Она тилим фахрим

#Ona_tilim_faxrim

XI асрнинг машҳур олими, тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” (“Туркий сўзлар девони”),  XI асрга мансуб бўлган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”) асарларида ўзбек тилидаги қадимий ва унутилаётган, кам ишлатиладиган сўзларнинг изоҳи:

1. XI асрнинг машҳур олими, тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” (“Туркий сўзлар девони”) асари:

ортўк – парда, ўртук.

аштал – кенжа.

отрўм – сурги дори.

ахшам – кеч ; оқшом ; кунботар вақти.

азрiм – эгар остига икки тарафдан қўйилган жазлиқ.

ўзрўм – ҳар нарсанинг танлангани, яхшиси.

эрдам – одоб, ахлоқ, тарбия.

ўстам – камар, тўқа ва эгарнинг бошига ўрнатиш учун олтин-кумушдан ишланган зийнат.

эмгак – эмгак, меҳнат, машаққат.

орғақ – ўроқ.

 

2. XI асрга мансуб бўлган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”) асари, ўша давр адабий тилидан шаҳодат берувчи ягона намунадир.

Юсуф Хос Ҳожиб дунё ишларининг барчасидан огоҳ бўлишга, бунинг учун билим ва заковат эгаси бўлишга чақиради. Билим ва заковат тенги йўқ улуғ ва қадрли нарса эканини, киши шулар туфайли ғафлатдан уйғонишини, барча орзу – тилакларига, улуғликка эришишини, рўшнолик топиб, дунё ишларидан хабардор бўлишини уқтиради, билимсиз киши мисоли бир хаста дейди ва уни ўз дардини даволашга, яъни билим ва заковат ўрганишга ундайди:

Ўқуш ул юлатег қарангқу туни,

Билиг ул яруқлуғ, ярутти сани.

Ўқушқа турур бу ағирлиқ, этик,

Ўқушсиз киши бир авучча йеник.

Билигни бедуг бил, уқушни улуғ,

Бу икки дедутур удурмиш қулуғ,

Ўқушлуғ уқар ул, билиглик билир,

Билигли, уқуғли тилакка тегир.

Билигсиз киши барча иглик болур,

Игиг эмламаса киши тарк ўлур.

Юри эй билигсиз, игингни ўта,

Билигсиз ўтун сан, э билга қута.

Ўқуш қайда бўлса улуғлуқ бўлур,

Билиг кимда бўлса бедуглук алур.

Билигсиз қарағу турур белгулуг,

Юри эй билигсиз, билиг ал улуғ.

Қамуғ эзгулуклар билиг асғи ул,

Билиг бирла бўлди масал кўкка йўл.

 Мазмуни:

Уқувдир чироғдек қоронғи туни,

Билимдир ёруғлик, ёритгай сени.

Уқув қадру қиммат учундир кафил,

Уқувсиз киши бир ҳовучча енгил.

 

Билимни буюк бил, уқувни чуқур,

Бу иккиси бирла киши улғаюр.

Уқувли уқар ҳам билимли билар,

Билимли, уқувли тилакка етар.

Билимсиз киши барча дардли бўлар,

Бу дардга даво қилмаса, у ўлар.

Кел эй нодон, изла бу дардга даво,

Билимсиз тубандир, қадрли – доно.

Уқув қайда бўлса, улуғлик бўлар,

Билим кимда бўлса, буюклик олар.

Билимсиз кишилар бўлар кўр мисол.

Билимсиз, билимдан келиб ҳисса ол.

Ҳамма хайрли ишлар билим нафидур,

Билим ҳатто осмон сари йўл очур. 

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.