СЎЗИНГИЗГА ХАРИДОР БОРМИ?

СЎЗИНГИЗГА ХАРИДОР БОРМИ?

Журналист-жамиятнинг илғор кишиси. Бу гапни журналистика факультетида ўқиб юрган кезларимиз устозларимиз бот-бот эслатиб ўтишарди. Дарҳақиқат, илғор киши сифатида халқ олдида сўз айтиб билиш, эл-юрт фикру ўйини ифодалаш, ҳақиқатни объектив тарзда ёритиш албатта журналистдан юксак маҳорат, изланиш ва ўрганишни талаб қилади. 

       Ҳамкасбларимиз “журналист бўлиб ишлаш осон эмас”, деган иборани кўп такрорлашади. Тўғри, бироқ қайси касб машаққатсиз? Шифокорми, педагогми ё қурувчилик касбими, барининг ҳам ўзига хос қийинчиликлари бор. Турли касбларнинг ўзига хос заҳматлари олдида масъулият, деган тушунча мавжуд. Шу боис газетанинг навбатдаги сонларидан бирига масъул киши бўлиб ишлаган журналист албатта ўз касбининг меҳнатини чуқур англайди. Табиийки, журналист томонидан айтилган сўз учун масъуллик муҳим аҳамият касб этади.

        Ахборот асрида оммавий ахборот воситаларига янгича муносабат шаклланди. Муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан миллий матбуотимиз ўтган давр мобайнида жаҳон ахборот майдонида ўз нуфузига, мавқеига эга бўлди. Республикамизда оммавий ахборот воситаларининг мустақил, эмин-эркин фаолияти учун барча шароит ва имкониятлар яратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

        Оммавий ахборот воситалари аҳолининг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишда, фуқароларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшадиган ҳиссасини янада юксалтиришда, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан авайлаб-асраб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши билан одамлар фикр ва ўйларини, жамиятда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга муносабатларини эркин ва мустақил ифодалай оладиган минбарга айланди.

       Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида мамлакатда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятининг нақадар муҳимлигига   алоҳида тўхталди. Айниқса, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш масалаларига доир таклиф ва мулоҳазаларида бугун оммавий ахборот воситалари олдида катта ва кенг қамровли вазифалар турганлигини яна бир бор таъкидлади.

      “Журналист кўпчиликка ёқмайди, лекин менга улар ёқади”, – дея алоҳида таъкидлади Президентимиз. Бугун медиа маконда журналистлар, блогерларнинг роли ва нуфузи ошганлигига, сўз эркинлигини таъминлашда уларнинг ролига юқори баҳо берилди.

       Мамлакатимизда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериши билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини янада яхшилаш имкониятларини яратди. Ахборот олувчи, хоҳ у жисмоний ёхуд юридик шахс бўлсин, ахборотларни белгиланган тартибда монеликсиз олиш ва тарқатиш имкониятлари вужудга келди. Мазкур қонуннинг асосий принципларида тақдим этилаётган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, ошкоралиги ва шаффофлиги, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги белгилаб берилган. Ушбу қонун мазмун-моҳияти билан оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар фаолияти учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур Қонун орқали оммавий ахборот воситалари ва ҳокимият органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатлари тўғри ва аниқ белгилаб берилди. Айтиш мумкинки, мазкур Қонун оммавий ахборот воситалари фаолиятида янги бир босқични бошлади.

        Президентимиз томонидан ўртага кўйилган вазифалар мамлакатимиз  ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Унда оммавий ахборот воситаларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш асослари, очиқ демократик жамият барпо этиш истиқболлари, фуқаролик жамияти қуришдаги устувор вазифалар, йўналишлар белгилаб берилган. Айниқса, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий қилиш, шунинг билан бирга оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кафолатлаш масалалари чуқур таҳлил қилиб берилди.

       Кейинги уч йил ичида соҳага доир бир қанча қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганлиги оммавий ахборот воситаларини янада либераллаштириш, сўз эркинлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этди. Бу эса соҳа ходимлари – журналистларнинг жамият олдидаги бурчларини янада теран ҳис қилишга, замон билан ҳамнафас бўлиб, воқеаларни холис ва тўғри таҳлил қилган ҳолда ёритишга ундаяпти.

       Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, бугун оммавий ахборот воситалари фаолиятида тизимли равишда бозор механизмлари шаклланмоқда. Буни энг аввало ўзаро ижобий рақобатда кўрамиз. Бозор сиёсати оммавий  ахборот воситалари фаолиятига ҳам таъсир кўрсатаётгани ҳақиқат. Бироқ минглаб газетхонларни ўзига жалб қилиш асосида албатта бизнинг бебаҳо миллий урф-одатларимиз, гўзал анъаналаримиз ўз ифодасини топишини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак.

       Мамлакатимизда соҳа ривожига қаратилган сиёсат оммавий ахборот воситаларини самарали ривожлантириш, уни фуқаролик жамиятининг муҳим бир институти сифатидаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, фуқароларнинг сўз эркинлиги, эркин ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлашга, конституциявий манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз концепцияда илгари сурган мақсад ва вазифалар, қатор масалалар ечим топаётгани оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Журналистлар олдида ана шу белгиланган дастурларни, қонун ва қарорлар ижроси таъминланишини кенг ва атрофлича, холисона ёритиш  вазифалари турибди.

        Бугун биронта кунимизни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Инсоният ҳамиша ахборотлар ва янгиликларга ташна. оммавий ахборот воситалари эса кучли ғоявий қурол. Унинг таъсири ядро қуролидан ҳам кучли эканлигини кўп марта эътироф этамиз. Бу айни ҳақиқат. Шунинг учун баъзи бир кимсалар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, фуқароларимизни тўғри йўлдан адаштиришларига имкон яратиб бермаслигимиз зарур.

       Айниқса, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этишда оммавий ахборот воситаларида фикрлар хилма-хиллигини ривожлантиришга ижтимоий сиёсий талаб ортиб бормоқда. Матбуот ва сўз эркинлигини, умуминсоний демократик қадриятларни қонунийлик асосида таъминлаш давр талаби.

       “Даракчи”, “Сўғдиёна”, “Бекажон” сингари газеталарнинг киоскаларда талаш бўлиб кетиши сизу бизга сир эмас. Нега бугун  газетхон олди-қочди, енгил-елпи ахборотларнинг асири бўлиб қолди? Айниқса ёшлар. Юқоридаги газеталарда шов-шувли воқеалар чиқиб қолса, дўстлари билан ўртоқлашиб қолишади. Нега расмий нашрлар ҳисобланган бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз, тан олиш керак,  уларга улоқни бериб қўймоқда? Назаримизда бу масаланинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб кўриш вақти етди.

       Расмий нашрларга қизиқиш сусайишининг биринчи сабаби – биз ўқувчини қизиқтира олмаяпмиз. Нима сабабдан бугун даврий нашрларимиз иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.  Газеталаримизнинг нуфузи тушиб кетишининг боиси не?  “Хоразм ҳақиқати”да ишлаган пайтимизда устозларимиз газетанинг ҳар бир сонида мавқени ушлаб турадиган бирон мақола, очерк, фельетон, лавҳа ва шу кабилар бўлиши керак, деган талабларни ўртага қўйишлари табиий эди. Бугунги кунда ҳам таҳририятларимиз ижодкорлари ана шу “олтин қоида”га амал қилишса фойдадан холи бўлмайди. 

       Бугун газеталаримизда фикрлар хилма-хиллиги, жанрлар ранг-баранглигига янада эътибор бериш, айрим мавжуд муаммолар ечимига қаратилган таҳлилий мақолалар эълон қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ўқувчи кўзи билан қарайлик. Очерк,  фельетон, лавҳа, репортажлар кўринмай қолди. Журналистларимиз бу жанрларда ёзишни унутиб кўйишдими? Ахир “оммавий ахборот воситалари халқ фикру ўйининг ифодаси, виждони, демократик тамойилларнинг тарғиботчиси, эзгу ва хайрли ишларнинг жарчиси” дея кўп марталаб гапирамизку?!

       Тўғри, танқид ҳеч кимга ёқмайди ва уни газетага олиб чиқиш журналистдан катта меҳнат, тажриба, чуқур масъулият, изланиш ва ўрганишни талаб қилади. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда “Журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Давлат журналистга ахборотни эркин олиш ва тарқатишни кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишда унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди”. “Журналистнинг журналистик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирон-бир маълумотни талаб этиш таъкиқланади”, дейилади.

