ОЙХОНУМ РАҲИМБАЕВА: ҲАЁТ СЎҚМОҚЛАРИДА
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Сентябрь 04, 2024
- 116 кўрилди
Устоз Ойхонум Раҳимбаева ҳақида сўз айтишдан аввал, у кимларнинг авлоди эканлигини билишимиз муҳим. Негаки, бу маълумотлар давр тақозоси билан кўпам очиқланмаган. Шубҳасиз, ҳар бир инсон илгари ота-боболари, момо ва бувилари кимлар бўлганлигига қизиқади. Кези келганида, элга, халққа, жамиятга нафи теккан, нуфузли аждодлари билан ғурурланади, фахрланади.
Бобоси Абдураҳмон баққол Хива хони саройидаги холис хизматлари учун Янги Урганчга ҳоким қилиб қўйилганлиги бежиз эмас. Абдураҳмон баққол деярлик 46 йил Хивада хонлик салтанатининг гуллаб-яшнашига, санъат, фан ва маданиятнинг юксалишига муносиб ҳисса қўшган Муҳаммад Раҳимхон Феруз ва сўнгра тахтга ўтирган унинг ўғли Исфандиёрхоннинг энг яқин ва ишончли кишиларидан бирига айланган эди. Абдураҳмон баққол ҳунари ортидан ўзининг ҳалоллиги ва садоқати билан сарой эгаларининг ишончини қозониб, барча ишларда уларни қўлллаб-қувватлаб турган.
Тарихий маълумотларга кўра, 1896 йили Хива хони Ферузхон ва унинг ўғли Исфандиёрхон Санкт-Петербургга Исфандиёрни валиаҳд қилиб тан олиниши учун Россия императори ҳузурига боришган. Бу расмий ташриф сафарига Абдураҳмон баққол ва унинг иниси Шарипбой баққол ҳам ҳамроҳлик қилишган. Шу йили олинган сурат оилавий альбомда ноёб тарихий ҳужжатлардан бири сифатида сақлаб келинмоқда. Демак, ҳақиқатан ҳам Адбураҳмон баққол хоннинг ишончли вакили бўлган, деган хулосага келинади.
1905 йилга келиб, Абдураҳмон баққолнинг хон амалдорлари олдидаги нуфузи ва обрўси янада ошади. Ўша йили уни Янги Урганч ҳокими қилиб тайинлайди. Абдураҳмон баққол ҳар икки хон даврида ҳам ота-бобосидан қолган баққоллик илми-ҳунарининг ортидан элда лавзи ҳалол, халқпарвар, хушмуомала инсон бўлганлиги ҳақиқат. Ҳалоллик, лавзи бутунлик, одиллик ҳамма даврларда ҳам барча соҳаларда, айниқса, савдо-сотиқ борасида ўта муҳим сифатлардан саналган. Абдураҳмон баққол 1916 йилгача Янги Урганчда ана шундай адолатли, халқпарвар ҳукмдор сифатида фаолият юритган.
Хўш, баққол сўзининг луғавий маъноси нима, деган савол туғилиши табиий. Эскида баққоллар майда-чуйда рўзғор моллари ва озиқ-овқат (мева, ширинликлар ва шу кабилар) сотувчи майда савдогарлар ҳисобланган. Баққоллик ва баққоллар Туркистонда ўрта асрдан то 20 асргача кенг тарқалган бўлиб, 1920 йилларда сўнг баққоллик иши қўшни мамлакатларда ҳам ривожланган. Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия ва Афғонистонда ҳам баққоллар фаолият олиб борган. Европада, жумладан, Россияда қўлланиладиган “бакалея” атамаси Баққол сўзидан олинган. Чор Россияси даврида бу атама истеъмолдан аста-секин йўқола борди. Совет даврида эса буткул ишлатилмади. Бу даврга келиб, баққол “бакалея” атамасига айланди.
Абдураҳмон баққол кейинчалик йирик-йирик савдо ишларига қўл уриб, бозорни четдан келтирилган товар ва хом-ашё билан тўлдириб турди.
1911 йили элда ҳурмат топган Янги Урганч ҳокими Абдураҳмон баққол Хива хони Исфандиёр ва унинг яқин амалдорлари билан бирга Россия-Хива савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Санкт- Петербургга йўл олишади. Ўша даврда хон ўзига ишончли ва энг яқин амалдорлар, садоқатли кишилар билан тез-тез қўшни давлатлар, жумладан, Россиянинг Самара, Сочи, Оренбург, Волгаград, Уфа ўлкаларига боришган.
