ТАШКИЛОТ ИМИЖИНИ ОШИРИШ
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Июль 12, 2023
- 228 кўрилди
Ташкилот имижини оширишнинг энг оммалашган ва самарали инструменти бу- PR. Хўш, PR нима ўзи? (Public Relations). Паблик рилейшнз инглизча сўз бўлиб, «жамоатчилик билан алоқалар», «жамоатчилик билан муносабатлар», «оммавий алоқалар» деган маънони англатади.
Жаҳон медиа маконда жамоатчилик билан алоқаларни қисқача PR – Пи-Ар дейишади. Аниқроғи хориждан, ушбу термин ўз фаолияти доирасида бизнинг ҳам истеъмолимизга, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётига кириб келди.
Пи-Арнинг мақсад ва вазифаси тўғрисида халқаро Уэбстер луғатида шундай изоҳ берилган: «РR – бу шахслар ва ташкилотларнинг бошқа кишилар, гуруҳлар билан ва умуман, жамиятда ўзаро самимийликни вужудга келтириш ва бир-бирини англашга кўмаклашиш ҳамда шарҳловчи, таҳлилий мақолаларни тарқатиш, ахборот алмашинувини ривожлантириш, жамоатчилик фикри ва таъсирини баҳолашдир».
Жамоатчилик билан алоқалар – РR (паблик рилейшинз) маълум бир объектнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тизимларда имижини яратиш ва амалга ошириш технологиясидир. Ғоялар, товарлар, хизматлар, шахслар, ташкилотлар, фирмалар, брендлар ушбу технологиянинг муҳим жиҳатидир.
PR кенг маънода жамоатчилик фикрини бошқариш, жамият ва давлат идоралари ёки тижорат тузилмалари ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш, ижобий рақобатни янада юксалтириш, шу жумладан, ижтимоий, сиёсий ёки иқтисодий жараёнларни холис тушуниш, демакдир.
PR қилинадиган объект жамоатчилик билан алоқалар субъекти кўзлаган мақсадларига қараб танланади. Аниқ ва мақсадли ҳолатларда субъект ўз жамоатчилигини белгилайди. Жамоатчилик билан алоқалар объекти ҳокимият органлари, жамоат ташкилотлари (масалан, касаба уюшмалари ва бирлашмалар), сиёсий партиялар, жамоат фондлари ва ҳаракатлари, оммавий ахборот воситалари, шаҳар, шаҳарча аҳолиси ва бошқалар бўлиши мумкин.
Паблик рилейшнз тушунчаси қисқа вақт ичида замонавий касб даражасига кўтарилди, десак хато бўлмайди. У соҳалар ичида энг ёш касблардан саналади. Айтиш мумкинки, ҳозирги кунда у касбий фаолият сифатида шаклланди.
Паблик рилейшнзнинг пайдо бўлиши XIX асрга тўғри келади. ХХ асрга келиб ўзини тўлақонли намоён этди, десак хато бўлмайди. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида РR нинг пайдо бўлишини ўзига хос ижобий ҳодиса, янгилик сифатида қабул қиламиз.
Бутун дунёда РR нинг йирик ижтимоий-сиёсий тузилма сифатида мавқеи жуда баланд. Унинг фаолиятини ижтимоий ва иқтисодий, ҳукумат ҳамда парламентлараро муносабатларда, халқаро ва миллатлараро алоқаларда, туризм, молия йўналишида, савдо-сотиқ, саноат ишлаб чиқариш, инвестиция соҳаларида, турли тадқиқот ҳамда оммавий ахборот воситаларида кўришимиз мумкин. Зеро, бугунги кунда айни ана шу соҳаларда PR га талаб ва эҳтиёж кундан-кунга ошиб бормоқда. Ахборот технологиялари тобора юксалиб бориши туфайли ахборотлар ҳам дунёнинг у бурчагидан бу бурчагига бир зумда етиб бормоқда. Жаҳон медиа майдонида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ўзгаришлар ҳам шунга яраша бўлаётганини ҳар дақиқа кузатиб турибмиз.
Бугун «Ахборот технологиялари даври»да «ахборотни бошқариш» деган тушунча ҳам юзага келди. Сир эмас, ахборот тарқатувчилар томонидан баъзан ахборотларни нотўғри етказиш ёҳуд салбий талқин қилиш, айрим ҳолларда ундан қора ниятлар йўлида фойдаланиш, нотўғри ахборотлардан ўз манфаатлари йўлида узатиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу эса инсонлар, давлат ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, манфааатлар, алоқалар самимийлиги ҳамда ижобийлигига путур етказяпти, турли келишмовчиликлар туғдиряпти.
