ИЖОДКОРЛАР КИТОБХОНЛАР ҲУЗУРИДА

ИЖОДКОРЛАР КИТОБХОНЛАР ҲУЗУРИДА

Китобхонлик ҳафталиги доирасида Тошкент Тиббиёт академияси Урганч филиали академик лицейида “Шеърият кечаси” ўтказилди. “Шеърият кечаси”да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Болтабой Бекматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали мухбири Жозиба – Шукуржон Жабборова, шоирлар Раҳимбой Отабоев ва Маматсолай Хўжаевлар иштирок қилдилар.

Кеча аввалида академик лицей ўқувчилари ўзларининг китобхонлик даражасини намойиш қилиб, мумтоз адабиётимиз, шунингдек, замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг асарларидан ёд ўқидилар, саҳна кўринишлари ижро этдилар.
Шундан сўнг навбат ижодкорларга берилди. Айни кунларда табаррук 60 ёшини қаршилаётган шовотлик ижодкор, педагог-шоир Раҳимбой Отабоев ҳаёти ва ижоди ҳақида ТТВ телеканали ижодкорлари томонидан тайёрланган “Шеърий лаҳзалар” кўрсатуви намойиш қилинди. Китобхонларнинг олқишлари остида Р.Отабоев минбарга чиқиб, ўз шеърларидан ўқиди. Уюшма аъзоси Жозибанинг шоира Ҳ.Худойбердиева ижодидан ва ўз ижодидан ўқиган шеърлари ўқувчи ёшларда катта таассурот уйғотди. Хивалик шоир М.Хўжаев ўзининг янги ёзган “Жалолиддин Мангуберди” балладасини ўқиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.

“Шеърият кечаси”ни бўлими бош мутахассиси Болтабой Бекматов бошқариб борди ва тадбирни юксак савияда тайёрлаган академик лицейнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Феруза Абдуллаевага, унинг ёш шогирдларига ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилади. Кеча якунида “Шеърият кечаси”да фаол қатнашган бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар академик лицей маъмурияти томонидан “Фахрий ёрлиқ” лар билан тақдирландилар.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.