       Шунингдек, ушбу қонунда журналист дахлсизлиги ҳақида “Танқидий материаллар эълон қилингани учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди”, дейилган. Журналистик фаолиятимиз кафолатланар экан, газеталаримиз ўртасида ўзаро рақобат кучаётган бир пайтда бирон чуқур ўрганилган, таҳлилий ёки танқидий мақолалар тайёрлаш таҳририятлар нуфузини оширишга олиб келади, деган фикрга тўғри ёндошмоқ керак.                       

       Бир сўз билан айтганда, журналистик бурчи, ҳуқуқи ва мажбуриятларини қалбан ҳис қилган ижодкор халқнинг ҳурматига, олқиш ва эътиборига сазовор бўлади. Бунга шубҳа йўқ. Конституциямизнинг 67-моддасида “Оммавий ахборот воситалари эркиндирлар ва қонунга  мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”, деб белгилаб берилган. Цензуранинг таъкиқланиши матбуотга таъзйиқ ўтказилишининг олдини олади. Журналистга ўз фикри, мулоҳазалари ва таҳлилларини эркин ифода қилиш имконини яратади.  Бироқ цензура йўқлиги материаллар учун мухбирнинг масъулият ва жавобгарлиги йўқлигини билдирмайди. Аксинча, тарқатилаётган ҳар бир ахборот таҳлилий маълумоти тўғри, ишончли бўлиши керак. Шу боис ҳар хил ғоя, мафкураларга хизмат қилишга қаратилган нотўғри шов-шувларга йўл қўйиб, оммавий ахборот воситасининг обрўсини, сунъий равишда имиджини оширишга ҳаракат қилиш бизнинг мафкурамизга асло тўғри келмайди.

       Оммавий ахборот воситалари майдонида рақобат кучайган ва ҳар бир таҳририят янгича ишлаш, буткул янгича услубият йўналишда кўпроқ аудиторияни жалб этиш мақсади билан ижодий ёндашаётган  бир пайтда,  эски қолиплардан воз кечиб, янгича қарашлар ва ёндошувлар билан ижод қилмоғи лозим. Ҳатто газетани саҳифалаш ва рукнларни жойлаштириш, материалларнинг ранг-баранг кўринишларини яратиш масаласида ҳам бугун янгича ёндошувлар, талаблар мавжуд.

       Бугун таҳририятлар ҳаётида  муассис ва таҳририят ўртасида тузилган ўзаро келишув шартномаларига қандай амал қилиняпти, деган саволни бергимиз келади. Газета муассиснинг минбари, айтар сўзи ва унинг энг яқин тарғиботчиси саналади. Муассисларнинг ўз нашрларига бўлган муносабатлари қандай? Муассис ўз нашрининг тақдирига бефарқ бўлмаслиги керак, акс ҳолда газета таъсис этишнинг нима кераги бор, деган ўринли саволлар берилиши табиий.

       Давр янгича ижодий ёндошувни талаб килаётган бир пайтда, баъзи бир таҳририятлар араванинг ортидан судралиб, базўр кун кўришлари сабабларини чуқур ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. Газетанинг ўқишлиги ва оммабоплигини таъминлашда  энг аввало таҳририят ижодий жамоасининг, қолаверса муҳаррир масъулияти, ташаббуси муҳим аҳамиятга эга.

       Шу ўринда Қайковуснинг машҳур “Қобуснома”сида  келтирилган “Сўзингга харидор борми” деган фикрини эслатиб ўтмоқчиман. Қарангки, бу ҳақиқат бугун ҳам ўз кучини йўқотмаган. Таъбир жоиз бўлса, сўз журналистнинг маҳсулоти. Сўз айтавериш мумкин, бироқ маҳсулотингизга харидор борми? Буни чуқур ўйлаш пайти келди. Харидор эса талабчан, бугун у хоҳлаган оммавий ахборот воситаси орқали ўзига зурур маълумотларни, ахборотларни  олиш имкониятига эга.                                                   

                 Дилбар БЕКЧАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Хоразм вилояти  бошқармаси бошлиғи

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.