соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш мақсадида, ходимларнинг оила-аъзолари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, 87 нафар ёш ходимларнинг оила-аъзолари билан яшаш хонадонларида учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар якунига кўра юртимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, Ватан манфаатларини ҳимоя қилишга қодир, алоҳида намуна кўрсатаётиб келаётган 2 нафар ёш ходимга Урганч шаҳрида қад кўтарган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кўп квартирали уйларини сотиб олиши учун, янги шинам, барча қулайликларга эга бўлган узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида берилган кўп қаватли янги уй-жойлар топширилди.
Шунингдек, 2020 йил ўтган даври мобайнида бошқарманинг тегишли бўлим ходимлари томонидан вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан 62 маротаба соҳага оид янгиликлар тўғрисида маълумотларни тақдим қилиш ҳамда уларнинг божхона соҳаси йўналишидаги муаммоларини ўрганиш мақсадида, бошқарма ҳамда ҳудудларда учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувлар давомида бошқарма ходимлари фаолиятида коррупцияни олдини олиш самарадорлигини мониторинг қилиш йўналишида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда фуқаролар ўртасида 2 маротаба аноним сўровномалар олиб борилди.
Мухтасар айтганда, ўзимизга хулоса қилишимиз, келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз биргаликда курашишимиз зарур!
Давлат божхона хизмати органлари хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масала юзасидан Давлат божхона қўмитасининг “11-08” қисқа рақамли “Ишонч телефон”га куннинг исталган вақтида мурожаат этиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими