ТАРИХИЙ САНАДА ЯНГРАГАН ТАРИХИЙ НУТҚ
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Ноябрь 19, 2020
- 490 кўрилди
Барчамизга маълумки, республикамиз мустақилликни қўлга киритгач, халқаро давлатлар ва ташкилотлар билан тенг ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлди. Жумладан, мамлакатимиз 1992 йил 2 март кунида дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминловчи халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлди. Мана ўтган давр мобайнида давлатимиз мазкур ташкилотнинг турли ҳил саммит ва сессияларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23-сентябрь куни БМТнинг 75–сессияси бўлиб ўтди. Ҳозир дунёда кечаётган оғир шароит, яъни коронавирус пандемияси сабабли мазкур сессия БМТ тарихида илк маротаба янги форматда, яъни масофавий (онлайн) мулоқот тарзида ташкил этилди. Республикамиз президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур сессияда иштирок этиб нутқ сўзладилар. Мазкур нутқнинг жаҳон минбарида илк маротаба ўзбек тилида янграгани фуқароларимизда беихтиёр фахр-ифтихор туйғусини уйғотди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Мазкур нутқ айнан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлиши арафасида янграганининг ўзи ҳам муҳим тарихий воқеа бўлди.
Юртбошимиз ўз нутқлари бошида дастлаб ҳозирги кунда бутун дунё ва инсониятни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси ва унинг салбий оқибатлари инсониятни заиф нуқталарни кўрсатиб қўйганлигини ҳамда бундай глобал ҳавф-хатарларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз лозим эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Муҳтарам юртбошимиз шундай шароитда биз халқаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилувчи ҳуқуқий ҳужжат, яъни “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги” халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этдилар. Шунингдек, ҳозирда дунёда кезиб юрган вирус бугунги кунга келиб бизнинг, айниқса, тиббиёт соҳасидаги камчиликларимизни кўрсатиб қўйди. Шундан келиб чиқиб Юртбошимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми, салоҳияти ва ваколатини янада кенгайтириш кераклигини таклиф сифатида ўртага ташадилар.
Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбари БМТнинг Бош котиби Антониу Гутерришнинг инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқуллашини айтиб ўтдилар. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги оғир даврда жаҳон иқтисодиёти кўплаган оғир муаммоларга дуч келди. Шў ўринда, озиқ-овқат муаммоси ва унинг хавфсизлиги таъминлаш кейинги давр учун муҳим ҳисобланувчи омиллардан бири саналади.
Юртбошимиз ўз нутқларида кейинги пайтда республикамизда инсон ва унинг ҳуқуқ-эркинликлари, ҳалқаро ҳуқуқий норма ва меъёрларни юртимизда амалда ўз исботини топишга қаратилган ислоҳотларни шиддат билан самарали амалга оширилаётганлиги тўғрисида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, сўнгги йилларда жамият бошқарувида гендер тенглигига қаратилган эътиборнинг ошганлиги, бунинг исботини Парламентимиздаги депутат аёлларнинг сони икки баробарга ошганлигида кўришимиз мумкинлигини айтиб ўтдилар. Бундан ташқари, ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилгани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганлиги, БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари жорий йил август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми ўтказилганини эслаб, жаҳон ҳамжамиятини Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. «Бундан ташқари, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз», — дедилар.
Мамлакатимиз кейингги йилларда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмода. Жумладан, Юртбошимиз ўз нутқларида бунинг яққол исботи сифатида охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсганлигини келтириб ўтдилар. Шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, минтақада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ушбу стратегия доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказишни таклиф қилиб ўтдилар.
Маълумки, Марказий Осиё ўзининг узоқ йиллик ва беқиёс тарихи билан жаҳон тарихида муҳим ўрин тутади. Марказий Осиёда жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган қомусий олимлар етишиб чиққан. Шу жиҳатдан минтақанинг кўҳна ва бой маданий мероси ҳар доим глобал аҳамиятга эга бўлиб келган. Шулардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида „Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида“ деган мавзуда халқаро форумни ўтказишни таклиф қилдилар.
Шунингдек, бугун Марказий Осиё давлатлари олдида глобал иқтисодий, транспорт ва транзит алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли соҳаларда интеграция жараёнларини янада кучайтириш кераклигини айтиб ўтдилар. Шу муносабат билан, мамлакатимиз раҳбари БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклифини илгари сурдилар.
Шу билан бир қаторда минтақадаги муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз кераклиги, хусусан, Марказий Осиёнинг ажралмас қисми саналган Афғонистон масаласи ҳар доим кун тартибида масала ҳисобланиб, у ерда тинчликни ўрнатишга қаратилган ҳар қандай ташаббусларни мамлакатимиз қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Юртбошимиз 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлганлигини, жорий йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлашимизни айтиб ўтдилар. Бугунда минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон — Пули Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришилганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.
Шавкат Мирзиёев фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин экандиги, бу борада «Беқарор ва вайронкор вазиятдан — тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳим эканлигини такидлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим эканлиги, ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур эканлиги тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқини давом эттирар экан, минтақадаги яна бир муаммо Орол муаммоси ва глобал иқлим муаммоларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз лозим эканлиги тўғрисида айтиб ўтдилар. Айниқса, нафақат минтақа балки бутун дунё учун муаммога айланиб бораётган Орол муаммосини бугун ҳар биримиз ҳис қилишимиз ва унинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган ишларда ҳамкорликни кучайтиришимиз лозим эканлиги хусусида тўхталиб ўтиб, бу борада республикамиз томонидан Орол бўйи минтақасидаги аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширилаётганлиги, мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилганлигини айтиб ўтдилар.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбари Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўлиш юзасидан ўз таклифларни келтириб ўтдилар.
Президентимиз нутқлари давомида бугунда янги глобал муаммо сифатида эътироф этилувчи жаҳонда қашшоқликка қарши курашиш лозимлиги, мазкур муаммо айниқса, коронавирус пандемиясида янада авж олаётганлиги барчамизни ташвишга солиши кераклиги тўғрисида тўхталиб ўтиб, уни бартараф этиш чораларига қаратилган халқаро саммит ташкил этиш юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг мавзусини қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашиш деб белгилашни ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этдилар.
Юқоридагилардан кўринадики, Юртбошимизнинг нутқлари даставвал жаҳон минбарида ўзбек тилида янграгани ўзи бир тарихий воқеа бўлса, ундаги кўтарилган долзарб масалалар ва уларнинг ечимига доир таклиф ва ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугунги глобал вазият қайсидир маънода давлатимиз раҳбарининг нутқларида илгари сурилган халқаро ҳамкорлик ва алоқаларни кучайтириш нақадар муҳим ва аҳамиятли эканлиги, инсоният олдида юзага келувчи кўплаган муаммоларни якка бир давлатнинг ўзи еча ололмаслигини кўрсатмоқда. Шулардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг нутқлари ўзида глобал муаммоларни акс этгани ва унинг ечимига доир илғор таклиф ва ташаббусларни илгари сурган тарихий ҳужжат сифатида тарихда қолди десак муболаға қилмаган бўламиз.
Умрбек Махмудов
Хоразм Маъмун академияси илмий ходими