Коррупцияга қарши курашиш – муҳим...

Коррупцияга қарши курашиш – муҳим вазифа

Коррупция ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш, уларнинг профилактикаси, қонунга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатга жазонинг муқаррар эканлигини барчамиз яхши биламиз.

Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтаришда энг аввало – коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ва унга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши зарур.

2020 йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 53-бандига кўра, Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб, коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш ва бошқалар белгиланган.

Жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантиришдан келиб чиқиб, бошқарма томонидан ўтган давр мобайнида “Коррупция ва жиноятчилик жирканч ҳодиса”, “Коррупция-тараққиёт кушандаси”,  вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан “Коррупция бу нима?” мавзуларида буклетлар тайёрланди ҳамда жами 500 нусхада тизимдаги  идора ва ташкилотларга тарқатилди. Мазкур буклетларнинг электрон нусхалари  веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.

Бошқарма ташаббуси билан ўтган даврда тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши кураш ҳар биримизнинг вазифамиз”, “Коррупция-тараққиёт кушандаси”, “Коррупция ва жиноятчилик”, “Коррупция ўзи нима?”, “Товар бозорларида шаффофлик ва самарадорликни таъминлашда биржа механизмининг тутган ўрни ва аҳамияти” каби мавзуларда семинар, давра суҳбатлари ўтказилди.

Ўтган давр мобайнида коррупция қарши курашиш бўйича ОАВда беш юздан ортиқ кўрсатув, эшиттириш ва видеороликлар, юздан ортиқ мақолалар ёритилди.

Мунтазам эфирга узатилаётган роликларда коррупция ва унинг Давлат ва жамият ривожига тўсқинлиги, раҳбар кадрлар карьерасига, оилавий бахтли ҳаётга нуқта қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади. Коррупцияга йўл қўйганлар албатта қонунчиликка асосан катъий жазога тортилиши муқаррарлиги таъкидланади.

Наврўз Сапарбаев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти  бошқармаси бош мутахассиси

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.