Жамоатчилик назорати
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Сентябрь 13, 2023
- 231 кўрилди
РАҚҚОСАНИНГ БЕҲАЁ ЧИҚИШИ
Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали хоразмлик раққосанинг беҳаёларча чиқиши ҳақидаги видео кенг тарқалиб, аҳолининг катта эътирозлари ва танқидларига сабаб бўлган эди.
Ушбу долзарб мавзу доирасида Хоразм вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳузурида ташкил қилинган Жамоатчилик кенгашлари аъзоларининг “Маҳаллий оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда миллий қадриятларимизга хос бўлмаган беҳаё қўшиқлар, рақс ва ашулалар тарқатилишининг олдини олиш ва жойларда гўзал миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз тарғиботини ташкил қилиш” бўйича ишчи-йиғилиши ўтказилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, Кенаш раиси Д.Бекчанова иштирокчиларни кун тартибидаги муҳим ва долзарб масалалар билан атрофлича таништирди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи. Н. Қутлимуродова, меҳнат фахрийси Л.Асқарова, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири С. Раҳимберганова, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари С.Абдикаримова, “Куч адолатда” газетаси Хоразмдаги мухбири А.Собиров, вилоят ички ишлар бошқармасининг хотин-қизлар масалалари бўйича бошлиқ ўринбосари С. Худайберганова, УрДУ доценти ва ўқитувчиси С.Машариповалар сўзга чиқиб, ушбу ҳолат хоразмликларни қаттиқ ташвишга солганлигини таъкидлашди. Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида бундай ҳолатларнинг тарқатилиши олдини олиш, тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жонлантириш юзасидан ўз фикрларини баён қилдилар.
Сўзга чиққанларнинг билдирган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, “Оқила аёллар” ҳаракати, “Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг иш режаларида белгилаб берилган миллий қадриятларни, урф-одат ва гўзал қадриятларимизни янада юксалтириш мақсадида олий таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари ўртасида фаоллар ва маҳалла раислари билан биргаликда кенг тушунтириш олиб бориш, бу ишларга олимлар, педагог-ўқитувчиларни кенг жалб қилиш муҳим эканлиги айтиб ўтилди. Хоразм вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳузурида ташкил қилинган Жамоатчилик кенгашлари томонидан биргаликда медиа-режа ишлаб чиқиш ҳамда ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйиш масалалари режалаштирилди.
Йиғилиш кенгаш аъзоларининг ўзаро қизиқарли савол-жавоблари, ишчанлик тартиби ҳамда ва фикрлар хилма - хиллиги асосида ўтказилди.