Абдураҳмон баққолнинг фарзандлари- Абдураҳманова Ойтути ( 1918-1974 йй) Урганч тумани Калинин номли колхозда ишчи (ҳозирги Чаккашоликор қишлоғи), Абдураҳманова Зумрад Урганч шаҳридаги 8-сон мактабда узоқ йиллар давомида биология ўқитувчиси (1920-1990 йй), Абдураҳмонов Аминбай (1922 -2009 йй) Урганч тумани Калинин номли колхозда (ҳозирги Чаккашоликор қишлоғи) омбор мудири, Абдураҳмонов Матрасул (1924-1991йй) Урганч туманидаги “Комсомол” мактабида (ҳозирги 2-сон умумтаълим мактаби) тарих ва география фани ўқитувчиси, Абдураҳмонов Абдурасул (1928- 2014йй) Муқимий номли мусиқали ва драма театрида музиқа жамоаси артисти бўлиб ишлаганлар.
Айханум Раҳимбаеванинг отаси Матрасул Абдураҳмонов (1924 йилда туғилган) узоқ йиллар халқ таълими, журналистика соҳасида самарали меҳнат қилган. Урганч тумани Чаккашоликор қишлоғидаги “Комсомол” (ҳозирги 2-сон умумтаълим мактаби) мактабида тарих ва география фанидан сабоқ берган. Бир давр “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида ишлаган йилларида унинг шеърлари хонандалар томонидан ашула қилиб айтилган. “Мучик”, “Меҳнат завқи” сингари шеърий асарларини воҳа санъаткорлари маҳорат билан ижро қилишган. Матрасул Абдурамоновнинг сўзи билан ёзилган қўшиқ грампластинкалари ҳали ҳамон унинг яқинлари, дўстлари хонадонларида авайлаб сақланмоқда. Матрасул аканинг дўстлари таниқли ижодкорлар-Эгам Раҳим, Раҳим Бекниёз, Дўсчон Матчон, қўшнилари машҳур санъаткорлар- Султонпошша Раҳимова, Лола Абдуллаева, Ваҳобжон Фаёзов, Хусайин Хўжаев, Солиҳ Камол ва Абдушариф Отажоновлар бу хонадоннинг энг азиз ва мўътабар кишилари эдилар. Онажониси Гулхонум Хўжаниёзова боз устига меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олар ва узоқ вақт давом қилган мушоира кечаларини мароқ билан тингларди. Матрасул ака ва Гулхонум опа етти нафар- Ойхонум, Бахтиёр, Баҳодир, Абдураҳмон, Муяссар, Ўктамбой, Озода сингари муносиб фарзандларни тарбиялаб вояга етказишди. Онахон Урганч қандолатчилик фабрикасида ҳам узоқ йиллар самарали меҳнат қилди.
Оиланинг энг катта фарзанди- Айханум ёшлигидан ўқишга чанқоқ, тиришқоқ қизалоқ бўлиб вояга етди. Журналистикага бўлган қизиқишини пайқаган ота уни редакция остонасига бошлаб келди. 1967 йили Урганч шаҳридаги Крупская номли (ҳозирги 3-сон умумтаълим мактаби) мактабни тугатиб, “Хорезмская правда” газетаси таҳририятида таржимон сифатида иш бошлади. 1974 йили Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлади.
Мен А.Раҳимбаева билан 1981 йили Тошкент аэропортида янада яқиндан танишгандим. Ўшанда 1-курсни тугатиб, Урганчга таътил, сўнгра амалиётга келаётган эдим. Раҳимбаева бу пайтда “Хорезмская правда” газетаси таҳририятида бўлим мудири бўлиб ишлаётган эди. Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари таҳририятлари бир бинода, бир қаватда жойлашган бўлиб, ижодкорлар бир жамоа бўлиб ишлашарди.
Мен опани танидим. Рус газетасида ишлашини таҳририятга борганимда кўргандим. Мени танимасалар керак, деб ўйлагандим, йўқ, олдиларига борсам, дарров таниб, жуда яқин сўрашди. Қувондим, мени ўзига яқин олганидан қувондим. Бўлим мудирининг камтаринлиги, кўнгли очиқлиги у билан тағинда дилдан гаплашишимизга имкон берди.
Унинг рус тилида ёзилган очерк ва лавҳаларида, ранг-баранг публицистик материалларида оддий ишчи, сутсоғар, сувчи ёки қишлоқ далаларида астойдил меҳнат қилиб чарчамаётган деҳқоннинг астойдил қаҳрамонликлари маҳорат билан ифода қилинган.
1981 йили "Хорезмская правда" ва бошқа нашрларда босилиб чиққан, мақолалари учун республикада “Йилнинг энг яхши очерки” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган.
