РАҲБАРЛАРГА МУРОЖААТ:
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Ноябрь 19, 2020
- 488 кўрилди
РАҲБАРМИСИЗ?
ЖУРНАЛИСТ ЁКИ БЛОГЕР БИЛАН ЮЗМА- ЮЗ КЕЛИШДАН "ҚЎРҚМАНГ".
Бугун баъзи ҳокимлар, идора ва ташкилот раҳбарлари журналист ёки блогерлар билан рўбаро келишдан, саволлар бериб қолса, қандай жавоб қайтаришдан қўрқишади ёки ғазабланишади.
Бугунги масалаларни яхши тушунган, ўз соҳасининг билимдони, муаммолар ечимини топишда ташаббускор, фидойи, энг муҳими- ҳалол ва виждонли раҳбар ҳеч нимадан қўрқмаслиги зарур, жумладан, хатолардан ҳам. Уни тузатиш мумкин. Ахир, "Хатолар ақл беради", дейишади-ку.
Давлат ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида сессиялар ишларига ОАВ лари, блогерлар иштирокини таъмилаш жараёнларида ёҳуд матбуот анжуманларида бунинг яққол гувоҳи бўлдик.
Айрим ҳокимлар сессияларда бизни ҳеч ким безовта билмаса-ю деган фикрга ҳам боришди...
Ошкоралик, очиқлик, сўз эркинлиги таъминланган жамиятимизда ижтимоий тармоқлар орқали ҳар кун юзлаб танқидий материаллар, кенг муҳокама қилинаётган мавзуларга дуч келамиз.
Айрим ҳокимлар ҳудудларда муаммолар кўпайиб кетишига қисман ўзлари сабаб бўлмоқдалар, десак ўринли. Масала борми, муаммолар мавжудми? Ундан кўз юмиб бўлмайди. Яхшиси камчиликларни тан олиб, уларни бартараф этиш ҳаракатлари ҳақида, истиқболдаги режалар тўғрисида гапириш керак. Аҳолига вазиятни, шарт-шароитни аниқ рақамларда, оширмасдан, бўрттирмасдан тушунтириб берган маъқул.
ОАВ ни, блогерни алдаш, халқни алдаш билан баробар. Негаки, улар аҳоли ва маҳаллий ҳокимият орасидаги кўприк. Соҳа ходимлари бугунги реал ҳаётни, кундалик турмушимизнинг икир-чикирларини, мавжуд иллатларни кўпчилигимиздан яхши тушунадиган бўлиб қолишган. Журналистлар инсонларнинг дарди, ташвиши, орзу, умидларини ўрганиш жараёнларида масалага чуқур ёндошишади, таҳлил билан хулосалар қилишга ўрганишган.
Келинг, инсонларни тушунишга ҳаракат қилайлик. Зеро, танқидсиз бир-бировни англаб бўлмайди. Камчиликларимиз бор. Улар эртага бизга зарар етказмаслиги учун уни ўз вақтида бартараф этайлик.
Ваҳоланки, ҳақиқат танқид билан тирикдир. Ҳақиқат айтилганда тўсиқ бўлмаса, жамият ривожланади. Камчиликларни тан олиш, тўғри талқин қилиш ва тузатиш орқали аксинча юксакликка эришилади.
Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан ҳар қадамда аҳолининг кам таъминланган қисми, аёллар, болалар тақдири ҳақида, бахтли, саодатли ва тинч яшашлари учун янги-янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун тирикчиликда қийналиб, қайғуга ботган кишиларнинг ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилиняпти. Зеро, бировларга қилинган яхшилик энг катта савобдир.
Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналарида "Одамларнинг яхшиси-одамларга фойдалироғидир", дейилган.
Демак, сизни беҳудага раҳбар қилишмаган. Одамларга бешак фойдангиз тегиши учун, ишонишган. Ишончни оқлаш қўлингиздан келади. Аксинча, ОАВ лари, блогерлар билан яқиндан алоқада бўлинг. Бугун айнан уларнинг бевосита аралашувлари билан кўп муаммолар ўз ечимини топмоқда...
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Респуб инниликаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.