Туркий тилим

#ona_tilim_faxrim

Туркий тилим

Лутфу забону зеварим -туркий тилим,
Мунисгинам, гаҳ музтарим -туркий тилим.

Ҳар уни -ю, ҳар наърасида ўзлигим,
Исо каби жонпарварим -туркий тилим.

Мулки башар тарихида давринг қадим,
Минг йилларидан сўйларим -туркий тилим.

Сен Ирқ тошин нақшида афсоналиғ,
Ёвқур элим, тожу сарим -туркий тилим.

Илдизларинг то Дашти Қипчоқдин келур,
Сосону Кушон, кишварим -туркий тилим.

Тўқсон ики қавм ичра барҳақ риштадир,
Ҳар қоракўзда жавҳарим -туркий тилим.

"Алчин", "ағир", "барлос"у "бурқут", "қўнғирот",
"Найман", "нукус"дек гавҳарим -туркий тилим.

Сен -Қошғарий, сен -Югнакий, сен -Яссавий,
Хоқониям, ҳам Қошғарим -туркий тилим.

Моварауннаҳру яна Афросиёб
Мулки каломи дилбарим -туркий тилим.

Лутфий, Атойи доғи Саккокий тили,
Абёти болу шаккарим -туркий тилим.

Сўз мулки султони Навоий лаҳжаси,
Лайлига элтар сарварим -туркий тилим.

Бобурки сендин кечмади то сўнгги дам,
Андуҳи сенда боварим -туркий тилим.

Булбул мақомига раво Мунис била
Огаҳидек шойистарим -туркий тилим.

Бир -бир десам, бўлмас адоси тарихин,
Давр устунига заргарим -туркий тилим.

Шоира сен бирла само рақсидадур,
Парвоз этарга шаҳпарим -туркий тилим.

Шоира Шамс

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.