ХАЛҚ РОЗИЛИГИ УЧУН

35 миллиондан ортиқ аҳолига эга, бағрига 140 дан зиёд  миллат ва элатларни жамлаган Ўзбекистон Республикасида барча тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эга. Эътироф этиш жоизки, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш  мамлакатимиздаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.

Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан чамбарчас боғлиқ бўлди.

Мазкур тарихий ҳужжат доирасида ҳар йилги қабул қилинадиган Давлат дастурлари орқали қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жазо турларини либераллаштириш, гендер тенглик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, қийноқларни олдини олиш, қолаверса, инсонпарварлик тамойили асосида йўлдан адашганларга яна бир имкон бериш ҳамда уларни жамиятга мослаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг қабул қилинганини ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қўйилган муҳим қадамлардан бири деса бўлади.

Албатта, Ҳаракатлар стратегиясининг 1995 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ва самарали механизмлари тақдим этишдаги ўрни ҳам беқиёс. Чунки айнан Ҳаракатлар стратегияси доирасида Омбудсманга Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш, унинг мажлисларида иштирок этиши ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш, фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлди.

Қолаверса, 2019 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм институти жорий этилди ва тегишли қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланди. Унга мувофиқ Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриши белгилаб берилди.

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йилда ҳам Омбудсман фаолиятига оид иккита Президентимиз ҳужжати имзоланди. Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳам Омбудсманга бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Фармони 2021 йил 10 сентябрида имзоланди. Мазкур қарорга асосан Омбудсманнинг ҳудудлардаги фаолияти янада кучайтирилади. 2022 йилнинг
1 январидан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юритиши белгиланди. Бу эса халқимизнинг муаммолари ва масалаларини бевосита жойида тезкорлик билан ҳал этилишига хизмат қилмоқда.

Қайд этиш лозимки, ўтган 25 йил давомида Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари жамоатчилик асосида ишлашган. Шу сабабли ҳамфуқаролар мурожаатлари билан асосий ишидан бўш вақтларидагина шуғуллана олишган.

Қарорга мувофиқ Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

-инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;

-фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш;

-ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, мурожаатни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш;

-ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

-инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили жорий йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 43 та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 35 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга, 5 таси ижтимоий ва 3 таси иқтисодий ҳуқуқларга оид. Шулардан, 39 таси кўриб чиқилди, 4 таси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Хива туманида яшовчи фуқаро Ж.Ж. Вакил номига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларга давлат стандарти талабларига жавоб бермайдиган, яъни 7 ёшгача бўлган болаларга берилиши мумкин бўлмаган озиқ-овқат махсулотлари берилаётганлигини билдириб, тегишли тартибда чора кўришни сўраган эди. Мазкур мурожаат юзасидан валоятдаги барча МТТларида тарбияланувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириш бўйича тегишли соҳа мутахассислари билан биргаликда текшириш ўтказилганда ҳақиқатда ҳам айрим МТТларида давлат стандарти талабларига жавоб бермайдиган, яъни 7 ёшгача болаларга бериш мумкин бўлмаган РФда ишлаб чиқарилган қуюқлаштирилган сут маҳсулотлари берилганлиги аниқланди ва аниқланган камчиликлар зудлик билан жойида бартараф этилишига эришилди.

Шунингдек, Урганч шаҳрида ва Гурлан туманида яшовчи қатор фуқароларнинг яшаш жойидаги электр, табиий газ, ичимлик суви билан боғлиқ камчиликларини бартараф этиш, соғлигини тиклаш ва имтиёзли кредит ажратиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакили фаолияти ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида унинг мурожаатлар билан ишлаш ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари ҳақидаги хабарлар Омбудсман расмий сайти, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилмоқда.

Юқоридагилар билан бир қаторда озодликдан маҳрум этиш жойларидан қайтиб келган шахсларни ижтимоий ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилиб, уларни иш ва уй-жой билан таъминлаш бўйича тегишли идораларга хатлар киритилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда, яъни 11-сон тергов ҳибсхонаси ҳамда ички ишлар органларининг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона, Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли мажбурий даволаш  муассасасида сақланаётган шахслар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг яшаш шароитлари ўрганиб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар бериб борилди.

Минтақавий вакиллар фаолиятидаги устувор йўналишлардан яна бири чекка ҳудудларда халқ розилигини таъминлаш мақсадида сайёр қабулларни ташкил қилишдан иборат.  Гурлан, Хонқа, Хива, Янгиариқ туманлари маҳаллаларида фуқаролар билан сайёр қабуллар ташкил этилганлиги муаммолар жойларда ечим топилишига имкон яратди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган сайёр қабулларга келган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга тегишли маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Одилбек ОЛЛАЁРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг)
Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили

Сайт маълумотларидан фойдаланганда http://aokaxorazm.uz расмий веб сайтига ҳавола кўрсатиш шарт.