ТИЛ МАДАНИЯТ КЎЗГУСИ ВА РУҲИМИЗ ҚАНОТИ

ТИЛ МАДАНИЯТ КЎЗГУСИ ВА РУҲИМИЗ ҚАНОТИ

#ona_tilim_faxrim

Бу йил ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилганига 31 йил тўлади

Шубҳасиз, инсондаги ҳамма эзгу сифатлар, гўзал фазилатлар беназир ва бетакрор  она тилимиз орқали шаклланади. Тилимиз нафақат кишилар ўртасидаги  муомала воситаси, балки шу  халқнинг урф-одати, турмуш тарзи, тарихи,  маданиятини ҳам ифода этиши билан жозибалидир.

Тил Аллоҳ томонидан инъом этилган буюк неъмат. Ким ўз  тилини эъзозласа, қадрласа, унинг ривожланиши учун астойдил жон куйдирса тил умрбоқий яшайди. Шу боис ҳар бир миллат, ўз тилини асраб, унинг тараққиёти учун ҳаракат қилади. Негаки, халқ тарихи, миллий қадриятлари, маданияти тилда мужассам.

Бу йил мамлакатимизда  ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилганига 31 йил тўлади. Бу юртимиз ҳаётида шубҳасиз буюк тарихий воқеа. Ўзбекистонда мустақиллик сари қўйилган илк кунларданоқ тил тараққиётига алоҳида аҳамият берилди.  Давлатимиз мустақиллиги  эълон қилиниши билан она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрнини ва мавқеини топди.

Маълумки, тилимиз дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири хисобланади. Давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан унинг мавқеини ошириш, софлигини таъминлаш мақсадида  қонунчилигимизда улкан ишлар, янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йили тилимизнинг ижтимоий аҳамиятини, халқаро миқёсдаги обрў-нуфузини тубдан юксалтириш,  мамлакатимизда давлат тилининг тўлақонли жорий этилишини таъминлаш мақсадида 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга мувофиқ Ҳукумат тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, шунингдек, қарор билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассаса ҳамда бошқа ташкилотларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, ўзбек тилини ривожлантиришни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи (масъул ходим) лавозими ҳам ташкил  этилди.

Шунингдек, 2020 йил 10 апрель куни Муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.  Маълумки, она тилимиз  ҳам давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конститутцияси каби  муқаддас ҳисобланади. Шундай экан, ўзбек тилимиз қонун йўли билан ҳимояда эканлигини унутмаслигимиз зарур.

Ҳар йили бу  байрам мамлакатимизда кенг нишонланади. Она тилимизнинг жозибадорлигини, гўзаллиги, мукаммаллиги, бой ва мазмундорлигини кўрсатиб бериш, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча  миллат вакилларини ҳам муқаддас бурчи саналади.  Буни теран хис қилган юртдошларимиз бир жон бўлиб,  тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.

Бошқа давлат халқларидан тубдан фарқ қилувчи одамларнинг ўзаро самимий суҳбатларида, юксак маънавиятида тилимизнинг жозибадорлиги, бетакрорлигининг гувоҳи бўлиб,  беихтиёр шундай юртнинг фарзанди бўлганимдан қувонаман. Энг аввало, бизнинг тилимиздаги ҳаё, ибо, орият, меҳр-оқибат сўзларининг бетакрорлиги, уни бошқа тилларга таржима қилиб бўлмаслигининг ўзиёқ тилимизнинг нақадар бой эканлигидан далолат беради. Тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз  лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек тили ана шу лаҳжалар асосида маълум бир меъёрга келган.  У тинимсиз ўсиб, ривожланиб бормоқда.

Огаҳий ҳазратларининг сўз ҳақидаги қуйидаги мисралари бу тўғридаги тасаввурларимизни тўлиқ намоён этиши билан янада характерлидир. “...кишидин то қиёматғача қолатурған ёдгор ва фарзанди саодатосор яхши сўздир... Алқисса, сўз мартабаси ниҳоятсиз баланд ва сўз аҳли ҳамиша азиз ва аржуманддурлар”.

Ҳа, донишманд ота-боболаримиз сўзни мулк сифатида қадрлаб, ўз асарларида ҳам уни ўз ўрнида қўллаганликларини, тилимизни авайлаб-асраш, эъзозлаш муҳим эканлигини  эътироф қилганлар. Зеро, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маданиятга, маънавият ва истиқболга даъват қилувчи беназир неъмат.  Шунинг учун ҳар биримиз ўз она тилимизни  аврайлаб-асрашимиз лозим. Тилга эътиборли бўлсак, миллатимиз, келажагимиз ҳеч қачон кам бўлмайди. 

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада юксалтиришга, қонун ва қарорлар ижросини таъминлашга бошқармамиз томонидан ташкилотлар билан ҳамкорликда  қатор  чора-тадбирлар,  режалар белгиланиб,  ижрога қаратилди.   Босма нашрларда чоп қилинаётган “Тил яшаса миллат яшар”, “Она тилим-жону дилим”, “Она тилим-фахрим менинг”, “Тилга эътибор-тил эътибор”  каби рукнлар остида юзлаб ранг-баранг мақолалар эълон қилинган. Хоразм телерадиокомпанияси орқали “Тилимизни ўрганамиз” кўрсатуви мунтазам равишда  эфирга узатиб келинмоқда. Шунингдек, бошқарманинг янги талқиндаги веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва саҳифаларида  мавзу доирасида мақолалар, интервьюлар жойлаштирилди. Бошқарма томонидан тайёрланган “Тилга эътибор-элга эътибор”  мавзусида ролик тайёрланди ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этилди.

Қонун ижросини таъминлашда масъулиятни янада юксалтириш, ўзбек тили меъёрларига қатъий риоя этишни ташкиллаштириш мақсадида матбаа корхоналари, нашриёт ва ноширлик бўлимлари, таҳририятлар ходимлари  билан мунтазам равишда семинарлар, ZOOМ дастури орқали онлайн конференциялар ўтказилиб, зарурий тавсиялар чиқарилмоқда. Давлат идоралари ва ташкилотларнинг веб-сайтлари, тармоқлардаги  каналлар ва саҳифаларида вилоятда бу борада олиб борилаётган ишлар мунтазам ёритиб борилмоқда. Ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари томонидан  кенг тарғибот ишлари самарали йўлга қўйилган. Вилоят, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг ўзбек тилини ривожлантиришни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари билан ўзаро ижодий ҳамкорлик ўрнатилган.

Тил-руҳимизга қанот бағишловчи ноёб хазина, маънавият кўзгуси. Уни ҳамиша, ҳар жойда кўз қорачиғидек  асрашимиз керак. Тил том маънода миллат, юрт  тақдирини белгилар экан, унинг софлиги,  тараққиёти, барҳаётлиги учун  барчамиз бирдек  масъулмиз.

Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.