ШАКАРЖОН ОПАНИ ЭСЛАГАНДА...
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Июнь 13, 2023
- 262 кўрилди
Инсоннинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ҳатто овози ҳам кўп нарсани англатади, дейишади. Шакаржон опа ҳақида гап кетганида, унинг энг аввало камтаринлигини эътироф қиламиз. Оддийгина уст-боши, рўмолини ҳам маромига етказиб ўраб қўйишлари ўзига хос эди.
Опа қўли меҳнатда қабарган, кўнгли очиқ, оддий ва фидойи кишилар меҳнатини кўп қадрларди. Негаки, ана шундай инсонлар унга қалбан жуда яқин ва таниш бўлган.
Эсимда, Хўжаниёзова Шакаржон Юсуповна ўша йиллари вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишларди. Боғот туманида ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масалалари мавзусида ўтказилган мажлислардан бирида мен ҳам қатнашгандим. Йиғилишда ҳазрати Нақшбандийнинг бир мисрасини келтирди: «Даст бакору, дил ба ёр» , яъни «Қўлинг меҳнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин» деди. Ота-онаси, боболари касби-корини тутиб, кам бўлмаётган кишилар, касаначилик ҳаракати туфайли ризқ-рўз топиб, рўзғор тебратаётган орамиздаги ҳунармандлар меҳнати ҳақида алоҳида тўлқинланиб гапирди. Боғот, Хонқа, Хива ҳунармандчилиги, қўли гул усталар номма-ном тилга олинди.
Залда йиғилган ота-оналар, тарбиячи ва педагогларга ана шу ўгитнинг моҳиятини ёшларга тушунтириш зарурлигини қайта-қайта таъкидлади. Фарзанд тарбиясини энг аввало оилада, сўнг боғча, кейин мактаб остонасидан бошлаш лозимлигини куюнчаклик билан гапирди. Таълим ва тарбия иши уйғун бўлиши ҳақида Абдулла Авлонийдан «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган пурмаъно сўзларни эслатди. Тарбия масалаларига эътибор берилмаган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳақида ташвиш билан сўзлади.
Инсонни тарбиялашда ҳаётий таъсирнинг роли жуда катта эканлигини, киши ҳунари ортидан нафақат оиласи, балки жамият тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшишини мисолларда келтирди. «Ҳар бир одам қандай вазифа ва лавозимда ишламасин, аввало бирон бир касб-ҳунар эгаси бўлишни ният қилиши лозим. Ҳаёт инсонга бир марта берилар экан, у ҳамиша ўзи учун муносиб турмуш шароитини яратиб, инсондек яшаши зарур» , – деди.
Шакаржон Юсуповна аҳоли олдида чиқишда, албатта тўпланганлар дилидагини айтишга, кундалик турмушдаги айрим муаммоларни қандай қилиб ечиш ва ижросини аниқ муддатларда таъминлаш юзасидан раҳбарларга топшириқ бериб, кейинчалик уни қаттиқ назорат қиларди. Ҳам раҳбар, ҳам меҳрибон она сифатида таълим-тарбия масаласига ёндошуви менинг бу аёлга бўлган ҳурматимни оширди. Камтаринлиги, оддий кишилар билан тезда тил топишиб кета олиши кўп таҳсинларга лойиқ эди.
Бир куни қабулларига масала билан борганимда, кимдир қорма (шовла) пишириб келтирган экан. Мен ҳам овқат устига бориб қолибман, бироз хижолат бўлиб турган эдим, опа мени кўриши билан ичкарига таклиф қилди.
– Келинг, сизнинг ҳам ризқингиз бор экан, келинг, – деди. Ўзимни ноқулай ҳис қилаётганимни сезган опа, яна, – келинг, сизнинг таом устига келишингиз Аллоҳнинг буйруғи, унда сизнинг ҳам ризқингиз бор экан, – деди яна.
– Дилбаржон, сизга бир воқеа айтаман, – деди опа. – Муҳаммад Пайғамбаримиз, олдиларига таом келтирсалар, қўл урмасдан кутиб ўтирар эканлар. Кимдир эшикдан кириб келса-ю шу билан насибамни баҳам кўрсам, дея ўйларканлар. Ҳеч қачон ёлғиз ўзлари луқма емаган эканлар. Сизнинг келишингиз шунга ишора. Биз эса, ҳар кун қорнимиз тўйса ҳам, кўзимиз тўймай, ҳеч ким билан таом баҳам кўрмай ўтиб кетяпмиз. Аллоҳим мени бугун шу савобга муяссар қилганига шукур.