1981 йилда самарали меҳнатлари юксак баҳоланиб, “Меҳнатда ўрнак кўрсатгани учун” медали, 1990 йили “Меҳнат фахрийси”, 1992 йили “Мустақилликнинг бир йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
А.Раҳимбаева 1983-1986 йилларда Хоразм вилояти маданият бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1986-1991 йилларда Урганч шаҳар партия қўмитаси идеология масалалари бўйича котиб бўлиб ишлаган. 1988 йили кенг кўламда нишонланган Урганч шаҳрининг 340 йиллик тадбирларини ўтказишда алоҳида жонбозлик кўрсатди. Ушбу байрамга Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Украинадан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришган эди.
Урганчдаги “Мотамсаро она” ҳайкалининг тамал тоши қўйилганида опанинг ўзига хос ташаббускорлиги яққол намоён бўлди. Ҳайкалнинг энг мақбул нусхасини танлаш жараёнлари узоқ вақт талаб қилишига қарамасдан у жамоатчилик фикрига таяниб иш олиб борди. Бугунги кунда ана шу тарихий мажмуа шаҳримиз чиройига кўрк ва мазмун бағш этиб турибди.
Раҳимбаева меҳнат фаолияти давомида ўзига юклатилган ҳар бир ишни, топшириқларни юксак масъулият ва пок виждон билан бажарди. Шунинг учун ҳам ҳамиша ҳамкасблари, устоз ва шогирдлари ҳурматига, ишончига сазовор бўлди.
Эсимда, устоз 1991-1996 йилларда “Хорезмская правда” газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. Ўша йиллари муҳаррирнинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан “Хорезмская правда” газетаси кубоги учун шахмат мусобақалари ўтказилди. Устоз журналист Владимир Семенович Мильготин бошлаган турнир жуда мазмундор ва кенг миқёсда ўтказилиб келинди. Ташаббускор ва тиниб-тинчимас муҳаррирнинг ҳаракатлари билан ўша йиллари обуначилар ўртасида ўтказилган лоторея ўйинлари оммавий тус олиб, газета тиражи 13 минг нусхага етди. Газета ўз тарихида бундай обуначиларига ҳали эга бўлмаган эди.
Шу-шу, йиллар ўтди. Айханум Матрасуловна билан опа-сингил тутиниб, жуда қадрдонлар бўлиб қолдик. Турмуш ўртоғи Ринат акадек меҳрибон ва раҳмдил инсон билан бир ёстиққа бош қўйиб, муносиб фарзандларни, невараларни вояга етказишди. Ўғил-қизлари- Темурбек, Динара ва Герман ана шу меҳр-муҳаббат, ишонч ва садоқатнинг маҳсули эканлигини опа кўп марта такрорлайди.
Ринат ака бугун орамизда йўқ, аммо унинг порлоқ хотираси, сўнмас ва ўчмас бетакрор радио орқали янграган овози, сухандон сифатидаги маҳорати олдида ҳамиша таъзимдамиз. Ринат ака бетоб бўлиб қолганларида борсам, устоз эрини елкасида опичлаб, юз-қўлини ювишга ваннага олиб бораётган экан. Хижолат бўлмасинлар, деб ёрдамлашмоқчи бўлдим.
-Опажон, ёрдамчи чақирмайсизми, қийналмаяпсизми,-дедим.
-Дилбаржон, менга шу яқин инсонимнинг гапирмасалар-да, ҳаракатлана олмасалар-да тириклиги ўзи катта ҳикмат. Мен хизматларини бажонидил, рози бўлиб қиляпман. Бу менга синов. Имтиҳонидан муваффақиятли ўтишимга имкон бераётганига шукур, дедилар.
Ватанга садоқат билан хизмат қилиб, эл-юртда обрў-эътибор қозонган, шогирдларининг, дўсту ёрларининг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлаётган, касбий фаолиятда ўзига хос тажриба ва маҳорат соҳиби Айханум Матрасуловна қутлуғ 75 ёшни қаршиладилар.
Опажонимга бургутдек ўткир нигоҳингиз, ташаббус ва ғояларга бой умрингиз, шижоат билан давом қилаётган меҳнатларингиз, теран ва зийрак ҳаракатларингиз барчамизга ибрат мактаби бўлганлигини қайта-қайта таъкидлагим келади. Меҳнатларингиз самарали, натижадор ва қадр-қимматли экан-ки, бугун ҳам юксак мартабаларга эришиб турибсиз. Фарзанд, неваралар ва чеваралар бағрида қувониб яшаб, уларни ҳам муносиб ўғил-қизлар қилиб вояга етишларида жон куйдиряпсиз.
Устоз, умрингиз зиёда бўлсин. Дўстлар, шогирд-у фарзандлар даврасида мудомо қувониб яшанг.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси