Сўз қадри

            Буюк Эзопдан сўрашибди: инсонга хос   энг гўзал нарса нима. У жавоб берибди: Бу унинг сўзи. У барча яраларни тузатиб, инсонни кўкларга олиб чиқиши мумкин… Энг даҳшатлиси нима, деб яна сўрашибди донишманддан. Яна сўз.  Негаки, сўз билан инсонни ўлдириш ҳам  мумкин.

Банкларда: “Мижоз биз учун эмас,

 биз мижоз учун ишлаймиз”, деган пурмаъно фикр битилган шиорларга, ёзувларга  кўзингиз тушади.  Банк  фаолиятида ушбу фикр таъбир жоиз бўлса, анъанавий  шиорга айланган.  Демак, ҳар бир банк ходими  ана шу талаблардан келиб чиқиб, меҳнат қилиши керак. Бироқ амалда-чи? Нима бўляпти?

            Айрим ходимларнинг  мижозлар билан ўта қўпол гаплашиши, саволларига жавоб ҳам бермасдан куттириб қўйиши ёки куттира-куттира “эртага келинг”, дея қайтариб юборишини қандай тушуниш мумкин? Ваҳоланки, мижоз банк учун даромад келтириш манбаи эмасми?  

            Мижоз ҳеч нима йўқотмайди,  бу аниқ,  аммо банк кўп нарсани йўқотади. Бу тайин. Мижознинг  банк танлаш имконияти бор. Банкдан кўнгли тўлмагач, албатта бошқасига қараб кетавериши мумкин. Бироқ банк ходими ўз “рисқи” ни пайҳон қилаётганини наҳотки тушунмаса...

Банк раҳбари-чи? У ўз ходимининг хулқ-атфоридан нега бехабар ёки билса-да индамайди?   Мижозлар билан ишлаш, улар билан хушмуомалаликни йўлга қўйиш, касб этикаси борасида ким бош қотиради?  Банк ходимининг оёғи ердан узилганми?

Саволлар жуда кўп. Жавоб тополмайсиз, баъзан. Тадбиркорларимизга қолса “Алоқа банк”, “Ипотека банк”, “Микрокредитбанк”,  “Ҳамкорбанк”, “Агробанк” ва ҳоказолар орасидан биттасини танлайди-қўяди. Биз мана шу банкда ана шундай ҳолатларга рўбаро келиш мумкин, деган фикрдан йироқда туриб, уларни “тафтиш” қилишни мижозларнинг ўзига қўйиб берайлик, нима дейсиз?

Тадбиркор бўлиш осонми?

           Бугун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган  инсонлар  жуда кўп. Агар рақамларга эътибор берадиган бўлсак, вилоятда  пандемия шароитида  тадбиркорлик фаолиятини  мингдан ортиқ киши тўхтатди. Яшаш, меҳнат яна давом этади.  Бугун ҳаёт яна изга тушяпти. Айниқса, ёшлар орасида тадбиркорликни  касб қилаётганлар жуда  кўплиги кишини қувонтиради.

          Ҳа, тадбиркорлик беназир касб.  Ахир  яхши тадбиркор, ўзини, оиласини, юртни боқади, қолаверса, жамият тараққиётига улкан ҳисса қўшади. Аммо  бу касбнинг ҳам ўзига хос қийинчиликлари, ғам-ташвишлари, қувонч ва йўқотишлари бўлади. Ана шундай таваккалчиликка асосланган соҳада албатта кўп нарса ҳақида ўйлаб кўриш керак бўлади. Пухта ўйлаб килинган иш, сабр-тоқат билан кутилган натижа, мижозлар ва ҳамкорлар билан самимий муносабат, лавзи ҳалоллик тадбиркорликнинг муҳим шартларидан бири.

          Мутахассисларнинг таъкидлашларича, яхши сўз, дўстона муносабат, камтаринлик сифатига эга бўлган кишининг  бизнеси риожланади. Яхши сўзнинг қиймати даромаднинг   85 фоизидан ортиғини ташкил этаркан. Демак,  мижоз биз учун эмас, биз мижоз учун ишлашимиз керак. Бу ибора нафақат банк фаолиятида, балки барча-барча соҳаларга тааллуқли десак янглишмаймиз. Ҳар қандай инсонни тушунишга ва унинг шахсиятини ерга урмасликка ҳаракат қилмоқ керак. Чунки, бизнинг сўзимиз- бу бизнинг бизнесимиз, аниқроғи -ҳаётимиз.  Огаҳий ҳазратлари таъкидлаганларидек, “Билмаган ўз қадрини, не билгучи сўз қадрини”.