Опа билан унчалик яқин таниш бўлмаган йилларимиз. Шакаржон Юсуповна менинг опам Раъножон Зарипова билан жуда яхши муносабат ўрнатган эди. Опамни яхши кўришларини кўп марта таъкидлаб, бир куни «Раъножон опани жуда ҳурмат қиламан, ажойиб инсон, аммо, сизни яхши билмайман», – деди кулиб. Бу гап менга бироз қаттиқроқ ботган бўлса-да билдирмасликка ҳаракат қилдим ва аста ёнларига бориб, «Шакаржон опа, мен Раъножон опанинг синглисиман, мени ўзингизга яқин тутсангиз, Раъножон опадан ҳам кўпроқ яхши кўриб қоласиз» дедим. Опа бир кулиб қарадилар-да, «Сиз сўзга чечан, ҳозиржавоб экансиз-ку», – деди. Ўша-ўша бўлди-ю, узоқ йиллар, умрининг охиригача опа билан жуда яқин бўлиб қолдик. Мен бу аёл билан ҳамиша яқин бўлишни орзу қилганман. Негаки, бундай инсонлар билан суҳбатдош, ҳамфикр бўлиш ҳамда унинг яқин кишисига айланиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Сўнгги йилларда мени «кўпроқ яхши кўриб қолганларини» ҳар дақиқа англаб турардим...
Тошкентда аёллар учун ташкил қилинган семинарлардан бирида иштирок қилган пайтимда, хоразмликлар номидан саволларга жавоб беришимга тўғри келди. Ўшанда маълум бир сабабларга кўра рўмол ўраб олгандим. Иштирокчиларнинг кўпчилиги «жавоб ва рўмолни» кўриб, Шакаржон опага ўхшатишди. Ўша тадбирда ташкилотчилар ҳам, бошқа вилоятлардан келган иштирокчилар ҳам Шакаржон Юсуповна ҳақида жуда самимий фикрлар билдиришганди. Мени опага ўхшатишганида жуда-жуда севинганман ва хижолат ҳам бўлганман. Шакаржон опадек бўлиш жуда қийин. Негаки, опага ҳаммамиз, бутун республика ҳавас қилгани ҳақиқат. Бундай раҳбар, гўзал фазилат эгалари дунёга камдан-кам келади.
Опа ғуржи, руҳи баланд аёл эди. Ўзлигини англаган, жонкуяр, юртни чин дилдан севган, унинг қадрига етган раҳбар эди. Ҳаловат билмай ишлади, жонини қийнади. Иш жараёнида вазиятларни аниқ таҳлил қилиши, адолатли баҳолаши, топшириқларни кам-кўстсиз адо этиши билан ҳам ҳурмат ва эътирофга лойиқ бўлди. Халқпарварлиги, оддийлиги уни камолотга етказди, юксак мартабаларга кўтарди.
Вилоятда ишлайдиган раҳбарлардан бири ишдаги коррупцияси ортидан «қалмоққа илиниб қолган эди» . Бу воқеа опага жуда қаттиқ таъсир қилгани мажлислардан бирида аён бўлди. Негаки, опа Хоразм ва хоразмликлар билан ҳар ерда, ҳар жойда фахрланарди. Хоразм ҳақида бирон жойда салбий фикр билдирилса, буни опа ўзига айтилган деб ҳисобларди.
Виждони уйғоқ, пок ниятли инсон ҳақида айримлар турли гаплар айтишган. Эсланг, дунёда машҳур инсонлар, таниқли аллома, олим ва фузалолар ўз даврининг таъқиб ва таъналари, қувғин ва дашномларига рўбарў келишган. Ал Беруний, Ал Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, шоҳ Жалолиддин Мангуберди, Бобур, ҳазрати Навоий ва бошқаларнинг умр дафтарларига бир назар солиб кўрайлик. Мевали дарахтларга ҳамиша тош отилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Муҳими, ана шу силсилаларга дош бериш, эзгу мақсадлардан воз кечмаслик.
Ўша кунги йиғиндаги шивир-шивир гаплар опанинг ҳам қулоғига етиб борди, шекилли. Ҳаммага бир-бир қараб олди-да, «Дилингни таъмадан тийсанг, тилинг узун бўлади» деди. Опа кўп чиқишларида тингловчиларни ўзига жалб қилоладиган иборалар, сўзлар келтириб, хулосалар чиқаришга, ўйлантириб қўйишга даъват қиларди...
Опа бетоб бўлиб қолганларида таниқли шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, қадрдон дугонам Гавҳаржон Ибодуллаева билан бир неча бор йўқлаб бордик. Сўнгги дақиқаларида опа билан узоқ суҳбатлашдик. Бизни ҳечам қўйиб юборгиси келмаганини сездик. Охирги борганимизда опанинг икки юзи қип-қизил эди, уни ҳеч беморга ўхшатмадик. Мен кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилдим.
– Юзларингиз жуда тиниқ, бугун янада гўзаллашибсиз. Озод акам кўрсалар, сизга қайта ошиқ бўлиб қолишлари аниқ, – дея ҳазиллашдим.
– Шунинг учун экан-да, Озод акангиз ўз севгисини бошқачароқ изҳор қилдилар бугун, – деди опа чеҳраси очилиб. Ўша куни опа билан узоқ ва мароқли суҳбат қурган эдик...
Бугун опа орамизда йўқ, аммо, унинг хайрли ва эзгу ишлари, она, аёл ва раҳбар сифатидаги беназир фазилатлари, нурдек ойдин чеҳраси шогирдлари, эл-юрт хотирасида мангу қолади.
Жойларингиз жаннатда бўлсин. Ҳурлар қаторида юринг, опажон.
Сизни унутиб бўлмайди...
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи,
журналист,