Ўзбек тилида – дунё адабиётини безаган улуғ асарлар ёзилган
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Октябрь 19, 2020
- 540 кўрилди
Ушбу мақолани шоир Ахтамқул Каримнинг Она тилимиз ҳақида ёзган қуйидаги сатирлари билан бошламоқчиман:
Тилим қалбимнинг уйғоқ сози бўлди,
Ёниб ёзганларимдан рози бўлди.
Юраклар орзиқиб кутган замонда,
Севинчим андалиб овоза бўлди.
Дарҳақиқат, шоир айтганидай ҳар миллатнинг ўз тилига бўлган муҳаббати шу даражада кучлики, бошқа миллат вакилидан ўз она тилида бирор сўзни эшитса, ўша инсонни ўз яқинидек яхши кўриб қолади. Шу каби сўз билан тушунтириб бўлмас, гўзал ҳис-туйғулар тилларнинг асрлар оша яшаб қолишига сабабчи десам хато бўлмайди.
Зеро, тил – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдевори, давлатчиликнинг биринчи шарти ва мавжудлигининг белгисидир.
Ўзбек тилини бунчалик улуғланиши бежизга эмас. Чунки бу тилда дунё адабиётини безаган улуғ асарлар ёзилган, буюк маданият яратилган. Она тилимизни буюклигини айрим мисоллар орқали келтирмоқчиман.
Бундан 710 йил олдин Хоразмда яратилган буюк ўзбек адиби Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарини айтишимиз мумкин. Б.Рабғузий шарқ халқлари оғзаки ижодини, айниқса, ривоятларни, авлиё-анбиёлар тўғрисидаги қиссаларни чуқур ўрганган. Ўзи ҳам кўпгина ибратли ҳикоятлар, қиссалар ёзган. Туркий халқлар адабиёти тарихида биринчилардан бўлиб насрда ривоятлардан ҳикоят, ҳикоятлардан қисса яратишни бошлаб берган.
“Қисаси Рабғузий” асарини ўқирканман, шу пайтгача тилимизда фаол қўлланилаётган жуда кўп сўзлар Рабғузий ёзиб қолдирган бебаҳо дурдонанинг ҳар бир сатрида учрайди. Масалан, ушоқ-кичик, майда-чуйда, жуссаси кичкина, такя қилмоқ, яъни ёстиққа суянмоқ, харбуз-тарвуз, чаноқ-ёғоч идиш, товоқ, овуч-кафт, ҳовуч, кирпич-ғишт, ашоқ-паст, авло-яхшироқ, кезик (газик)-навбат, қўндоғлаб-йўргаклаб, алмурд-нок бу мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу сўзлар Хоразм шевасида бугун ҳам шу маънода ишлатилади.
Асар тилининг ҳозирги замон ўзбек тилига муносабати тўғрисида гап келганда шуни айтиш керакки, қисса тили билан ўзбек тили орасидаги салкам етти асрлик вақт ўтганига қарамасдан бу асар ҳозирги замон ўзбек тили илк тараққиёт даврининг ёдгорликларидан бири сифатида қаралмоғи мақсадга мувофиқ.
Дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимизнинг тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз ва буюк қадриятимизга айланган десак муболаға эмас.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати