Ҳар бир мурожаат эътиборда

Ўзбекистон Республикасида ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий норма асосида мустаҳкамлаб қўйилган. Миллий қонунчилигимизда аризалар, таклифлар ва шикоятлар белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб берилган.

Фуқароларнинг мурожаатлари мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Шунингдек, аҳолининг давлат органлари билан муносабатга киришларининг ҳуқуқий тартиби ушбу қонун билан тартибга солинган бўлиб, кўзда тутилган қоидалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.

Ушбу Қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, бугунги кунда шахсларнинг мурожаатлари қонунийлик, ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.

Қонунчиликда ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш бошқа шахслар ва жамият ва давлатнинг манфаатлари ҳам ҳисобга олинган бўлиб, жавобгарлик масалалари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этиш қонунчиликда белгиланган тегишли ҳуқуқий асослар, тартиб ва муддатларда амалга оширилади. Жумладан, ариза ёки шикоят 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш, текшириш, ёки қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилган ҳолларда бир ойгача муддатда кўриб чиқилиши мумкин. Қонунчиликка мувофиқ, муддат тегишли давлат органининг раҳбари томонидан кўпи билан бир ой муддатга узайтирилиши назарда тутилган. Таклиф бир ойгача бўлган муддатда ўрганилиб, кўриб чиқилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиши уларнинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланиб, ундан ҳар бир шахснинг тенг фойдаланиш имконияти тўлиқ йўлга қўйилган. Бугунги кунга келиб, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат ва жамият ҳаётига татбиқ этилди. Зеро, инсонларни мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ билан таъминлаш демократик жамиятда олий қадрият сифатида эътироф этилади.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Хоразм вилоятининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётига оид танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот материалларига амалдаги конунчиликка мувофиқ тезкорлик билан муносабат билдириш тизими йўлга қўйилган. Бу борада давлат идора ва ташкилотларининг ахборот хизматлари иши мунтазам равишда мувофиқлаштирилиб, назорат қилиб борилмоқда.

 Сардор АИТБАЕВ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.