Ўзбекистонлик ноширлар Минскдаги 28-Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида иштирок этмоқда
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Февраль 18, 2021
- 460 кўрилди
Жорий йилнинг 18-21 февраль кунлари Белорус давлатида "Китоб инсонлар ва мамлакатларни бирлаштиради" шиори остида 28-Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтади. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ушбу нуфузли тадбирда ўзбек ноширларининг иштироки ҳам таъминланди.
Бугун, 18 февраль куни халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг тантанали очилиш маросими ўтказилади.
2021 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкил топганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги 28-Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг марказий экспонанти деб эълон қилинди.
Бу йилги китоб ярмаркаси ўзига хос тарзда ўтказилмоқда. Кўргазманинг марказий экпозицияси "Ягона умумий уй" тарзида рамзий жиҳозланган. Хусусан, "Меҳмонхона" экспонатида 17 йил мобайнида МДҲ аъзо мамлакатларининг "Китоб санъати" халқаро танлови Гран-при соҳиблари томонидан тақдим этилган китоблар билан танишиш мумкин. Ёки "Ёзувчи кабинети" хонасида МДҲ таркибидаги барча мамлакатларнинг энг яхши китоблари жой олган. Шунингдек, "Болалар хонаси", "Ошхона" ва шунга ўхшаш бир қатор "тимсолли" бўлмалар ўз йўналиши бўйича иштирокчи давлатларнинг нодир асарларини тақдим этади.
Халқаро кўргазма-ярмарка доирасида, шунингдек, илк марта давлат нашриётлари томонидан LitUp адабий стартапда ғолиб бўлган асарларни чоп этиш мақсадида лойиҳалар танлови ҳам ўтказилади.
Пандемия шароитига қарамай, санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ташкиллаштирилган халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида 20 давлатдан 281 экспонат иштирок этмоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг "Ўзбекистон", "Ғафур Ғулом", "Ўқитувчи", "Янги асар авлоди" каби етакчи нашриётлари вакиллари тарихий, илмий, публицистик, адабий-бадиий жанрларга оид сара китоблар билан қатнашяпти.
Ноширлик ва матбаа соҳаси маданиятини намоён этувчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида ўзбек ноширлари ҳам муносиб иштирок этишига ишонамиз.