          Кийим-кечак бозорида ҳам ҳар хил тадбиркорлар бор. Манман, такаббур сотувчи, харидорга қўпол гапира кетди. “Шунча кийим кўрдингиз, сиз ўзи олмоқчимисиз, ёки томошага  келдингизми? Ярим соатдан бери тўртта куйлакни кийдингиз, бу ер сизга аммангизнинг уйими?” деди. Мижоз ҳам жуда сокин, нозиктаъб киши эканми, ҳечам тутоқмасдан, “Кўнглимга ёққанини оламан, пул меники, хоҳласам оламан, хоҳламасам йўқ” деди-да бир қайрилиб чиқиб кетди. Аниқки, бундан кейин у бу дўконга ҳечам кирмайди. Хўш, сотувчи нимага эришди? Табиийки, мижозни йўқотди. Орамизда ана шундай ўз рисқи- насибасини қўпол муомаласи ортидан йўққа чиқараётган кишилар бор.

 Аёлга муносабат- инсонга муносабат

     Ҳадиси шарифларда, аёлини эъзозлаган юрт гуллаб-яшнайди, хор қилганлар эса фалокатга учрайди, дейилган. Аёлини ҳурмат қилганларни  Аллоҳ ўзи ёрлақалади. Ҳикматларда “Аёлга шаҳват билан эмас, шавқат билан қаранг” дейилган. Биз шарқона урф-одатлар, яъни аёлларга меҳр-муҳаббат, мурувват, шафқат кўзи билан муносабатда булиш кераклигини кўп марталаб тарғиб қиламиз. Ҳатто, оилада болалик пайтимизда ҳам қиз болани ҳурмат қил, ўғлим, қиз боланинг кўнглини оғритма, сингари сўзларни кўп гапиришган.

          Яқинда танишим Зулфияхон 42 ёшида оламдан ўтди. 3 нафар фарзанди ортидан дод йиғлаб қолаверди. Зулфия бир неча идораларда фаррош бўлиб ишлар ва бўш пайтлари катта йўл бўйига чиқиб, майда-чуйдалар сотиб кун кўрарди. Ароқхўр эр эса топган-тутганини маишатдан орттирмасди. Жўжабирдек фарзандларини машаққатли меҳнат қилиб боқарди.  Йўл ёқасидан ўта туриб, Зулфиядан у-бу нарса сотиб олардим. Бир кун “Зулфия, савдоингизга барака” десам, кўзидаги ёшни тутиб тураолмай йиғлаб юборди. Юзига қарамаган эканман. Иккала кўзи  қонталаш бўлиб кетган экан.  “Йиқилдингизми”,  деб сўрадим. Онасининг йиғлаётганини кўриб, ёнида ўтирган 5 яшар  қизчаси ҳам кўз ёш қилди. Зулфияни юпатдим. У бор гапни оқизмай гапириб берди. Бу аёлдан беш йилдан бери нарса сотиб оламан. Унинг доимо сўлғин чеҳрасини кўрганимда сўрагим келарди-ю дилига озор бермаслик учун яна индамай ўтиб кетардим.

      Ўшанда ароқхўр эр Зулфияни уриб тишини синдирган экан. Оиладаги  доимий нотинчликнинг олдини олиш мақсадида маҳаллани аралаштирдим. Шуҳратни даволаш муассасасига олиб кетишди. Шу билан қани тўғри йўлга кириб қолса...

 Аёл аёлда, ҳар кун иссиқ овқат пишириб, эрининг ҳолидан хабар олиб турди. (Бунча бағри кенг, кечиримли бўлмаса бу аёллар).

