АЁЛЛАРИ ТИНЧ ЯШАГАН ЮРТ

АЁЛЛАРИ ТИНЧ ЯШАГАН ЮРТ

тинч бўлади, аёллари хор бўлган юрт эса фалокатга учрайди,
дейилади, Ҳадисда. “Ақлига иш буюриб”, оиласи бағрида тинч
ва осойишта ҳаёт кечираётган, меҳнат қилиб, унинг роҳатини
кўраётган  аёлларга ҳаммамизнинг хавасимиз келади. Ёки
аксинча,  иссиқ гўшасини, оиласини,  жумладан, фарзандларини
йиллар давомида ўз ҳолича ташлаб кетаётган, кейинчалик
афсус чекаётган оналар, уларнинг сўнгги пушаймонларга тўлиқ
изтироблари ҳақида  кўп эшитамиз.
Хоразм вилояти оила ва хотин- қизлар бошқармасибошлиғи,
вилоят ҳокимининг ўринбосари Қутлимуродова Нигора Машариповна
билан  суҳбатимиз ана шу масалалар доирасида бўлиб ўтди.

 

- Нигора Машариповна, юртимизда инсон қадри-қимматини янада юксалтиришга хизмат қилаётган ислоҳотлардан, мисли кўрилмаган даражада ўзгаришлардан барчамизнинг кўзимиз қувонади,  дилимиз яйрайди.  Шак-шубҳасиз,  эришилаётган ютуқларда, амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларда хотин-қизларнинг ўрни ва роли алоҳида.

            - Муҳтарам Президентимиз  энг аввало аҳолининг нозик қатлами бўлган хотин-қизлар ва болаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта  эътибор беряптилар. Аммо  қатор  ютуқларга қарамасдан ҳалигача оғир турмуш шароитларини бошдан кечираётган, иқтисодий қийинчиликларда яшаётган оилалар, ишга яроқли, бироқ  муҳтож аёллар анчагина. Уларни  иш билан таъминлаш, муносиб турмуш  шароитларини яратиб бериш  энг муҳим вазифа. Зеро, аёл рози бўлса, оила бахтли, жамият  тинч бўлади.

            Мамлакатимизда инсон манфаатларини кучли тамойиллар асосида ҳимоя қилишга йўналтирилган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” “Темир дафтар” ларнинг жорий этилиши оилалар,  аёллар тақдирини, турмуши ва ҳаётини тубдан ўзгартиришга,  фарзандларимиз бахти ва саодатини таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, бундай ижтимоий ҳимоя бирон  бир давлатда кузатилмаганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Маълумотларга кўра, вилоятимизда  жами 1 миллион 971 мингдан ортиқ аҳолининг 50 фоизини аёллар ташкил қилади. Иш билан банд бўлган аёллар 306 минг 701 нафар, мамлакатимиздан ташқарида ишлаётганлар хотин-қизлар эса 27 минг 478 нафардан иборат. Ҳозирги кунда 41 минг 881 нафар аёл ишлаш хоҳишини билдирган. Демак, олдимизда 41 мингдан зиёд аёлни тўлиқ иш билан таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш  масалалари кўндаланг турибди.

Тўғри, бу осон эмас, аммо воҳамизда ташкил қилинаётган янги ишлаб чиқариш саноат объектлари, хорижий инвесторлар кўмагида бунёд қилинаётган қўшма корхоналарнинг ишга тушиши, касаначилик ва ҳунармандчиликни  янада ривожлантириш натижасида яқин уч йилликда аёлларни иш билан банд қилиш даражаси 90 фоизга ошиши режалаштирилган.

-Воҳада хотин-қизларининг тадбиркорлик йўналишида қўлга киритаётган ютуқлари салмоқли. Шулар ҳақида ҳам   гапириб ўтсангиз.

-Жамият ривожида хотин-қизларнинг роли жуда катта. Рақамларга эътибор берайлик. Таҳлилий маълумотларга кўра бугунги кунда вилоятимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги, тадбиркорлик йўналишидаги фаоллиги тобора  ўсаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Ўтган йил давлат ишларидаги раҳбар аёлларнинг ўрни  20 фоиздан 25 фоизга, депутатлар 21 фоиздан 29 фоизга, тадбиркор аёллар 19 фоиздан 32 фоизга, турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари совриндорлари 37 фоиздан 52 фоизга ўсди.

            Жорий  йилнинг 1 июль   ҳолатига  хотин-қизлар учун  ўзини–ўзи банд қилиши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари  мақсадида  тижорат банклари томонидан 7 та фаолият йўналиши бўйича (тикувчилик, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик) йўналишларида  9  минг  842   нафарига  жами 212  млрд  802   млн сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган. 9360 нафар аёллар касб-ҳунарга ўргатилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 21 сентябрдаги ПҚ-376-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида                    2022 йилда 13 та маҳаллаларда, жорий йилда 52 маҳаллаларда  хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилинди.

Марказларнинг асосий вазифаси ишсиз, айниқса, қишлоқ жойларда бола тарбияси билан уйда ўтириб қолган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик каби йўналишларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйишдан иборат. Марказларда битта лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир нафар бандлиги таъминланадиган ишсиз хотин-қиз учун оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда 3 миллион сўмдан ошмаган миқдорда давлат гранти ажратилиши назарда тутилган.2022 йилда Кўшкўпир тумани “Файз” хусусий корхонаси 20 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб    50 млн сўм миқдорида давлат гранди олишга сазовор бўлди.  Жорий йилда марказларда фаолият юритган 6 нафар тадбиркорлик субъектларига 200 млн сўм миқдорда давлат гранди ажратилди.

Нигора Машариповна, ижтимоий ҳимояга муҳтож  аёллар ва уларнинг оилаларига қандай  ёрдам ва кўмаклар берилмоқда?

-Жорий йилнинг 6 ойи давомида ногиронлиги бўлган 161 нафар аёлларга ногиронлик аравачаси, 112 нафарига эшитиш мосламалари, 55 та ҳасса ва бошқа реабилитация воситалари олиб берилди, 38 нафар хотин-қизларнинг жарроҳлик амалиёти ҳаражатлари қопланди.

Вилоятда ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиши учун контракт тўловларини тўлаш тизими жорий этилиб, 150 нафар қизларнинг контракт суммалари маҳаллий бюджет томонидан ажратилди. “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган жами 55 минг нафар хотин-қизнинг 43 минг 529 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож 28 минг 454 нафар ишсиз аёлларнинг 23 минг 361 нафари иш билан таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 4368 нафар хотин-қизнинг 3724 нафарига  кредитлар ажратилди. Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларниниг  9148 нафаридан  4980 нафарига “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан бир марталик (1 млн 200 минг сўмдан) моддий ёрдамлар кўрсатилди. Уй-жойи таъмирланадиган 277 нафар хотин-қизларнинг 109 нафарига уй-жой масаласи бўйича амалий ёрдамлар берилди. I ва II гуруҳ ногирони бўлган хотин-қизларнинг  7122 нафаридан  5120 нафарига  бир марталик моддий ёрдамлар ажратилди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аёлларнинг 5340 нафаридан 4019  нафарига  бир марталик (1 млн 200 минг сўм) “Аёллар дафтари” жамғармасидан моддий ёрдамлар кўрсатилди.

            - Ҳа, албатта, ҳар бир аёл бахтли, гўзал ва фаровон ҳаёт кечиришга  ҳақли. Яхши  турмушни аёл ўз саъий-ҳаракати, ақли-фаросати, таъбир жоиз бўлса қадоқ қўллари, меҳнати билан яратади.

Ажримлар ҳақида ҳам тўхталсак. Статистик маълумотларга қараганда, вилоятда оила ажримларининг кўпайиб кетаётганини кузатиш мумкин. Сабаблари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?

-Тўғри, вилоятда ўтган 2022 йилнинг 6 ойи давомида 1023 та оилавий ажримлар қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилнинг 6 ойида 1274 тани ташкил қилди. Демак, ўтган йилга нисбатан 251 тага кўпайган. Оилавий ажрим кўрсаткичларини шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилиб ўтадиган бўлсак, Ҳазораспда (102-121) 19 тага,  Хонқада (65-104) 39 тага, Гурланда (60-96) 36 тага, Қўшкўпирда (93-116) 23 тага, Янгиариқда (69-97) 28 тага, Урганчда (105-139) 34 тага, Хива шаҳрида (45-69) 24 тага, Шовотда (106-119) 13 тага, Урганч шаҳрида (154-163) 9 тага, Боғотда (73-79) 6 тага, Хивада  11 тага, Тупроққаълада (38-48) 10 тага ошганлигини, Янгибозорда (58-57) -1 тага камайганлигини кўриш мумкин.

Ўрганиб кўрганимизда, оилаларда қуйидаги сабаблар билан  ажримлар ҳолатлари кузатилган:

-фарзандсизлик сабабли – 159 та,

-узоқ вақт бир оила бўлиб яшамаслик – 263 та,

-никоҳланувчининг оилага тайёр эмаслиги – 258 та,

-учинчи шахс аралашуви – 78 та,

-оммавий ёки хорижий маданиятнинг салбий таьсири - 12 та,

-хиёнат сабабли – 42 та,

-ичкилик, гиёҳвандлик оқибатида – 46 та,

-моддий етишмовчилик – 41 та,

-чет элга чиқиш мақсадида -15 та,

-бошқа имтиёзлар олиш учун – 352 та,

-тазйиқ ва зўравонлик сабаби -4 та,

-имтиёзли уй-жой олиш – 4 та.

    Ажримлар  ёш кесимида таҳлил қилинганда, 30 ёшгача бўлганлар орасида 256 нафарни, яъни 20 фоизни, 30 ёшдан катталар ўртасида эса 1018 нафарни, яъни 79,9 фоизни ташкил қилган.

