18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Ноябрь 18, 2020
- 443 кўрилди
Дунёда биронта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга Давлат байроғидек танита олмайди.
1991 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган “Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир”, деб белгиланган.
Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Бугун нафақат мамлакатимиз, балки хорижий мамлакатларда, халқаро ташкилотларда ҳам давлатимиз байроғининг муносиб ўрини бор. Қонуннинг 3-моддасида ҳам айни шу норма, яъни халқаро муносабатларда Давлат байроғи Ўзбекистоннинг тимсоли сифатида хизмат қилиши белгилаб қўйилган.
Қонуннинг 5 - моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини доимий равишда расмий давлат ташкилотлари, органлари биноларида, мажлислар залларида, расмий давлат бошқаруви раҳбарлари хизмат хоналарида кўтарилиб қўйилиши тартиби белгиланди.
Шунингдек, байрам кунларида, сайлов ва референдум ўтказиладиган жойларда, маҳаллий ҳокимликлар қарорлари билан кўчаларда, байрам-томоша майдонларида, спорт тадбирлари ўтадиган жойларда кўтарилиши лозим. Таъкидлаш жоизки, Давлат байроғини кўтаришнинг барча ҳолатлари эмас, балки қонунда унинг мажбурий кўтарилиши лозим бўлган тартиблари белгиланди.
Шунингдек, қонунда мажбурий тарзда кўтарилиши лозимлиги санаб ўтилмаган ҳолатлардан ташқари ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, унга нисбатан ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкин.
Қонуннинг 51 - моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири қандай ҳолатларда ва қаерларга туширилиши белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига;
қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига;
Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.
Давлат байроғининг элементлари, тасвирини тижорат мақсадларини кўзлаган ҳолда товарларга ўрнатиш, нодавлат, нотижорат ташкилотларининг реквизитларига жойлаштириш мумкин эмаслиги қонуннинг 52 -моддасида ўз ифодасини топган.
Қонуннинг 13 - моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шартлиги, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.
Сардор АИТБАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси