Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Республика методик кенгашининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Январь 22, 2021
- 537 кўрилди
Бугун Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Республика методик кенгашининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, АОКА масъул ходимлари, Миллий кутубхона хизматлари бошлиқлари, Агентликнинг барча ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, ҳудудий ахборот-кутубхона марказлари директорлари иштирок этди.
Кенгаш раиси Асаджон Ходжаев йиғилиш аввалида сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар тўғрисида тўхталди.
Хусусан, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият бериш, уларнинг катта марраларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмаклашиш энг устувор вазифа эканини таъкидлади.
«Бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизим яратилади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради», — деди А. Ходжаев.
Йиғилишда Республика методик кенгашда Миллий кутубхона директори У. Тешабаева «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 181-сон қарори баёни ижроси юзасидан маълумотлар тақдим этди.
Тадбирда «Ўзбекистон кутубхоналари ассоциацияси»ни таъсис этиш таклифи билдирилди, «2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш Концепцияси» ва «Ахборот-кутубхона соҳасида давлат-хусусий шериклиги тўғрисида Низом», Республика методик кенгашининг 2021 йил Иш режаси тасдиқланди. «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси доирасида «UZNEL» тизимида ягона базани яратиш чоралари белгиланди.
Республика методик кенгашининг 2021 йил Иш режасидан бир қатор муҳим вазифалар билан бирга Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар тизимидаги кутубхоналар раҳбар ходимлаир ва мутахассислари фаолиятини танқидий ўрганиш, малакали, ёш, иқтидорли кадрларни соҳага жалб этиш ҳолати, Кўзи ожиз кутубхоналар фаолиятини такомиллаштириш, жисмоний имкониятлари чекланган китобхонларга хизмат кўрсатиш, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 150 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш белгиланган.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузуридаги Республика метод кенгаш йиғилиши сўнггида ҳудудий бошқарма бошлиқлари ва ахборот-кутубхона марказлари директорларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.