АОКАда ноширлар билан давра суҳбати...

АОКАда ноширлар билан давра суҳбати ташкил этилди

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ноширлик соҳасига оид долзарб масалалар ечимига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Агентлик директори Асаджон Ходжаев, директор ўринбосари Ғайрат Бозоров, агентлик мутахассислари  ҳамда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган нашриётлар раҳбарлари, муҳаррирлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.  

АОКА раҳбари ноширлик соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар, хусусан, соҳада маркетингни ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жалб этиш орқали кенгроқ аудиторияга эга бўлиш, китоблар рекламасини кучайтириш, контрафакт маҳсулотлари бозорга кириб келишининг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Давра суҳбатида сўз олган ноширлар пандемия туфайли оғир аҳволга келиб қолган нашриётлар фаолиятини тиклаб олиши учун соҳага солиқ имтиёзларини жорий этиш ва қатор енгилликлар бериш, китоб дўконлари сонини ошириш, китобларни ўқувчиларга етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирдилар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Шу билан бирга, ноширлар томонидан тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, нашриёт-матбаа корхоналарини ҳуқуқий ва услубий қўллаб қувватлаш ҳамда бу соҳада халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида жамоат ташкилотларини ривожлантириш ва ўзини ўзи бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш бўйича мулоҳазалар, таклифлар баён этилди.

Айни пайтда республикада соҳа иштирокчиларини боғлаб турувчи замонавий электрон платформа мавжуд эмаслиги қайд этиб ўтилди. Шунга кўра, махсус онлайн платформани яратиш ва у орқали QR-код тизимини кенг жорий қилиш асосида  нашриётлар томонидан чоп этилаётган барча турдаги  нашрларнинг ягона электрон базасини шакллантириш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.

Тадбир сўнгида билдирилган таклифлар асосида ноширлик соҳасини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқишга келишиб олинди. 

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.