Устозга эҳтиром
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Август 19, 2020
- 523 кўрилди
Соҳанинг виждони
“Қишлоқнинг виждони” ҳақида эшитгандик, аммо соҳанинг
ҳам виждони борми, дерсиз, эҳтимол. Аммо, таниқли
журналист, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият
ходими” Оймонжон Эгамова ўша йилларда том маънода
соҳанинг виждони эди.
1985 йили журналистика факультетини тугатганимдан сўнг, “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида иш бошлаганман. Ўша йиллари воҳанинг энг забардаст, таниқли журналистлари ушбу даргоҳда меҳнат қилишарди. Улар билан ёнма-ён, елкама-елка туриб, ижод қозонида қайнаш, устозлардан сабоқ олиш бахти менга ҳам насиб қилганидан бахтиёрман. Эркин Самандаров, Султон Нодирматов, Отамурод Пирматов, Арслон Отажонов, Неъмат Солаев, Ҳусин Раҳманов, Оймонжон Эгамова, Уллибиби Отаева, Жуманазар Юсупов, Солияжон Раҳимберганова, Қадамбой Солаев, Жумабой Матёқубов, Бозорбой Бобожонов, Сотимбой Авазов, Шихназар Аҳмедов, Раъно Каримова, Ўктамбой Палванов, Султон Отажонов, Зарифбой Ибрагимов каби ижодкорларнинг кунларни тунларга улаб қилган меҳнатлари, газетанинг навбатдаги сонига масъул ходим сифатида заҳматлари бир-бир хотирамдан ўтади.
Ўша йиллари журналистикага энди кириб келган ёшлар-Санобар Бердиева, Марямжон Холмуродова, Феруза Тангриберганова ва мен иккинчи бир муҳим университетда-таҳририятда таҳсил олаётгандек эдик, назаримизда. Чунки ўқиш бошқа, иш бошқа экан. Негаки, меҳнат жараёнида ўтаётган ҳар бир кунимиз бу гапнинг асл маъносини тобора теран англашга ундади.
Ҳафтасига беш марта, катта ҳажмда, 57 мингдан ортиқ нусхада нашрдан чиқаётган вилоят газетаси саҳифаларида журналистларнинг бир-биридан ўқишли, мазмундор, ранг-баранг очерк, публицистикалари, репортаж ва фельетонлари, лавҳалари пешма-пеш чоп қилинарди. Таҳририятнинг “Энг яхши мақола” пештахтасига журналистларнинг ҳафта давомида чиққан энг сара мақолалари осиб қўйиларди. Пештахтага материаллар албатта катта мажлисда кўпчиликнинг хулосаси ва фикрларига таянган ҳолда танлаб қўйилган. Ана шу улуғ зотларнинг ижодий асарлари қаторида аҳён-аҳёнда биз-ёшларники ҳам эътироф этилиб қолса, бошимиз осмонга етарди.
Устозларимиз қаторида Оймонжон Эгамованинг фаолияти ихтисослашган журналист сифатида алоҳида ўрин тутган. О.Эгамова таҳририятда узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги бўлимининг чорвачилик, пиллачилик йўналишларини самарали бошқарди. Кун ора дунё юзини кўраётган мақолалари, публицистикалари чорвадорлар, пиллакор, оддий молбоқар ёки сутсоғарнинг ҳаёти, меҳнати ўзига хос талқинда, маҳорат билан ифода қилинган. Журналистик жанрларга бой ижодида мутахассислар билан ўтказилган суҳбатлари, репортажлари алоҳида ўрин тутган. Энг диққатлиси, уларда соҳа меҳнаткашларининг ҳақиқий ҳаёти билан бирга қаҳрамонларимизнинг қизиқишлари, оила, фарзанд тарбиясидаги муносабатлари ҳам маҳорат билан қаламга олинган. Унинг “Муҳаббатнинг довруғи”, “Сабр қилинг, она”, “Сут булоғи даладан”, “Аёллар арзини ким тинглайди?” каби қатра ва лавҳалари, мақолалари ана шулар жумласидан.
Юрт билган юзага чиқади, дейди халқимиз. Муболаға эмас, Оймонжон Эгамова узоқ йиллар давомида чорвадорлар, пиллакорлар меҳнатига ошно бўлиб, улар билан бирга нафас олди, яшади. Ўрни келганда сигир соғди, ем-хашак ғамлади, ҳатто сигирларни туғдириш жараёнларида ҳам бевосита иштирок қилди. Қишлоқдаги сафаридан қайта туриб, устоз воқеаларни ҳамиша ҳаяжон билан гапириб берган. Балки шунинг учундир ёзган мақолаларида ҳаёт уфуриб турарди.
Оймонжон опа энг аввало ўз ишига жуда талабчанлиги, ўрганиш ва изланишлардан ҳечам чарчамаслиги, умри мобайнида камтарлиги, самимийлиги, заҳматкашлиги, оилапарварлиги билан барчанинг ҳурматини қозонди. Унинг бир-биридан тубдан фарқ қилувчи мақолаларида замонамиз қаҳрамонлари ўзига хос ва мос тарзда, таъсирчан ва ифодали тасвирланган. Менинг ёдимда қолган “Маслаҳат-ишга мадад”, “Мусобақа-миллионлар минбари”, “Мусобақа-амалий ишга ёрдам”, “Мусобақадошлар маслаҳати-сабоқ" каби рукнлар остидаги публицистикаларида соҳа фидойиларининг ҳақиқий қиёфалари, ўзгача талқинда очиб берилган.
Устознинг бой, кенг кўламли журналистика имкониятларидан маҳорат билан фойдалана оладиган ижоди ўша пайтда ёшлар учун катта мактаб вазифасини ўтаган. Бир бўлимда ёнма-ён меҳнат қилган шогирди Санобар Бердиевага касбнинг барча сир-синоатларини қунд билан ўргатди. Чунки ундан сўнг шогирди ушбу соҳани янада юксак поғоналарга олиб чиққан журналистлардан бири бўлиб етишди.
Ҳаётда кишининг ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топиши унга берилган бебаҳо неъмат-ақл билан чамбарчас боғлиқдир. Ақл-мулоҳаза билан иш кўрган инсон ҳамма учун азиз. Устоз ана шу фазилатлари билан ҳам ҳурмат топди, қадр топди.
Инсон нимаси билан гўзал бўлиши мумкин, деган саволга беихтиёр Аҳмад Донишнинг инсон фазилатлари хақида айтган ҳикматлари эсимга тушади: “Агар тафаккур дунёсига чўмсанг, етти қават осмонни хаёлинг қутичасига жойлайсан; агар хаёлинг қувватини ишлатсанг етти қават ерни фикринг токчасига сиғдирасан; агар қахру ғазабинг келса, йўлбарсни мушукдай кўрмайсан; агар меҳрибончилигинг тутар экан, чумолини кипригинг устида сақлайсан; агар сахийлигинг жилва қилса кийган тўнингни муҳтожга бериб, ўзинг яланғоч қоласан; агар бахиллигинг тутса, қумурсқа оғзидаги донни талашасан; такаббурлигинг тутса ўзимдан бошқа ҳеч ким бош қотирмасин дейсан; агар ҳасадинг қўзғалса, офтоб нури ерга тушганини кўролмайсан; агар мартабангни оширсалар, худолик даъво қиласан”.
Дарҳақиқат, инсон чиройли хислатлари, покиза умидлари билан комилликка, яъни комолотга эришади. Кундалик турмушнинг жамики аччиқ-чучугини, роҳату азобини, меҳнату машаққатини татиб, булардан намуна ва ибрат олади. Бугун Оймонжон опа, саксон ёшга кириб, ўзининг гўзал сифатлари билан ҳақиқий маънода ҳаётнинг шоҳсупасига чиқди.
Ҳаммамизнинг севимли ва ҳамон ардоқли нашримиз “Хоразм ҳақиқати” газетасида Оймонжон Эгамова узоқ йиллар чорвачилик мавзусини ёритиб, том маънода соҳанинг виждони бўлиб меҳнат қилди. Бугун устознинг муборак ёшга тўлиши муносабати билан биз ҳам ўтган умримизга бир назар солдик. Шовиллаб ўтаётган ҳаётимизда устозлар этагидан тутиб, кўп ва хўп ўрганганимиз бугун асқотаётганини англайман. Шу ўринда умр дафтарларида ўчмас из бўлиб қолган таҳририятдаги фаолиятимиз ҳаётимизнинг энг жўшқин, гўзал хотираларга бой даври бўлиб қолганлигига амин бўлдим. Устоз бугун Абдураҳмон ака билан фарзанд, неваралар қуршовида қўша қариб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Уларга ёшлари юздан ошиб, эъзозда умр кўришларини тилайман.
Дилбар Бекчанова,
журналист.