Навоийни ёд этиб...
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Ноябрь 18, 2020
- 625 кўрилди
“INFOLIB-2020” IX Миллий ахборот-кутубхона онлайн ҳафталиги доирасидаги дастурлар режасидан ўрин олган мазкур назм, наво ва наср кечаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг катта мажлислар залида ўтказилди ва республиканинг барча вилоятлари қатори Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона марказида ҳам ушбу кечага ZOOM дастури орқали уланилди.
Кечада воҳанинг таниқли ёзувчи ва шоирлари билан бирга ижод гулшанига эндигина қадам қўяётган иқтидорли ёшлар ҳам иштирок этдилар. Тадбирда таниқли олимлар, ўқитувчи-профессорлар, республикада машҳур ижодкорлар буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди тўғрисида кенг ва батафсил тўхталиб, қизиқарли маълумотларни келтириб ўтдилар.
Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактаби ўқитувчиси, таниқли олима Мадина Матёқубова ҳам мазкур онлайн кечада ўзининг “Алишер Навоий -миллий ифтихоримиз” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди. Мазкур ижод мактабининг иқтидорли ва талантли ўқувчи қизлари эса Навоий ижодига бағишланган мушоирада фаол иштирок этиб, кеча иштирокчиларининг қизғин олқишларига сазовор бўлдилар.
Шунингдек, мазкур кеча давомида воҳанинг кўпчиликка яхши таниш ижодкори Ойбек Тилло қаламига мансуб “Раис бува” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.Тақдимотда китоб қаҳрамони Қўшкўпир туманининг Ҳайробод қишлоғида истиқомат қилаётган, узоқ йиллар вилоятнинг ҳамда Қўшкўпир туманининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ўзининг самарали ва муносиб ҳиссасини қўшган фидоий инсон Юсуфбой ота Қутлимурадов ҳам иштирок этди. Тақдимотда китоб қаҳрамонининг ибратли ҳаёти ва босиб ўтган салмоқли умр йўллари ҳақида унинг элдошлари, ижодкорлар ёшларга гапириб бердилар.