ДИРЕКТОР КУТУБХОНАГА ҲОМИЙЛИК ҚИЛДИ
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Август 08, 2023
- 288 кўрилди
Бундан роппа-роса 36 йил йил бурун ўнинчи синфни тугатган қизини онаси кутубхонага олиб келди. “Кўзи кутубхонада очилган” Гулбаҳор ўқишни тугатиб, шу ерда ишлашга қарор қилган эди. Ширин опанинг китобга бўлган чексиз меҳри-муҳаббати сабаб қизи ҳам кутубхона оғушида камол топди. Гулбаҳор китобларни кўз қорачиғидек ардоқлашни, севиб мутолаа қилишни онасидан ўрганди. Шу орада ҳам ишлаб, бир пайтнинг ўзида Тошкент маданият институтининг кутубхоначилик йўналишида сиртдан ўқишни тугатди...
Ҳикоямиз қаҳрамони Гулбаҳор Ражабовани боғотликлар яхши танишади. Раҳматлик отаси Фарҳод ака мактабда узоқ йиллар рус тилидан сабоқ берган. Зиёли оилада тарбия кўрган Гулбаҳор китобга ошно бўлиб, кам бўлмади.
Яқинда Гулбаҳор Ражабова ўзи раҳбарлик қилаётган туман ахборот-кутубхона марказига ҳомийлик қилиб, 25 миллион сўм ўтказди. Ушбу маблағга кутубхона учун янги стол-стул, китоб жавонлари ва турли кўргазмали асбоб-ускуналар сотиб олинди.
Китоб-инсонни элда азиз ва муҳтарам қилади. Гулбаҳор опа ўзига қадрдон кутубхонаси ва унинг китобхонлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида астойдил жон куйдирмоқда.
-Ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп, -дейди директор. - Китоб фондини янги бадиий адабиётлар билан бойитиш баробарида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантириш, болаларимиз қалбида китобга бўлган меҳр-муҳаббатни янада юксалтириш учун барча саъий- ҳаракатларимизни, тажрибаларимизни ишга солаверамиз.