МУҲИМ ҚАДАМЛАР ҚЎЙИЛДИ
- Автор: Сапарбоев Наврўз
- Июль 14, 2022
- 403 кўрилди
Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп давлатлардан бири ҳисобланади. 34 миллиондан ортиқ аҳолининг ярмидан кўпроғини хотин-қизлар ташкил қилади. Мамлакатимиз Конституциясининг 46-моддасида аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглиги белгилаб берилган.
Юртимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ва улар хуқуқларининг кафолатланганлиги масалаларини алоҳида эътироф этмоқ керак. Ҳеч бир жамиятда аёллар хуқуқлари ва ижтимоий муҳофазаси бизнинг мамлакатимиздагидек мукаммал ва кучли ҳимоя қилинган эмас.
Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади, дейишади. Дарҳақиқат, аёл жамиятнинг етакчи кучи, у оилада маънавий муҳитнинг соғлом бўлишига замин яратади.
Бугунги кунда меҳнати,изланиши, интилиши билан мустақил юртимиз равнағига муносиб ҳисса қўшаётган, давлат ва жамият курилиши ишларида фаол иштирок қилаётган хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бормокда. Сўнгги йилларда эса оналик, бекалик бахтини давлат иши билан бойитаётган аёлларимиз ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатлари ҳимоясига йўналтирилган қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши ва жорий этилиши жамият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатди.
1995 йил 31 августда давлатимиз Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциясини ратификация қилиши хотин-қизлар масаласи кенг қамровли, жамият тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатди.
Шунингдек, Ўзбекистонни минг йиллик ривожлантириш мақсадлари дастурида гендер масаласи, яъни эркаклар ва хотин-қизлар ривожланишида мувозанатни сақлаш тушунчаси муҳим ўрин тутди.
Гендер тенглигига эришиш хотин-қизлар мавқенинг кучайиши, болалар ўлимининг камайиши, оналар соғлигини мустаҳкамлаш, оилаларнинг мустаҳкамлигига, жамият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Гендер тенглик, яъни эркак ва аёл тенг ҳуқуқлиги мувозанати бузилган мамлакатда ўз-ўзидан тинчликка, тараққиётга путур етади.
Юртимизда амалга оширилган гендер тенглик бўйича ислоҳотларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш тараққиётнинг энг устувор йўналиши эканлиги эътироф этилган. Охирги етти йил ичида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи ўттиздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистонда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ги , “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунларнинг қабул қилиниши, шунингдек, 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг амалга оширилаётгани республикамизда гендер сиёсатининг энг диққатга сазовор томонларидир.
Мамлакатда бораётган ҳуқуқий ўзгаришларнинг бир қисми сифатида умумий инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш учун Олий Мажлис қошидаги Омбудсман институти каби янги механизм жорий этилиши ҳамда Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмитанинг ташкил қилиниши бу борада етакчи қадамлардан бўлди. Ушбу қўмита аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланмоқда.
Миллий қонунчилигимизнинг халқаро андозаларга мослашуви олий органларда хотин-қизларнинг иштироки 30 фоиз квота белгилаб берилганида яна бир бор тасдиғини топди. Жаҳон тажрибаларидан келиб чиқиб, бугун ҳукуматимизнинг олий органларида аёллар иштироки бошқа кўпгина ривожланган давлатларга қараганда анча юқори эканлигини кўриш мумкин.
Рақамларга эътибор берайлик, Ривожланган давлатлардан Россияда бу кўрсаткич 8-10 фоизни, Қозоғистонда 11-12, Польшада 18-23, Покистонда 17-18 фоизни ташкил қилади. Дунё мамлакатлари орасида Швецарияда бу кўрсаткич 48 фоизни ташкил қилиши билан энг юқори ўринда туради. Республикамизда бундан олдинги сайловда аёлларнинг парламентдаги иштироки 18 фоизни ташкил қилган бўлса, кейинги сайловларда 22 фоизга тенг бўлди. Демак жаҳон миқёсида хотин-қизларнинг ҳукумат олий органларига сайланиши ўсиб бораётганини кузатиш мумкин.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Хотин-қизлар, оила ва гендер комиссияси, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Етакчи аёллар мулоқоти ташкил қилинди. Яқинда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Етакчи аёллар мулоқоти платформасининг очилиш маросими ўтказилди. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан аёллар иштирок қилишди ҳамда ўз тақдимотларини ўтказишга муяссар бўлишди.
Ўзбекистон Етакчи аёллар мулоқоти платформасининг асосий мақсади хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш, раҳбар аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг етакчилик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда қизларни раҳбарликка тайёрлашдан иборат. Мазкур платформа, шунингдек, мамлакатдаги гендер тенглик муаммоларини бартараф қилиш учун мамлакатнинг 14 та ҳудудидаги турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган аёлларни бирлаштиришни назарда тутади. Платформа бешта йўналиш- тадбиркорлик, илм-фан, ахборот технологиялари, спорт, оммавий ахборот воситалари соҳаларида муаммоларни аниқлаш, хотин-қизларнинг ҳолатини тубдан яхшилашга кўмаклашиш мақсадида давлат органлари учун ҳаракат режалари, тавсиялар ишлаб чиқади ва тақдим этади.
Маълумки, кейинги йилларда давлатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир нечта йўналишларда олиб борилмоқда. Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, хотин-қизларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини ривожлантириш, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш шулар жумласига киради.
Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”, деган эътирофларини келтириб ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши-Танзила Норбоеванинг сайланганлиги ҳам фикримизни тўла исботлайди.
Мамлакатимизда ташкил этилган барча институционал механизмлар, яъни аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши муҳим аҳамият касб қилди. Таъбир жоиз бўлса, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар гендер сиёсати соҳасида муҳим қадам бўлди.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун кучли ҳуқуқий асос бўлди. Аёлларимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда тўлиқ ва самарали иштирок этишида мазкур қонунларнинг аҳамияти ниҳоятга катта.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.