Дунё – бозор, дейишлари ҳам бежиз эмас. Дунё бозорида ахборот глобаллашуви билан бирга ишлаб чиқариш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва турлари тобора ошмоқда. Табиийки, саноат, ишлаб чиқариш кундан-кунга тараққий этиб борар экан, бир-бирига рақобатли корхона, фирма ва ташкилотлар пайдо бўлади. Ҳар ким манфаат учун муваффақиятга эришишнинг йўлларини излайди ва бу йўлда курашади. Аёнки, бундай вазиятларда дунё бўйлаб оммалашаётган РR нинг хизмати катта роль ўйнамоқда.
Мамлакатимизда ҳам бугунги кунда ҳар соҳада халқаро андозаларга интилиш кузатиляпти. Ўзбекистонимиз тараққиётининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган 7 та стратегик йўналиши ҳам айнан жамоатчилик билан алоқаларни ўзида ифода этиши билан аҳамиятлидир. Ҳар бир йўналиш мантиқан жамоатчилик билан муносабатларда давлатимиз тараққиётига хизмат қилади. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўли танланган давлатимизда жамоатчилик билан алоқаларсиз тараққиётни, келажакни, умуман стратегияни тассаввур этиб бўлмайди.
Шуни ҳисобга олиб, РR татбиқ этилаётган шаҳар ва туман ҳокимликлари, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари доирасидаги фаолиятини ўрганиб кўрамиз.
Зеро, жойларда давлат идоралари устидан жамоатчилик назорати мунтазам ўрнатилсагина мамлакатда демократик тамойилларга амал қилинади. Бунинг учун эса жамият аъзоларини ҳукумат органлари фаолияти билан доимий равишда таништириб бориш зарур. Давлат органлари фаолиятининг шаффоф ва очиқлигини таъминлашда ҳам РR нинг аҳамияти ниҳоятда катта.
2019 йил 27 июнда давлатимиз раҳбари томонидан «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4366-сон қарори қабул қилинди. Ушбу қарор жамоатчилик билан муносабатларда шаффофлик, халқ билан давлат идораларининг янада яқинлигини таъминлашда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Мазкур қарор билан янги лавозимга тайинланган давлат органлари ва идора-ташкилотларининг ахборот хизмати раҳбарлари ҳудудларда кенг миқёсдаги амалга оширилаётган ишлар, янгиланиш одимлари ва шиддатларини, мамлакатда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни ўз вақтида аҳолига етказиб бериш мақсадида ташкил қилинди.
Зеро, фуқаролик жамияти қуриш ва қонунларнинг таъсирини ошириш учун жамоатчилик билан алоқаларга катта аҳамият бериш кераклигини бугун бутун жаҳон аҳли тан олди. Таъбир жоиз бўлса, жамоатчилик фикри – фуқаролик жамиятининг ҳолатини ўзида аниқ акс эттирадиган бамисоли бир кўзгудир. Президентимизнинг ПҚ-4366-сон қарори асли мазмун-моҳияти, мақсад-вазифалари том маънода жамоатчилик билан муносабатларга, айнан РR га йўналтирилган, десак хато бўлмайди.
Хўш, жамоатчилик билан алоқаларни ҳокимиятлар, идора ва ташкилотлар қайси усулларда амалга оширяпти? Буни изоҳлаш учун ҳокимиятлар, идора ва ташкилотларнинг иш йўналишига эътибор беришимиз керак.
Маълумки, давлат органлари ва ташкилотлари асосан уч йўналишда иш олиб боради:
- Республикамиз қонунлари, Президент ва ҳукумат қарорлари, фармойишлари, дастур ва иш режалар, йўл хариталари, лойиҳалар ижросини таъминлаш.
- Белгиланган тартибда юқоридаги фаолиятлар юзасидан назорат-таҳлилни олиб бориш. Таҳлиллар асосида масалаларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш.
- Кенг кўламдаги фаолиятнинг тарғиботи ва ташвиқоти ишларини олиб бориш.
Аёнки, барча йўналишлар бевосита РR, яъни жамоатчилик билан алоқаларга дахлдор. РR сиз муваффақиятларга, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Идора ва ташкилотлар, ҳокимликлар иш фаолиятининг ҳар бир йўналишида албатта РR имкониятларидан самарали фойдаланишлари зарур. Зеро, бунингсиз ишларимизнинг самараси ва натижаси ҳам бўлмайди.
