АЁЛ ҚАЛБИДА- КЕЛАЖАК РИШТАЛАРИ...

АЁЛ ҚАЛБИДА- КЕЛАЖАК РИШТАЛАРИ...

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли соғлигини асраш  бу бир-бирини тўлдирувчи-бирини биридан айро тушириш мумкин бўлмаган олий қадриятлардир. Шу маънода, хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири  эканлиги –Мурожаатномада айтилган сўзлар, келтирилган рақамлар ва ўртага ташланган таклифларда яна бир карра намоён бўлди.

      Президентимиз таъкидладиларки: “Биз мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим”. Бу сўзларнинг исботини бутун жаҳонни забтига олган пандемия шароитида ҳар биримиз ўз тақдиримиздан кечирдик. Эҳтиёжманд, вақтинча ишсиз, кўп болалик аёлларнинг маҳаллалар кесимида алоҳида “аёллар дафтари”га киритилиши ва уларга бандлигини таъминлаш, ўз бизнесини йўлга қўйиш, шунингдек моддий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилгани қисқа фурсатларда ўз самарасини берганига гувоҳ бўлдик. Кўринмас ёв балосидан ўзга давлатларга нисбатан кам талофат билан чиққанимиз замирида ҳам ана шу савоб амаллар ётибди, албатта!

     Яна мамнуният билан қайд қилиш ўринлики, эркаклар ва аёллар тенглиги-гендер муносабатлари борасида сўнги йилларда каттагина силжишларга эришдик. Бугун раҳбарлар ва депутатлар орасида хотин-қизларимиз салмоқли ўринга эгалар. Мухтасаргина мисол келтирсам: вилоятда чоп қилинаётган даврий нашрлар бош муҳаррирлари орасида аёлларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам анчагина. Ва яна аёлларимиз бош муҳаррир бўлган даврий нашрларда хотин-қизлар муаммолари, уларнинг орзу-истаклари акс этган мақолаларга кўплаб кўзингиз тушиши мумкин. Демак, таҳририятга ийманибгина келган аёл бош муҳаррир ўзи каби аёл киши эканлигини кўргач, ўзини ўртага дардларни айтган, фикрларини бемалол ўртага ташлаган.

      Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизларни  ҳар томонлама қўллашни назарда тутувчи омил–Республика хотин-қизлар кенгаши тузиш таклифини ўртага ташладилар. Кенгаш нодавлат ёки бошқа кўринишида бўлишидан қатъий назар, аёлларимиз қалбига, уларнинг муаммоларига ечим топишда энг зарур, ишонч билан айтиш жоизки, бирламчи тизилма бўлади.

    Оддийгина  бошқарувнинг энг қуйи тизими ҳисобланмиш маҳаллани олиб кўрайлик. Рўзғорида бирорта етишмовчилик ёки оилавий низо чиққанидан арз қилиб келадиган аёл ўз дардини тушунадиган, тўғри қабул қиладиган –бир сўз билан айтганда дардкаш ва ҳасраткаш бўладиган инсонни – аёл раҳбарни излайди. Миллатимизга хос бўлган бу қадрият, яъни хотин-қизларимизнинг ҳаёли, иболилиги шунга мажбурлайди. Қолаверса, рўзғордаги маҳрам гапларни дуч келган одамга “дастурхон қилиш” бизга ётдир!

          Республика хотин-қизлар кенгаши ва албатта кенгашнинг жойлардаги тизилмалари мавжуд муаммоларни энг қуйида ҳар бир хонадонда ўрганиш, таҳлил қилиш, имкон қадар ечимини топиш, муаммолар ечими юқори ташкилотлар ваколатида бўлса, бу масалани тегишли тартибда масъуллар олдига қўя олиш имконига эга бўладилар. Бу эса нуфуз жиҳатдан кўпчиликни ташкил қилувчи хотин-қизларимизнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари, ислоҳотларнинг янги босқичида фаол иштироклари бўлишлари учун мустаҳкам замин яратади.

         Президентимиз ўртага ташлаган таклиф яқин кунларда амалиётга айланади, албатта! Янги тизилманинг самарасини узоқ кутишимизга тўғри келмайди, шубҳасиз.

        Ҳар қандай маъмурий тизилма, аввало, моддий заминга эга бўлиши керак! Шу маънода Президентимизнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жамғармаларни янги ташкил қилинадиган кенгаш ихтиёрига ўтказиш ҳақдаги таклифлари жуда ўринли бўлди. Иқтисодий жиҳатдан бақувват, ўз маблағларига эга кенгаш бошқа ташкилотларга қарам бўлмайди ва кўпгина масалаларга мустақил ечим топа олади. Айниқса, қишлоқ жойларда мавжуд муаммолар ечими –бир рўзғор мисолида бўлса ҳам кўпинча маблағга боғлиқ бўлиб қолаётганига кўпинча гувоҳ бўламиз.

    Алоҳида айтмоқчи бўлганим, кенгашнинг куйи тизилмаларини шакллантиришда ҳаётий тажрибага эга, ўз оиласи ва меҳнат фаолияти билан кўпларга ибрат бўлган ва бўлаётган фаол ва фидоий хотин-қизларимизни танлашимиз –уларга ишонч билдиришимиз керак! Балки, кенгаш аъзоларини танлов асосида шакллантириш керакдир. Бу тамойил ҳуқуқий-демократик принципларга мос тушади.

     Шунингдек, кенгашлар қошида “Лидер ва раҳбар аёллар” клубини ташкил қилиш орқали иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш имкони яралади. Хотин-қизларимизга касб-ҳунар ўргатиш орқали уларни муқим иш билан таъминлаш мақсадида кенгашлар қошида “Касб-ҳунар марказлари” очиш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.

    Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири сифатида оилада фарзанд тарбияси жараёни, соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш,  қизлар тарбиясида миллий қадрият ва гўзал урф-одатлар муҳимлиги борасида тарғибот тадбирларини тизимли олиб бориш ёш авлод тарбиясида катта самара беради.

         Айни пайтда ишда ва оилада хотин-қизларга паст назар билан қараш каби муносабатларнинг олдини олиш борасида қонунчиликда белгиланган талабларни қайта кўриб чиқиш ҳам керак бўлади.

        Янги тизилма-Хотин-қизлар кенгаши олдида ана шундай ўта муҳим вазифалар турибди.

        Аёл-яратувчи зот! У эртанги кунимиз-Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, нуфузини белгилайдиган ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтирган ва келтиради.

       Шундай фидоий хотин-қизларимизни қанчалик эъзозласак, уларни қўллаб-қувватласак, жамиятда ўз ўрнини топишида моддий ва маънавий кўмакдош бўла олсак –пировард мақсадларга эришамиз!

Дилбар БЕКЧАНОВА,
        Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.