       Зулфияхоннинг учала фарзандини ҳам меҳрибонлик уйига топширишди. Оиласи тинч бўлганида эҳтимол , она бу дунёдан эрта кўз юммаган бўлармиди...   Яна бир воқеа.  Оёғини беҳосдан босиб қўйган аёл эркакдан узр сўради, бироқ ғазабга минган  эркак аёлни оғзига келган гаплар билан ҳақоратлай бошлади. Аёл ерга киргудек бўлиб, ўзини қўярга жой топмади. “Узр, кечирасиз, кўрмай қолибман” деган сўзлар эркакнинг қулоғига ҳам кирмади. Агар аёл оломон ичига кириб кўздан ғойиб булмаганида, бу серғазаб эркак уни хойнаҳой бир мушт туширган бўларди. Аёл жуда фаросатли экан, узр сўради-ю, кўп турмасдан тез-тез юриб кетди.

           Яна бир мисол. Урганч бозорда семичка, сақич ва яна бошқа ҳар хил майда-чуйдалар сотиб ўтирган ёши ўтиб қолган аёлнинг тепасига  келган ёшгина нозир йигит унинг нарсаларини тепкилай бошлади

          -Сизга неча бор айтганман, бу ерда сотиш мумкин эмас, кўтаринг  лаш-лушингизни,- семичкалар сочилиб кетди. Қуёшда  қорайиб кетган аёл, тўкилган семичкаларни уф-уфлаб йиғиштира бошлади.

          - Жон болам, ҳозир кетаман. Бу ерда савдо яхши бўлади деб ўтирган эдим,-деди қаттиқ изтироб билан.

          - Ҳеч нарса билмайман, туринг ўрнингиздан ҳозир ёшуллилар келади. Бу ўтиришингизни кўришса бизга гап келади. Туринг-туринг, - яна силтай бошлади нозир. Сўнгра  нарсаларини олиб, чор- атрофга сочиб ташлади.

-Ахир, ахир етим невараларимнинг рисқини увол қилма. Сенинг ҳам онанг бордир? Етимларимга ёрдам қилмасам, сен ёрдам берармидинг,- онахон дилидагини айта бошлади.

          - Эй, менинг онам билан нима ишингиз бор,- деди у ва онахон нарсаларини йиғиштиргунча  кетмасдан қаққайиб тураверди. Аёл  ерда қоришиб ётган, сақич, семичка, сигарет яна майда- чуйдаларни олиш билан овора  эди.

   Бу ерда нафақат аёлга, балки инсонга бўлган ўта қўпол муносабатдан дилим вайрон бўлди, юрагим ёмон оғриди. Нозирнинг олдига бориб, аёлни, онани  ҳурмат қилиш кераклигини тушунтира бошладим. Аммо зарангдек қотган бу йигитга гап таъсир қилмасди. Унга шу пайт битта зўр мушт туширишни жуда-жуда хоҳладим. “Она туққан инсонга ўхшамайсанку”, дедим…

Бешта унсирни енгмоқ  керак

          Маълумотларга қараганда, инсоният руҳиятига хос ғазаб, нафрат, тажовузкорлик, хафагарчилик,  қўрқув  саломатликка  ёмон таъсир ўтказиб, ҳар хил касалликларни келтириб чиқаркан.  Кўпгина касалликлар руҳий зўриқишлар, эврилишлар оқибатида пайдо бўлади. Биз ўзлигимизни тўғри англаган ҳолда “Мен кимман?” деган ботиний бир савол билан жисмимизга зиён-заҳмат етказмаслик чораларини кўрмоғимиз зарур.  Ана шу бешта унсирни енгга олган кишигина руҳиятида осойиш, тинчлик  қарор топганини хис қилади. Нафрат, ғазаб ва тажовузкорликни енгиб,  хафа бўлмасдан,  қўрқувни даф қилиб, ўзингиз ва бошқаларга, яхшилик ва эзгуликларни истаб  яшашни ўрганинг. Ҳаммани яхши кўринг, негаки, ёмон одамнинг ўзи йўқ…

          Кундалик турмушда турли фикрлар, тўқнашув ва  ранг-баранг воқеаларга дуч келамиз. Муҳими, инсон ўзлигини унутмасин. Зеро, донишлар таъкидлаганларидек,  ўз бурчингни адо эт, ўша  заҳоти ўзингни англайсин.

                                                                                                                                                                                              Дилбар Бекчанова,
журналист.

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.