Учинчи йўналишга кўра тарғибот ва ташвиқот ишларини таҳлил қилиб кўрайлик. Бу йўналишда олиб борилаётган ишларни тўрт қисмга бўлиш мумкин.
Биринчи йўналиш-тадбирлар уюштириш (матбуот конференциялари, очиқ мулоқот, пресс-тур, давра суҳбати ва бошқалар).
Иккинчи йўналиш – ҳокимиятлар фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши.
Учинчи йўналиш – ташкилотнинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиботи.
Тўртинчи йўналиш – блогерлар билан яқиндан ижодий ҳамкорлик қилиш.
Сир эмас, жаҳон медиа маконида ахборийлашув тобора глобаллашиб бормоқда. Ахборийлашувнинг ижобий томонлари жуда кўп бўлиши билан бирга салбий томонлари ҳам йўқ эмас. У баъзан информацион хуружни келтириб чиқаряпти. Бугунги мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан ҳам катта куч эканлигини жаҳон сиёсатчилари таъкидлашмоқда. Бу эса РR нинг аҳамиятини, моҳиятини янада оширади.
Ўзбекистон миллий университети журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек ўзининг илмий изланишларида PR имкониятларига қуйидагича таъриф бериб ўтган: «Соҳа мутахассисларининг қайд этишларича, жамоатчилик билан алоқалар, хусусан, одамлар билан муносабатлар ранг-баранг бўлиши мумкин. Кимдир мулоҳазакорлик билан муносабатда бўлса, бошқаси қизиққонлик қилади. Ким ҳақдадир ижобий фикр айтилса, бошқаси ҳақида салбий гаплар қулоққа чалинади. PR нуқтаи назаридан буни соддагина қилиб: оқ ва қора РR деймиз. Бу атамалардан уларнинг мазмун-моҳияти акс этиб турибди.
Оқ РRда оқкўнгиллик билан қилинадиган самимий муносабатлар ўз ифодасини топади.
Қора РRда – ичиқоралик, кўнгли қоралик билан қилинадиган саъй-ҳаракатлар акс этиб тургандек… (Баъзилар шунақа гаплар айтаётганида, ҳатто кимдир «бўяб гапиришга уста экан» деб писанда қилишини эшитгансиз).
Ахборот тарқатилишида маълум мавзулар тегишли рангга «бўяб» талқин этилади. Буни назариётчилар: оқ ёки қора РR деб атайдилар. Ахборот моҳиятига кўра PR да бошқа ранглар ҳам учрайди.
Эътибор қилсангиз, деярли барча муносабатлар моҳиятида оқкўнгиллик ёки ичиқоралик нафаси сезилиб туради. Аксарият эзгу ниятли кишилар яхши мақсадлар билан ишга киришса, қайсидир кимсалар хатти-ҳаракатида ёмон, хатарли, ўз манфаатлари йўлида ғаразли ниятларини ҳам сезиш мушкул эмас» .
Дарвоқе, ижтимоий тармоқларда фаолият олиб бораётган айрим фуқаролар қора РR имкониятларидан фойдаланиш орқали кўпроқ аудиторияни ўзларига жалб қилиш учун астойдил ҳаракат қиладилар. Ортиқча шов-шув чиқариш ва сохта обрў ортидан югураётган ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатаётганларни қора РR билан шуғулланувчилар сирасига киритиш мумкин. Оқ РR бу анъанавий, оддий услубда ўз маҳсулоти, хизмати ва бошқа ишларни, соҳалар фаолиятини жамоатчилик олдида кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Шунинг учун ҳокимиятлар, идора ва ташкилотлар учун РR сув ва ҳаводек зарур. Матбуот анжуманлари, пресс-тур, очиқ мулоқот ва бошқалар ёрдамида ахборот хизматлари ташкилот фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни таништириш имкониятига эгадирлар. Ушбу тадбирларда муаммолар аниқланади, аҳоли фикри ўрганилади. Зарурият туғилганида, мутахассислар билан тажриба алмашилади, улардан хулосалар олинади. Ташкиллаштирилган тадбирлар орқали аҳолининг ёзма ва оғзаки аризаларига жавоб берилади. Ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган танқидлар ва чиқишларга муносабат билдирилади. Фуқаролардан келган шикоятларни, халқни қийнаётган муаммоларни атрофлича ўрганиб чиқиб, тегишли мутассадди идораларга мурожаат қилиб, имкон борича масалани ижобий ҳал этишга ҳаракат қилинади.
