Хоразм вилоятининг экспорт салоҳияти ўтган йилга нисбатан ошди
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Сентябрь 09, 2020
- 288 кўрилди
Бугунги пандемия шароитида юзага келган вазият маълум маънода ишлаб чиқаришга ўз таъсирини кўрсатди. Бироқ шундай оғир вазиятда фуқароларнинг даромадлари камайиб кетмаслиги, ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлаши катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш ва тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган Президентимизнинг муҳим Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратилди.
Ушбу яратилган қулайликлар асосида қуёшли заминимизда миришкор деҳқон ва фермерларимиз томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги ҳамда замонавий фабрика, завод ва корхоналарда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ва саноат маҳсулотларимиз хориж бозорларида муносиб ўринни эгалламоқда.
Хоразм вилоятида ҳам бундай оғир шароитда амалга оширилган экспорт кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан ўсишга эришилди. Хусусан, жорий йилнинг 8 ойи давомида вилоят тадбиркорлари томонидан қиймати 65,7 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар хорижга экспорт қилинган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,4 фоизга ёки 23,0 млн. АҚШ долларга ошганлигини кўришимиз мумкин.
Вилоятдан 20 та давлатга товарлар экспорт қилинди, асосий импортёр давлатлар Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Эрон, Бангладеш, Тожикистон, Беларуссия, Афғонистон ва Германия давлатларига тўғри келди. Ўтган давр мобайнида вилоятдан 30 турдаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Мавжуд эпидемиологик вазиятда ташқи савдо юклари белгиланган санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилиб, божхона тўловларини давлат бюджетига ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши борасида вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги “Урганч” ва “Хазорасп” эркин иқтисодий зона ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан экспортёр корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, бундан ташқари экспорт фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркорлар билан тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш ишлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, экспорт товарларини ўз вақтида қисқа муддатда расмийлаштириб бериш бўйича туну-кун хизмат ташкил этилган.
Бир сўз билан айтганда карантин ҳолатига қарамасдан божхона тизимида тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида барча имкониятлар тўла сафарбар этилган.
Шу ўринда, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони”га ёки Хоразм вилояти божхона бошқармасининг (62) 227-70-11 телефон рақамига мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтамиз.