ҲАЁТ ҲАРАКАТ ДЕМАК

Мамлакатимизда инсон саломатлиги, жисмоний баркамоллиги, соғлом турмуш кечиришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йилга  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши ҳам мана шу эътибор самарасидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги асосан у кечирадиган турмуш тарзига боғлиқ. Кейинги йилларда қулайликлар кўлами тобора ортиб бораётганлиги натижасида  ҳаракатларимиз чегараланмоқда. Айниқса, шаҳарларда. Машинада юрамиз,  кўп ишларимизни телефон ёрдамида бажарамиз, ҳатто харидимизни уйдан чиқмай амалга ошириш имконияти пайдо бўлган.  Булар ўз навбатида бизни дангаса қилиб қўймоқда. Турли хасталикларнинг ғалабасини осонлаштирмоқда. Семириб кетишимизга сабаб бўлмоқда.  Бундан ташқари, кейинги йилларда кашандалик ва спиртли ичимликларга ружу қўйганлар сони кўпаймоқда. Овқатланиш рационимиз буткул ўзгармоқда. Таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори юқори бўлган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли кўпайди.

Нима қилиш керак? Албатта, бундай шароитда соғлом турмуш тарзининг қарор топиши, жумладан, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади.  Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси  томонидан аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар уюштирилмоқда. Юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ўлим ҳолатларининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2016 йилда дунё бўйича 40 миллион ўлим ҳолати юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз берган бўлиб, бу барча ўлимнинг 70 фоизини ташкил этади. Ўлим ҳолатларининг анчагина қисми (дунё бўйича барча ўлимнинг 27 фоизи, юқумли бўлмаган касалликларнинг эса 38 фоизи) барвақт, яъни 30 ёшдан 70 ёшгача рўй берган. Ачинарлиси, келгусида дунёда бу касалликлардан вафот этганлар сонининг янада кўпайиши кутилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, соғлом турмуш тарзи риоя этилса, 80 фоиз юрак- қон томир, қандли диабетнинг 2 тури ва 40 фоиз ўсма касалликларининг олдини олиш мумкин экан.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш имконини берди. Мазкур Фармон ижроси юзасидан  Хоразм вилоятида ҳам  кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

  Кўпчиликка спорт билан шуғулланишни тавсия қилганимизда, вақти йўқлигини баҳона қилади.  Аслида спорт кишининг вақтини ўғирламайди, аксинча узайтиради. Саломатлигини мустаҳкамлаб, иш унумдорлигини оширишининг ўзи бунинг яққол далилидир.

 Спорт туфайли бедаво хасталиклардан шифо топган, йирик жароҳатлари тузалган инсонларни кўп кўрганман. Аксинча, носоғлом турмуш  кечириш оқибатида  соғлиғидан айрилганларни ҳам. Шундай экан, ҳар биримиз кунни жисмоний машқлар билан бошлашни, ҳар куни 5000 қадам пиёда юришни одатга айлантиришимиз керак.

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки,  нафақат жисмоний, балки қалбан,ақлан, фикран соғлом болани тарбиялаб вояга етказиш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Зеро, маънавий соғлом болагина ота-онага,оилага,жамиятга,юртга таянч ва суянч бўлади.

Шу ўринда тиббиёт ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзининг қуйидаги қоидаларига амал қилиш тавсия этилади:

  • мунтазам равишда жисмоний тарбия ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиш. Хафтада организмга камида 6 соат жисмоний юклама бериш;
  • кучли ақлий меҳнатдан сўнг фаол дам олиш. Меҳнат билан дам олишни галмагал ва мазмунли ташкил қилиш;
  • рационал ва таркиб жиҳатдан тенглаштирилган овқатланиш, ортиқча вазндан қутилиш, ҳайвон ёғлари, қанд ва ширинликларни истеъмол қилишини чегаралаш;
  • зарарли одатлардан юз ўгириш;
  • организмни чиниқтириш;
  • тоза  ҳавода ҳар куни камида 2-3 соат бўлиш;
  • кун тартибига қатъий амал қилиш, бир кеча-кундузда камида 8 соат ухлаш;
  • эҳтиёж туғилганда турмуш тарзини ва ишини ўзгартириш;
  • турмуш, ўқиш ва ишдан қаноатланиб яшаш.

Биз барча юртдошларимиздан шифокорлар тавсияларига амал қилишни ва соғлом турмуш кечиришга одатланишни сўраймиз.

 

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва
жисмоний фаоллигини ошириш маркази Хоразм вилоят
худудий бўлими бошлиғи С.Б.Каримова

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.