2023 йил 1 июль ҳолатига ажрим ёқасига келган, низоли оилалар сони 1421 та оила бўлиб, “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссияси вакиллари томонидан 1226 та (86,2%) оила яраштирилди ва уларнинг ҳар бирига маҳалладаги намунали оилалар, маҳалла фаоллари, ҳаж ва умра зиёратига борган хожи ота-оналардан мураббийлар беркитилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрда Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 820-сон қарори асосида вилоятнинг 13 та шаҳар ва туманларида “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари” ташкил қилинди ва фаолият бошлади. Марказнинг асосий вазифаларидан бири никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маьнавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш ҳисобланади.

Вилоят хокимининг топшириғига асосан ажримларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир шаҳар, туманда режа-жадвал асосида марказларда ишчи гуруҳи билан биргаликда ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш чоралари кўрилмоқда. Ҳафтанинг ҳар жума куни “Ажримларнинг олдини олиш”  куни деб эьлон қилинган.

Вилоятда жорий йилнинг 6 ойида 7701 та никоҳ қайд қилинган бўлса, уларнинг 3883 нафари (жуфт никоҳланувчилар) “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари” да ўқитилдилар.

Юқоридаги сабабларга кўра санаб ўтилган ажримларнинг олдини олиш, бўшлиқнинг ўрнини тўлдириш учун энг аввало оилалар, аёллар билан кўпроқ ишлашимизга, уларнинг  масалаларини ўрганиб, янги ёндошувларни амалда татбиқ этишимизга тўғри келади. Ваҳоланки, оилаларнинг тинчлигини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди.

-Афсуски, баъзи бир аёллар билиб-билмасдан  жиноят кўчасига кириб қолмоқдалар. Жиноятчиликка мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда  жазони ўтаб қайтганлар билан қандай профилактик ишлар олиб борилмоқда?

- Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Вилоят бўйича хотин-қизлар томонидан 2023 йилнинг июнь ҳолатига 90 та жиноят содир этилган.
Бу ўтган йилнинг шу даврида нисбатан 14 та кўпайганлигини кўрсатади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ички ишлар, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа идораларнинг ҳисобида турган жами 1226 нафар  хотин-қизлар фаолияти, ҳаёти манзилли ўрганилди. Ўрганишлар натижасида илгари судланган 165 нафари ишга жойлаштирилди,  23 нафарига  моддий ва ижтимоий ёрдам берилди, 15 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди. Шунингдек, ўрганишларда 2 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайта тиклашга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Aмалга оширилган тадбирлар натижасида, жами 814 нафар (уларнинг 1 нафари вояга етмаганлар, 118 нафари 18-30 ёшдагилар, 2 нафари илгари судланганлар) хотин-қизлар ички ишлар органларининг профилактик ҳисобидан чиқарилди.

Профилактик ҳисобда турган 557 нафар хотин-қизга, 334 та оилага ҳамда уларнинг 145 нафар  болаларига психологик, ҳуқуқий, ижтимоий  ёрдамлар кўрсатилди.

Узоқ муддатга яшаш жойидан чиқиб кетган шахсларнинг оилалари ягона реестрини яратиш ва янгилаб бориш жараёнлари давом этмоқда.  Узоқ муддатга йил бошидан яшаш жойидан чиқиб кетган 3835 нафар хотин-қизларнинг ҳар бирининг оила аъзолари билан жамоатчилик гуруҳлари ва хотин-қизлар фаоллари, оқила аёллар биргаликда хонадонларда манзилли ўрганишлар олиб бордилар. Узоқ муддатга яшаш жойидан чиқиб кетган 30 минг 405 нафар хотин-қиз, 335 нафар вояга етмаган, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 15422 нафар ёшларнинг оилалари билан мунтазам тушунтириш ишлари ташкил қилинди. Ана шундай  хонадонларнинг оила аъзоларига психологик, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бориш амалиёти ҳам  йўлга қўйилди.

Хуллас, барча саъий-ҳаракатларимиз оилалар тинчлиги, аёлларимиз бахти-саодати ва  фарзандларимиз келажаги учун қаратилган. Зеро, аёл бахтли ва кўнгли хотиржам яшаса, юрт тинч бўлади. Кейинги пайтда фермер, тадбиркор, раҳбар аёллар ва оила бекалари ўртасида ўтказилаётган турли, ранг-баранг тадбирларимиз уларнинг ишга, меҳнат ва яшашга бўлган иштиёқлари, рағбатларини янада кучайтираётганининг гувоҳи бўляпмиз.  

Яқинлашиб  келаётган  “Энг улуғ, энг азиз “ байрам- Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан барча элдошларимни чин кўнглимдан муборакбод қиламан. Тинч ва осойишта юртимизда бахтли ва саодатли яшаш, фарзандларимиз роҳатини кўриш ҳаммамизга насиб қилсин. 

-Нигора Машариповна, мароқли суҳбатингиз учун ўз  миннатдорчилигимни билдираман.

-Саломат бўлинг.      

 

Суҳбатлашди:
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси,
 “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси 

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.