Кейинги пайтда ахборот хизматлари фаолиятида яна бир яхши ёндошув шаклланди. Маҳаллалардаги муаммоларни аниқлаш ва улар ечимини топишда айрим ахборот хизмати раҳбарлари масалаларни бевосита идора ва ташкилотларнинг бошлиқлари, масъуллар иштирокида ижобий ҳал этиш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширмоқдалар. Бу энг аввало фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли, муаммолар ижобий ҳал қилинишини таъминлаяпти.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар мафкура манбаларидан бири бўлмиш ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланган. Чунки, ижтимоий муносабатларда уларнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, жамоатчиликнинг фикрини шакллантиришда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Таниқли устозимиз, профессор Мухтор Худойқулов «Матбуотнинг ижтимоий моҳияти, асосий функциялари нуқтаи назаридан қараганда, унинг яна бир хусусияти – жамоатчилик фикрининг ифодачиси эканлигида яққол кўринади. Матбуот жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини акс эттирар экан ҳамда ижтимоий борлиқ билан ижтимоий онгнинг бир-бирига таъсир кўрсатишида фаол ҳаракат этувчи омил вазифасини бажарар экан, бу борада жамоатчилик фикрига таяниб иш кўради», – деб ёзади.
Барча оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, бугунги ислоҳотларнинг қай йўсинда олиб борилаётганини аҳолига самарали етказиш, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини янада ошириш ҳамда ҳуқуқий мавзудаги чиқишларни кўпайтириш ҳамда таъсирчанлигини ошириш давр талабидир. Бунинг учун аввало ҳокимиятларнинг жамоатчилик билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарур бўлади.
Зеро, РR нинг вазифаси ҳам омма муаммоларини ҳал этиш, жамоатчилик ва маълум ташкилотлар, мақсадли аудиториялар ўртасида илиқ муносабатни йўлга қўйиш, ижобий муҳит яратиш ҳисобланади.
2022 йилнинг ўзида Хоразм вилояти давлат органлари ва ташкилотларининг жами 48 нафар ахборот хизмати раҳбарлари томонидан мингдан ортиқ матбуот тадбирлари ўтказилишига эришилди. Бўлиб ўтган матбуот тадбирларида мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маданий соҳаларидаги ўзгаришларнинг ижтимоий ҳамда амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Бу тадбирлар, қоида тариқасида, идора ва ташкилотларнинг, турли ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирокида ўтказилмоқда. Энг муҳими, мазкур тадбирлар орқали аҳолининг мавжуд ҳолатдан хабардорлиги таъминланмоқда.
Буларнинг барчаси давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларининг жамоатчилик билан мунтазам алоқа қилишини, тегишли органлар вакиллари, мутахассислар билан доимий муносабатда бўлиб, улар билан тажриба алмашишини, фикр-мулоҳазасини ўрганишларини, шунингдек, халқ ўртасида юриб, муаммоларини таҳлил этишини, фуқаролар орасида кенг тушунтириш ишларини олиб боришларини ифодалаб турибди.
Вилоятнинг 529 та маҳалласида иш фаолиятини бошлаган шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ёрдамчилари матбуот котиблари билан ҳамкорликда аҳоли муаммоларига доир масалаларни биргаликда, тизимли равишда ҳал этишга киришдилар. Дарҳақиқат, шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ҳоким ёрдамчиси лавозимининг ташкил қилиниши жамоачилик билан алоқаларнинг, давлат органлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг энг муҳим самарали йўли бўлди.
Ушбу амалиётнинг жорий этилиши ахборотнинг ижтимоий аҳамияти янада ошиб, РR каби янги ўта муҳим соҳаларнинг юзага келишига, тараққий топишига туртки бўлди. РR – янги соҳа бўлса-да, ҳозир жаҳонда йирик ижтимоий-сиёсий тузилма сифатида катта нуфузга эга. Негаки, ахборот ёрдамида жамиятдаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, миллатлараро ижобий муҳитни яратиш, сиёсий-ижтимоий мувозанатни меъёрлаштириш, кишилар ўртасида ўзаро ижобий муносабатларни қарор топтириш, янги-янги ғоялар ва ташаббусларнинг пайдо бўлишида унинг роли ниҳоятда катта.
