Тилга эътибор – элга эътибор

Тилга эътибор – элга эътибор

#ona_tilim_faxrim
Ҳар бир халқнинг ўзига хослиги, унинг миллий яхлитлигини кўрсатадиган ва ўзида миллат, халқ руҳини ифодалаган ҳолда дунёга танитадиган бебаҳо восита бу, албатта, она тилидир.
Ўзбекистон Республикасида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши мустақиллигимиз сари қўйилган илк қадамлардан бири бўлди. Чунки тил давлатнинг байроғи, герби, мадҳияси каби қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсол, давлат суверенитети белгисидир.
Ушбу қонун билан ўзбек тили давлат тили мақомини олган бўлса-да, мамлакатимизда яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилида сўзлашиш ҳуқуқи конституция билан мустаҳкамланган. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланган. Уларнинг ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Шубҳасиз, бу юртимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик руҳи устуворлигини англатади.
Президентимиз таъкидланганидек, ўзбек тилида 50 млн. аҳоли сўзлашмоқда. Дунёнинг 60 дан ортиқ университети ва 100 дан ортиқ мактабларида ўзбек тили ўқитилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаймоқда.
Сўнгги йилларда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни, нуфузини оширишга катта эътибор бериляпти. Хусусан, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун - 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Шунингдек, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланмиш Давлат тилини ривожлантириш департаментини, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга соладиган Атамалар комиссиясини, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга, она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтаришга хизмат қилади.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
 Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи
Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.