МАЪНАВИЯТГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА...

МАЪНАВИЯТГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР!

Биламизки, бугун биз глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари шиддат билан кечаётган ахборотлашган жамиятида яшамоқдамиз. Албатта, ушбу давр кенг имкониятларга эга бўлиши билан бир қаторда ўзига хос ҳавф-ҳатар ва тахдидлардан ҳам ҳоли эмас. 
Маълумки, Ватанимиз тарихи ўзининг узоқ йиллик ва бежирим тарихи билан жаҳон тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Хусусан, ушбу юрт тарихининг уч минг йилликка бориб тақалиши ва унинг бевосита тарихий исботи ҳисобланган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”нинг азим Хоразм диёрида яратилганини фикримиз исботи бўла олади. Ушбу китоб нафақат диний китоб, балки тарихий ҳамда ўша давр аждодларимизнинг ижтимоий-иқтисодий, шунингдек, маънавий-маърифий ҳаёти тўла акс этган қомусий асар десак адашмаган бўламиз.
Бундан ташқари, илк ренессанс даври айнан Шарқда, яъни Ўрта Осиёда IX-XII асрда юз берди. Бунинг натижасида бу ерда кўплаган қомусий олимлар етишиб чиқди. Жумладан, ушбу юртда туғилиб ўсган Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ибн Сино, Имом Ал-Бухорий, Маҳмуд Аз-Замахшарий каби олимлар дунё тамаддунига ва илм-маърифатига беназир хисса қўшдилар. Улар яратган илмий мерос нафақат ушбу давр учун бебаҳо маънавий мерос, балки бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бой илмий-маънавий мерос сифатида бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этиб келинмоқда. 
Бундан ташқари, юқорида номи тилга олинган олимларнинг етишиб чиқишида хизмат қилган ўз даврининг машҳур дорилфунуни ҳисобланган Маъмун академиясининг ташкил этилиши бу юртда маънавий-маърифий масалалар азал-азалдан сиёсат даражасига кўтарилганидан далолат беради.
Шулардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 19 январь куни муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз “агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият эканлиги”, шу жиҳатдан янги Ўзбекистонни қуришда мустаҳкам иккита асосий устунга таянишимиз, яъни биринчиси бозор иқтисодиётига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. 
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда бу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди. 
Президентимиз мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясини таъкидлаб ўтди: Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган, – деди давлатимиз раҳбари.
Аждодларимизнинг бой маънавий-маърифий меросини асраб-авайлаш, уни янадда мустаҳкамлаш ва келгуси авлодга етказиш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири саналади.

Наврўз Сапарбаев,
 Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.