Юқорида таъкидланганидек, ҳукумат фаолиятида ҳам РR га жуда катта эҳтиёж бор. РR ни қўллаш ҳукумат ва халқ ўртасидаги муносабатларни яхшилайди, қонунларни фуқаролар томонидан ижобий қабул қилинишига, амалда тўғри бажарилишига имкон беради. Бунинг учун эса, авваламбор, давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан жамият аъзоларини мунтазам ва батафсил таништириб ва тушунтириб бориш зарур бўлади.
Зотан, ҳуқуқий демократик давлатнинг, фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бири ҳам – давлат идоралари фаолиятида ошкораликка эришишдир. Паблик рилейшнз эса оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ҳукумат фаолиятини ёритишга хизмат қилади. Зеро, жаҳон тажрибасидан маълумки, жамоатчилик билан алоқалар фаолиятининг тўқсон фоизига яқини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар билан бевосита боғлиқдир.
Бугун кундалик турмушимизнинг ажралмас бир қисми бўлган оммавий ахборот воситаларидан, жаҳон ижтимоий тармоқларидан кенг ва самарали фойдаланиш ижтимоий ҳаётда маҳаллий ҳокимият, идора ва ташкилотларнинг роли ва таъсирини ошириши билан бир қаторда жамиятни демократлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсад ҳамда вазифаларининг самарали амалга оширилишига хизмат қиляпти.
Ҳукумат органлари фаолиятининг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилиши ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш сари қўйилган муҳим қадам десак, муболаға бўлмайди. Зотан, ҳуқуқий демократик давлатнинг, фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бири ҳам – давлат идоралари фаолиятида ошкораликка эришиш.
Ошкораликни таъминлашда эса ҳокимликларнинг, идора ва ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари астойдил ва самарали хизмат қилиши зарур. Оммавий ахборот воситалари ҳукумат билан халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтаётганидек, ахборот хизматлари ҳам бу ишни худди шундай тартибда бажарадилар. Шу сабабдан, РR ахборот хизматлари фаолиятида жуда қўл келмоқда. Чунки, оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ва РR нинг мақсад-муддаолари, вазифалари ҳам бир-бирига ҳамоҳанг.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, мамлакатимизда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш бизнинг ҳар қадамимизни зимдан пойлаб юрган ғанимларимиз тарқатаётган турли миш-мишларга, бўҳтон ва уйдирмаларга қарши зарба беради. Тирноқ остида кир қидириб юрганларга, юртни, аҳолини фикрини бузмоқчи бўлганларга ҳам иш қолмайди.
«Агар жамоатчилик фикри қарши бўлса, ҳеч бир ишда ютуққа эришиб бўлмайди. Жамоатчилик қўллаб-қувватлаган ҳеч бир ҳаракат бесамар кетмайди», – деган экан Авраам Линкольн. Бу айни ҳақиқат.
Юртимизда РR хизматини самарали йўлга қўйиш ҳар қачонгидан ҳам зарур. Чунки, юртимиздаги йирик-йирик корхоналарда РR хизматини йўлга қўйсак, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар харидоргир бўлади ва четдан кириб келаётган сифатсиз маҳсулотлар тарқалишининг олди олинади, маҳаллий маҳсулотларимизга кенг йўл очилади.
Дунё аҳли Наполеон Бонапартни PR ва тарғибот даҳоси ҳисоблайди. Император қўполлик қилиб, куч ишлатишдан кўра ақл-идрок устидан ҳукмронлик қилишни жуда яхши билган. Бундай ёндошув яхши натижа беришини ҳам тушунган. Наполеон тингловчиларини оташин сўзи, ташқи қиёфаси, кийиниши билан ҳам ниҳоятда кучли тарзда ўзига жалб қила олган. Муаммоли вазиятларда ҳам жамоатчилик фикрини моҳирона бошқарган. Энг аввало нутқи ишончли бўлишига эришган. Шунинг учун миллионлаб французлар уни кўкларга кўтаришган. У ўз замонасида шундай деган эди: «Жамоатчилик фикри – бу тулпор, у баъзан жиловлашга тўғри келадиган даражада қайсар бўлиши мумкин» .
Ҳа, дарҳақиқат, бугунги кунда ҳам PR – «ё ҳаёт ёки мамот масаласи»га айланган, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун РR том маънода ҳар бир ташкилотнинг муайян юзи-кўзи, қилич ва қалқони сифатида унинг нуфузини оширишга, ахборот майдонида мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан ўта муҳим ва беқиёс аҳамиятга эга.
БEКЧАНОВА ДИЛБАР ЗАРИПОВНА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи